СУДЬЯЛАР «ИБРАТЛИ СУДЬЯ» МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6127 сонли фармони билан судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, «Ибратли судья» мукофотини, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишони жорий этилди.
Бу ҳақда Жиззах вилоят судининг Ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур Фармон ижросидан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши томонидан “Судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизими» яратилди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 12 июлдаги Низомида рейтинг мезонлари орқали энг яхши деб топилган судьялар йил якунида “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиши кўрсатилган.
Тақдирлаш маросими Судьялар олий кенгаши томонидан онлайн шаклда тантанали равишда ўтказилди.
Рейтинг профессионализм, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, мурожаатлар билан ишлаш, билим даражаси, қабул қилинган суд қарорларининг сифати каби мезонлар асосидаги тўплаган баллари ҳисобидан шакллантирилади.
Мукофотга номзодларни саралаш сарҳисоби натижаларидан келиб чиқиб, суд тизимида фаолият юритаётган 16 нафар судьялар “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди.
Тақдирланганлар орасида жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди раиси Эрназаров Максуд Маматкулович ҳам борлиги барча ҳамкасблари, қолаверса устозларига шарафли ҳамда фахрли саналади.
Тадбир сўнггида, Кенгаш раиси Холмўмин Ёдгоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Судьялар ассоциацияси раиси тақдирланганларни қутлаб, яна бир қатор йўналишлар бўйича барча судьяларга шу каби шарафли мақом насиб этишини таъкидлаб ўтди.