

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг суд ҳокимияти мустақиллиги, холислиги ва профессионализмини ошириш, уларга ҳар қандай ноқонуний таъсирларни чеклаш бўйича ташаббуслари одил судлов сифатини сезиларли даражада яхшилади.
Биргина оқлов ҳукмларини бу борадаги энг яхши мисол бўла олади. Хусусан, 2017 йилгача бўлган 26 йиллик даврда атиги 100 тадан ортиқ оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, ундан кейинги 8 йил ичида эса бу кўрсаткич 6 700 тани ташкил этди. Оқлов ҳукмлари чиқарилиши салкам 50 бараварга кўпайганлигини кўришимиз мумкин.
Жиззах вилоят судлари мисолида айтадиган бўлсак, биргина 2024 йилда иқтисодий судлар томонидан 2.255 нафар тадбиркорларни фойдасига 523 млр. сўмдан ортиқ маблағлар ундирилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тиклаб берилди.
Шунингдек, маъмурий судларнинг ташкил этилгани ҳамда жорий йилда тергов судьялари ўз иш фаолиятини бошлаганлиги, суд тизими рақамлаштирилганлиги ҳам минглаб фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ-манфаатларини тиклашга, уларнинг оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда судьялар мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари, одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга ҳамда коррупцияни олдини олиш чораларига доимий эътибор қаратиб келинаётганлиги жамиятда қонунийлик ва адолатни таъминлашда асосий мезон ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашининг коррупцияни олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишида таъкидлаганидек, ислоҳотларга энг катта тўсиқ ва ғов – бу Коррупциядир.
Барча соҳалар каби суд тизимида ҳам улкан ислоҳотлар даври кетмоқда экан, шундай даврда биз судьялар ҳам коррупцияга муросасиз бўлишимиш, нафақат ўз фаолиятимизда, балки бутун бир жамиятда коррупцияга қарши курашишда ҳамда унинг олдини олишда катта масъулиятни зиммамизга олишимиз зарур бўлади.
Шунингдек, Президентимиз суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида эканлигини, судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш деб баҳоланишини таъкидлаганликлари биз судьяларга катта масъулиятни юклайди.
Юқоридаги йиғилишда Давлат раҳбари барча соҳаларда коррупцияга қарши кураш бўйича вазифаларни ва уларни ҳал этиш йўлларини ҳам аниқ белгилаб берди.
Жиззах вилоятида ҳам бу топшириқларни сўзсиз бажариш учун амалий ишларни бошлаганмиз. Хусусан коррупцион жиноятлар келиб чиқишининг туб сабаб ва омилларни аниқлаш учун чуқур таҳлилга асосланган умумлаштириш ўтказмоқдамиз. Умумлаштиришни вилоят суди раёсатида муҳокама этган ҳолда, коррупцион ҳолатлар юз берган соҳаларда судьялар билан биргаликда профилактик нуқтаи назардан семинарларни ўтказишни ҳамда Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳудудий кенгашга тегишли ахборотларни киритиб боришни режалаштириб олдик. Қисқа қилиб айтганда, биз судьялар ҳам жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши манзилли курашиш борасида қўл қовуштириб ўтиришга ҳаққимиз йўқ.
Жиззах вилоят суди раиси
А.Шукуров

Бугун Жиззах вилоят ҳокимлиги биносида судьялар ва ҳокимлик ходимлари иштирокида оилавий ажримларни олдини олишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди
Мазкур тадбир жараёнида Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Н.Расулов ва Жиззах вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Г.Нормуродовалар томонидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Шунингдек, маҳаллаларда оилавий ажримларни олдини олиш, судда низолашаётган тарафларни муросага келтириш юзасидан ҳар ойда туман ва шаҳарларда ўтказиладиган яраштирув тадбирлар графиги ҳам тасдиқлаб олинди.
Бундай келишувлардан асосий мақсад:
Никоҳдан ажрашиш ва эрта никоҳ қуришнинг олдини олиш ва салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича амалий чора-тадбирларни ташкил қилиш;
Оилалардаги нотинчлик ва низоларни кўриб чиқиш, уларни келтириб чиқарувчи омиллар ва оқибатларини бартараф этиш;
Оилалар (аъзоларининг) моддий таъминоти ёки биргаликдаги умумий мулки (мол-мулки)га оид низоларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик институтлари ролини ошириш;
Мамлакатимизда оила муносабатлари барқарорлиги, оилалар фаровонлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган турли Қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли орасида кенг тарғиб этишни йўлга қўйиш;
Оилавий муносабатлар барқарорлиги борасида профилактик тадбирларни амалга ошириш;
Никоҳдан ажратишга оид ишларни кўриб чиқишда фуқаролар йиғинининг Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси масъулиятини мустаҳкамлаш;
Судларда кўрилган низоли оилалар ҳақида “Хавфсиз оила” тамойили асосида маҳалла ва бошқа ваколатли органларга ўз вақтида хабар бериб боришдан иборатдир.
Тадбирда сўзга чиққан судлов ҳайъати раиси Н.Расулов, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Г.Нормуродова, судья катта ёрдамчиси И.Холматова ва бошқармаси бош юрисконсульти Р.Хакимовалар келгусида ўзаро ҳамкорликни ушбу Меморандумдан келиб чиқиб амалга ошириш, жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Жиззах вилоят суди
фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Л.Халитова



Фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунчиликда амалга оширилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардан хабардор қилиш, ўз ҳуқуқ ва қонунда кўрсатилган имтиёзлардан тўғри фойдалана билиш каби тушунчаларни ҳосил қилиш мақсадида Зарбдор туманидаги Ойбек МФЙ биносида маҳаллий аҳоли вакиллари ва фаоллар иштирокида Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси Х. Мадатов томонидан Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг мазмун-моҳияти юзасида давра суҳбати ташкил этилди.

Жумладан, Янги таҳрирда қабул қилинган Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамлиги ҳақида таъкидлади.
Хусусан, Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилган.
Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб бўлмоқда.
Тарихимизда илк бора Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланди. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланди.
Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар 3 баробар кўпайтирилганлигини таъкидласак муболаға бўлмайди.
Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланган. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда
уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланди.
Аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши мумкинлиги ҳам белгиланган. Умуман, Конституцияда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилган. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эгалигини билдиради..
Шунингдек, Ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга оширилганлиги ҳақида сўз юритди.
Давра суҳбати давомида суд раиси тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги
968-сонли Қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Бундан ташқари, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиш ҳуқуқини, шунингдек давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилаётганлиги юзасидан батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Шундан сўнг суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 29 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги 914-сонли Қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам қисқача тушунтиришлар бериб ўтилди.
Ўтказилган давра суҳбатида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига суд раиси томонидан батафсил жавоблар бериб ўтилди.


Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қонуний фаолиятларини кафолатланганлиги юзасидан фуқароларга ҳуқуқий тушунча бериш мақсадида Зарбдор тумани ОАТБ Агробанк биносида ҳудудда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда банк ва маҳаллий ҳокимият вакиллари ходимлари иштирокида Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Мадатов томонидан бир нечта масалалар юзасидан давра суҳбати ташкил этилди
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан сўз юритди.
Жумладан, ушбу Қонуннинг мақсади хўжалик шартномаси тушунчаси, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги шартномавий муносабатларнинг асосий принциплари, Хўжалик шартномаларининг субъектлари, Хўжалик шартномаси тарафларининг ҳуқуқлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Хусусан, Хўжалик шартномаси тарафларининг ҳуқуқлари:
хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш муносабати билан зарур бўлган маълумотномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;
хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан экспертларнинг ёзма хулосаларини сўраш ва олиш, мутахассислар билан маслаҳатлашиш;
давлат органлари ва бошқа органларга, мансабдор шахсларга илтимосномалар билан мурожаат этиш ҳамда шикоятлар бериш ва улардан асослантирилган ёзма жавоблар олиш;
бошқа тарафнинг иқтисодий аҳволи, нуфузи ва ишчанлик жиҳатлари хусусидаги маълумотларни тўплаш;
хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган воситалари ва усулларини қўллаш кабилар эканлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг давра суҳбати Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил
2 майдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-328-сонли Қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтирилиши билан давом эттирилди.
Жумладан, мазкур Қонунга кўра, Тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолияти эканлиги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганлиги ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, Тадбиркорлик фаолияти субъектлари (тадбиркорлик субъектлари) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардан иборат эканлиги, Давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилганлиги, қонунда назарда тутилган тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ҳақида қисқача тушунтиришлар бериб ўтди.
Шунингдек тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 26 августдаги Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятига ҳам қисқача тўхталиб ўтилиб, қонуннинг мақсад ва вазифалари ҳамда асосий тушунчалар ҳақида тадбир иштирокчиларига ҳуқуқий тушунча берилди.
Ўтказилган давра суҳбатида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига суд раиси томонидан батафсил жавоблар бериб ўтилди.
Бугун Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси томонидан Зарбдор туман солиқ инспекцияси биносида маҳаллий аҳоли вакиллари, солиқ инспекцияси ходимлари ҳамда ҳудудда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектларининг вакиллари иштирокида “Суд – ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида” давра суҳбати ташкил этилди.

Ўтказилган давра суҳбатида Зомин туманлараро иқтисодий суд раиси Х.Мадатов томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини йиғилиш иштирокчиларига тушунтириш берар экан, ўз сўзида юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлиги айтиб ўтди.
Шунингдек, мазкур Қонунда белгилаб берилган вақтинчалик ҳамда доимий тўловга қобилиятсизлик ҳақида тушунтиришлар берилди.
Вақтинчалик тўловга қобилиятсизлик — агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги;
доимий тўловга қобилиятсизлик эса — агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса. Шунингдек, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш ушбу Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг (органнинг) аризаси асосида қарздор юридик шахс давлат рўйхатидан ўтган жойдаги, шунингдек қарздор жисмоний шахс ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойидаги суд томонидан кўриб чиқилиши ҳақида таъкидлади.
Шу билан бирга, Қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади. Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга эканлиги ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, маърузачи томонидан тадбир иштирокчиларига 2024 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-943-сонли Қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.
Жумладан, мазкур Қонунда назарда тутилишича кейинги йилларда «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилганлиги, Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиққанлиги, бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун кулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги ҳақида умумий маълумотлар берилди.
Суд раиси йиғилиш иштирокчиларига учинчи масала юзасидан тўхталар экан, ўз сўзида корпоратив низоларни иқтисодий судларда кўрилишининг ўзига хос хусусиятлари ва аҳамиятлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Жумладан, корпоратив низолар билан боғлиқ ишлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 30-моддасида келтирилган турлари бўйича ҳакамлик судига мурожаат қилиш тўғрисидаги ҳакамлик битими мавжуд бўлса, ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилади, агар юқорида кўрсатилган битим мавжуд бўлмаса, у ҳолда иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиши юзасидан маълумотлар берилди.
Бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлар билан ўзаро ёки фуқаролар ўртасида юзага келаётган низоларни суд орқали ҳал қилиш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, корпоратив муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш алоҳида ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Жумладан,
биринчидан, иқтисодий судга даъво билан юридик шахслардан ташқари фуқаролар ҳам мурожаат қилишлари мумкин;
иккинчидан, корпоратив низо тарафлари суд буйруғи тартибида ёки ариза билан мурожаат қилишлари мумкин эмас, фақат даъво тартибида мурожаат қилишлари мумкин;
учинчидан, жамиятдан чиқариш талаби билан судга фақат жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари мурожаат қилишлари мумкин.
тўртинчидан, корпоратив низоларнинг айрим турлари учун махсус даъво муддати жорий қилинган;
бешинчидан, корпоратив низолар билан боғлиқ ишлар фақат иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади;
олтинчидан, корпоратив низолар билан боғлиқ ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
Корпоратив низоларни иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиши учун низо юридик шахс фаолиятидан келиб чиққан бўлиши талаб этилиши юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Ўтказилган давра суҳбатида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига Зомин туманлараро иқтисодий суд раиси томонидан батафсил жавоблар бериб ўтди.
Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати биносида фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро суди раиси Б. Казаков раислигида суд мажлисини олиб бориш юзасидан мастер класс ташкил этилди

Шартли равишда ташкил қилинган суд мажлисида даъвогар З.Х нинг жавобгар З.Ю ва бошқаларга нисбатан уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги фуқаролик иши кўрилиб чиқилди.
Раислик этувчи томонидан суд мажлисини олиб борилиши, шартли равишда ташкил этилган тартиббузарлик ҳолатлари, давлат ҳисобидан бепул адвокат билан таъминлаш, суд мажлисини бошқа кунга қолдириш, суд мажлисини видеотасвирга олиш ва бошқа масалалар бўйича илтимосномалар муҳокама қилинди.
Тарафларни тушунтириши, музокара сўзлари эшилиб, иш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, судья иш юзасидан айнан нега шундай қарорга келганлиги мазмун моҳиятини, суд мажлиси баённомаси билан танишиш, унга эътирозлар билдириш тартибини тарафларга тушунтирилди.
Якунида вилоят суди, туманлараро, туман судлари судьялари томонидан суд мажлисини олиб боришда раислик этувчи томонидан йўл қўйилган камчиликлар айтилиб, муҳокама қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, бундай машғулотлар одил судловни самарали амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш, илк бор тайинланган судьяларда суд мажлисини ўтказиш тартиби бўйича тушунча ва тасаввурларни янада мустаҳкамлаш, суд мажлисини процессуал қонунлар асосида ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.
Жиззах вилоят суди раиси ўринбосари
Н. Расулов

Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг очиқ маълумотларига кўра, дунё миқёсида тахминан 750 миллион аёл ва қиз 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиққан. 18 та давлатда эр ўз хотинига ишлашни расман тақиқлаши мумкин, 39 давлатда ўғил ва қизлар мерос бўйича турли ҳуқуқларга эга,
49 давлатда эса оиладаги зўравонликни тақиқловчи қонунлар мавжуд эмас. Ҳар бешинчи аёл, шу жумладан 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларнинг 19 фоизи 12 ойлик муддат ичида яқин шериклари томонидан жисмоний ёки жинсий зўравонликка дучор бўлганини айтган. Аёлларнинг мамлакатлар сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишига қарамасдан, бугунги кунда аёллар штат парламентларидаги ўринларнинг 23,7 фоизини ташкил этади, бу ҳали гендер паритети тамойилига жавоб бермайди. 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларнинг ярмидан кўпи (52 фоиз) никоҳда бўлган ёки никоҳдан ташқари никоҳда бўлган аёлларнинг розилиги билан жинсий алоқада бўлиш, контрацептив воситалардан фойдаланиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш тўғрисида ўзлари қарор қабул қилишади. Ер ҳуқуқига эга аёлларнинг улуши жаҳон миқёсида атиги 13 фоизни ташкил этади. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатлари гендер тенглигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобини юритади. 46 мамлакатда парламентнинг камида битта палатасида аёллар улуши 30 фоизни ташкил қилади. Ривожланаётган ҳудудлардаги мамлакатларнинг деярли учдан икки қисми бошланғич таълимда гендер мувозанатига эришган.
Хўш, Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашиш борасида нима ишлар амалга оширилмоқда?
Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли «Инсон қадри учун» тамойили асосида зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда.бу борада қонунларимиз такомиллаштирилди, жазо чоралари қатъийлаштирилди.
Сенат раисимиз Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра: “Бутун жамиятимиз зўравонликка қарши курашиш учун ягона кучга айланиши керак. Бефарқ бўлмаслик, зўравонлик аниқланиши ва тўхтатилиши учун барча имкониятларни ишга солиш орқали барбод бўлган тақдирлар, йўқолган умидларга нажот беришимиз мумкин”.
2023 йил апрелда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонунни имзолаган эди.
Қонунга мувофиқ, эндиликда хотинини сўккан, таҳқирлаган, қўрқитган эркаклар бунинг учун жавобгарликка тортилади. Ўз турмуш ўртоғига оғир жароҳат етказиш эса 12 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлади. Бировга шилқимлик қилиш, ортидан эргашиб таъқиб қилиш, тинмай телефон қилиш ва шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун ҳам жавобгарлик киритилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор ҳисобланади, кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оиланинг ўрни эса беқиёсдир.
Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Конституциянинг 26-моддасида эса, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, оилавий зўравонликка қарши кураш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.
Оиладаги зўравонликнинг асосий қурбонлари бўлган аёллар ва болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик нималарда намоён бўлади? Кўпчилик зўравонлар оиладаги ҳукмронликларини кучайтириш мақсадида қандай усуллардан фойдаланади? Бу асосан таҳдид кўринишида намоён бўлади. Таҳдидлар эса қуйидагича бўлиши мумкин: моддий таъминламаслик, яъни пул бермаслик (моддий таъминламаслик), уйдан ҳайдаш, болаларини олиб қўйиш ёки уларни кўриш имкониятидан маҳрум қилиш билан қўрқитиш, баданига шикаст етказиш ёки ўлдириш билан қўрқитиш ва ҳоказо. Зўравонлар таҳдидлар билан бир қаторда қуйидаги ҳаракатлар орқали ҳам ўзларининг ҳукмронлигини намойиш қилишга уринишлари мумкин: телефонини олиб қўйиш, кийимларини йиртиш ёки шахсий буюмларини синдириш, уйга қамаб қўйиш, муштини кўрсатиш орқали қўрқитиш ва ҳоказо.
Аммо зўравонлик билан бир қаторда тазйиққа учраётган хотин- қизлар ҳам йўқ эмас.
Бунинг учун тазйиқ нима эканлигини тушунишимиз керак.
Тазйиқ — содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги Қонунида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари белгиланган.
Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;
- махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;
- ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;
- содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.
- Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Шу сабабли барчамиз тазйиқ ва зўравонликка курашиш борасида бефарқ бўлмаслигимиз ва тоқатсиз бўлишимиз лозим.
Жиззах вилоят судининг
фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Луиза Халитова

Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз
Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.
Ҳозирда, коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этишда кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, унга танқидий ёндошган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш лозим бўлади.
Маълумки, коррупция ўзига тамагирликни қамраб олган ҳолда жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократияни емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун улкан хавф туғдиради.
Этимологик жиҳатдан “коррупция” – лотинча “corruptio”, яъни “бузиш, сотиб олиш, пора эвазига оғдириш” деган маъноларни англатади. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш демакдир.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.
Намозбой Мухтаров
Жиззах вилоят судининг бош консультанти

Оилавий зўравонлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Оила жамиятнинг бўғини ҳисобланади. Бироқ, оилада айрим ҳолларда аёл-қизларни тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳолатлари кузатилмоқда. Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, уларни тўлақонли равишда ҳар бир жабҳада фаол бўлишларини таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги 561-сонли қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш;
хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;
тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:
Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган учун жавобгарлик белгиланди.
Мазкур жиноят базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотишга ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқишига ёки унинг функциялари тамоман йўқолишига, руҳий ҳолатнинг бузилишига ёки соғлиқнинг бошқача тарзда ёмонлашувига, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг йўқолишига ёки ҳомиланинг тушишига ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса,
беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, юқоридаги ҳаракатлар икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 97 ва (ёки) 104-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса — ўн йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Намозбой Мухтаров
Жиззах вилоят судининг
бош консультанти
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Jizzax viloyat sudi