Зарбдор туманида сайёр қабул ўтказилди

Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани ҳудудида ўтказилган сайёр қабулда Жиззах вилоят суди раиси ўринбосарлари Р.Орзиқулов ва Ж.Қаххаров, фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди раиси Дж.Эсанов, Зомин туманлараро иқтисодий раиси Ш.Бегматовлар томонидан 32 та фуқаролар қабул қилинди.

Шундан 27 та фуқаронинг оғзаки мурожаати, 5 та фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.
Жами 32 та мурожаатлардан 27 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 5 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.

Жиззахда онаси иш жойида вафот этган йигитга нафақа пули ундириб берилди

Даъвогар Олимов Карим (исми шарифи ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида, унинг онаси Қобилова Раъно Дўстлик туман мактабгача таълим бўлимининг 2020 йил 16 март куни 10-сонли меҳнат шартномаси ва 2020 йил 16 март кунги № 26-сонли буйруғига асосан методист вазифасига ишга қабул қилинганлигини, 2021 йил 20 июл куни онаси Қобилова Раъно иш вақтида саломатлиги яхши бўлмаганлиги сабабли иш жойида вафот этганлигини, бу ҳақда 2021 йил 20 ноябрда Дўстлик туман мактабгача таълим бўлими ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва саломатликка бошқа хил зарар етказилиши тўғрисидаги Н-1 шаклида далолатнома хамда № 26-сонли буйруғи қабул қилинган, буйруқга кўра боқувчисини йўқотганлиги бўйича етказилган зарар тўловини олиш хуқуқига эга бўлган Олимов Каримга онаси Қобилова Раъно учун етказилган зарар тўлови 188.879.520 сўм бир йўла нафақа тўлаш белгиланганлигини, шу сабабли суддан онаси вафот этганлиги сабабли бир йўла тўланадиган нафақа пулини ундириб беришни сўраган.

Суд мажлисида жавобгар Дўстлик туман мактабгача таълим бўлими ишончли вакили С.Комилова даъво аризани қисман тан олишини, лекин бу нафақа тўловини дастлаб суғурта тўлаб бериши кераклигини шу сабабли даъво аризани қонуний кўриб чиқишни сўради.

 

Суд мажлисида манфаатдор шахс Жиззах вилоят мактабгача таълим бошқармаси ишончли вакили М.Латипов даъво аризани қисман тан олишини, лекин бу нафақа тўловини дастлаб суғурта тўлаб бериши кераклигини, сабаби суғурта билан шартнома мавжудлигини шу сабабли даъво аризани қонуний кўриб чиқишни сўради.

Суд мажлисида сўралган учинчи шахс Ўзбекинвест ЭИСК Жиззах вилоят филиали ишончли вакили М.Турдиев даъво аризаси бўйича уларга нисбатан даъво талаби йўқлигини, суғурта ҳодисаси бўлмаганлигини, бу холати бўйича 07.06.2022 йилдаги 6-сонли қарори билан рад этилганлигини, шу сабабли қонуний кўриб чиқишни сўради.

Суд якуни бўйича даъвогар Олимов Каримнинг жавобгар Дўстлик туман мактабгача таълим бўлимига нисбатан “нафақа пулини ундириш ҳақида”ги даъвоси қаноатлантирилиб, жавобгар Дўстлик туман мактабгача таълим бўлими ҳисобидан Олимов Карим фойдасига 188.879.520 сўм нафақа пули ҳамда 21.000 сўм почта харажати ундириш белгиланди.

 

Фахриддин Ибодуллаев

фуқаролик ишлари бўйича

Дўстлик туманлараро суди судьяси

Жиззахда ОИТСга чалинганини била туриб, бошқа эркаклар билан жинсий алоқа қилган аёлга ҳукм ўқилди

Светлана Иванова (Исми шарифи ўзгартирилган) 2018 йил 6 январдан буён Жиззах вилоят ОИТСга қарши кураш диспансери назорати остида туриб, бошқа шахсни ОИВ касаллигини юқтириш хавфи остида қолдирмаслик тўғрисида огоҳлантирилган бўлсада, 2022 йил май ойи охирларида Шароф Рашидов тумани, Қахрамон маҳалласида жойлашган газ қуйиш шахобчасининг орқа томонида Қаюмов Қилич ва Хасанов Холбўталар билан ҳимоя воситасисиз жинсий алоқада бўлиб, уларга ўзининг ОИВ/ОИТС касаллигини юқтирганлиги ҳақида маълум қилмасдан, била туриб, ушбу касалликни юқтириш хавфи остида қолдириб, жинсий алоқада бўлган.

Бундан ташқари, С.Иванова 2022 йил июнь ойи бошларида Шароф Рашидов тумани, Тошкентлик маҳалласи ҳудудидаги дала ер майдонларида Қаюмов Қилич билан ҳимоя воситасисиз жинсий алоқада бўлиб, унга ўзининг ОИВ/ОИТС касаллигини юқтирганлиги ҳақида маълум қилмасдан, била туриб, ушбу касалликни юқтириш хавфи остида қолдириб, жинсий алоқада бўлган.

 

Суд мажлисида С.Иванова ўз айбига иқрорлик билдирмасада, унинг айби жабрланувчилар, гувоҳларларнинг кўрсатувлари, шунингдек, жиноят ишда мавжуд жиноят ишидаги С.Ивановага ЖКнинг
113-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тушунтирилганлиги ҳақидаги маълумотнома, С.Ивановада ўтказилган эпидемиологик суриштирув ва текширувлар хулосаси, жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг 2022 йил 29 июндаги С.Ивановани МЖтКнинг 190-моддаси билан ҳуқуқбузар деб топилганлиги ҳақидаги қарор нусхаси, сўроқ баённомалари, тушунтириш хатлари, юзлаштириш баённомалари ҳамда жиноят ишида тўпланган ва баҳоланган бошқа далиллар билан ўз исботини топди.

 

Суд ҳукм қилди

С.Ивановага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддаси 4-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди.

Зокир Худайбердиев,

Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг раиси

Жиззахда ўғриликни касб қилиб олган шахсга суд ҳукми ўқилди

Ж.Нуримов (исми-шарифи ўзгартирилган) 2022 йил 28 июндан  29 июнга ўтар кечаси соат тахминан 23:00 ларда ўзганинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида, Шароф Рашидов тумани ҳудудида яшовчи Нўмонов Шукуруллонинг яшаш хонадонига кириб, ҳовлисида турган “Дамас” русумли 20О800НА давлат рақамли автомашинанинг, бозор нарҳи 500.000 сўм бўлган бир дона “Whistler 338RU” номли антирадар, бозор нарҳи 550.000 сўм бўлган бир дона “A9 Wi-Fi Mini Camera” видеоёзувга олиш аппарати ва 4.800.000 сўм пулларни ўғирлаб олиб чиқиб, бир дона “Whistler 338RU” номли антирадарни фуқаро Орзиқулов Дилмуроджон Муртозоқуловичга сотиш учун бериб юборганлиги аниқланган.

Ж.Нуримовнинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув давомида, бир дона “A9 Wi-Fi Mini Camera” видеоёзувга олиш аппарати ҳужжатлаштириб олинган.

Бундан ташқари, Ж.Нуримов такроран, жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йил 29 июнь куни соат тахминан 01:00 ларда ўзганинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида, Шароф Рашидов тумани, Хавастлик МФЙда яшовчи Бахтиева Фариданинг яшаш хонадонига кириб, ётоқ жойида турган 2.056.000 сўм пул ва бозор нарҳи 80.000 сўм бўлган бир дона “NOKIA” русумли телефон аппарати ва бозор нарҳи 45.000 сўм бўлган бир дона қизлар сумкасини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Шунингдек, Ж.Нуримов такроран, жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йил 29 июнь куни соат тахминан 01:30 ларда ўзганинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида, Шароф Рашидов тумани, Хавастлик МФЙда яшовчи Алибеков Болининг яшаш хонадонига кириб, ҳовлисида турган бозор нарҳи 550.000 сўм бўлган бир дона “SAMSUNG А3” ва бозор нарҳи 600.000 сўм бўлган бир дона “LG” русумли телефон аппаратларини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, Ж.Нуримов такроран, жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йил 29 июнь куни соат тахминан 02:00 ларда ўзганинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида, Шароф Рашидов тумани, Хавастлик МФЙ, Мустақиллик кўчаси рақамсиз уйда яшовчи Ўлмасова Мадинанинг яшаш хонадонига кириб, ҳовлисида турган бозор нарҳи 400.000 сўм бўлган бир дона “ARTEL” ва бозор нарҳи 85.000 сўм бўлган бир дона “SICCO” русумли телефон аппаратларини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Судланувчи Ж.Нуримов ўғирлаган телефон аппаратларини Жиззах шаҳри ҳудудига олиб бориб, фуқаро Зухуров Авазга жиноий йўл билан топилганлигини айтмасдан 300.000 сўмга сотиб юбориб, ушбу пулларни ўзининг шахсий эхтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Ж,Норқулов такроран, жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йил 29 июнь куни соат тахминан 02:30 ларда ўзганинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида, Шароф Рашидов тумани, Хавастлик МФЙ, Мустақиллик кўчаси рақамсиз уйда яшовчи Юсупова Холибувининг яшаш хонадонига кириб, уйнинг ер тўласида бўлган бозор нарҳи 190.000 сўм бўлган бир дона пайвандлаш аппаратини яширин равишда ўғирлаб олиб чиқиб, уни дастлабки терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб юборганлиги аниқланган.

Суд мажлисида Ж.Норқулов ўз айибга айбига қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароити оғирлигини, оиласида ягона боқувчи эканлигини, ёшини, етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини, жабрланувчиларнинг унга нисбатан даъвоси йўқлигини  инобатга олиб,  унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

Суд ҳукм қилди

 

Ж.Норқуловга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси
3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Низомиддин Эрназаров

Жиззах вилоят судининг судьяси

ИЛЛАТГА ҚАРШИ КУРАШИШ БАРЧАНИНГ БУРЧИ

Коррупция давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир, десак, янгилишмаган бўламиз. Агар коррупция ҳақида соддароқ айтадиган бўлсак, у давлат идораларида ишловчи шахсларнинг ўз амалидан фойдаланиб, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари, пора эвазига сотилишлари ёки сотиб олинишлари, ноқонуний моддий ёки номоддий бойлик орттиришлари демакдир.

 

Сўнгги беш йилда мамлакатимизда аввалги йилларга қараганда коррупцияга қарши кураш доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 2017 йил 4 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг янги босқичини бошлаб берди.

Хусусан, мазкур қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг тасдиқланиши юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни самарали амалга оширилишини таъминлади.

Мисол учун, қисқа вақт ичида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бешта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2019 йил 27 майда имзолаган «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-5729 – сонли Фармони ҳам коррупцияга қарши курашиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад юртимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахс ларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилишдир.

Шунингдек, ушбу фармонга кўра, бундан кейин идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни тагтомири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланадиган бўлди.

Ҳа, мақсадимиз иқтисодиётимизни янада жадал юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш экан, коррупцияга қарши кураш йўлида барчамиз бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлишимиз керак. Шу билан бирга суд-прокуратура идоралари вакиллари томонидан коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар тўғрисида ва ушбу жиноятга қўл урган шахсларнинг суд ҳукмига асосан қай тартибда жазоланганлиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритишга эътибор қаратишлари керак.

 

 

Жиззах вилоят судининг судьяси                                      Ш. Муллажанов

Перейти к содержимому