ОИЛА ЖАМИЯТНИНГ АСОСИЙ БЎҒИНИДИР
Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади.
Жамиятимизда оилаларнинг ўзаро ажрашиб кетиши жиддий муаммолардан бирига айланаётганлиги кўп марта таъкидланмоқда. Аслида оила нима, унинг жамиятдаги роли қандай бу масала асрлар давомида ўрганилиб, жавоб беришга харакат қилинган саволлардан бири ҳисоланади.
Юридик энциклопедияда берилган тарифга кўра оила-бу, эр-хотин, ота-оналар, фарзандлар, фарзандликка олинган шахсларнинг ўзаро хурмат, ғамхўрлик, ҳамжиҳатлиги асосида жамоа бўлиб яшовчи шахслар иттифоқидир. (Тошкент, “Адолат” 2010 йил).
Юқоридаги тарифнинг ўзиёқ оиланинг жамият ҳаётидаги роли нечоғлик эканлигини исботлайди. Оиланинг ибтидоси икки ёш (йигит ва қиз)нинг никоҳга киришишидан бошланса, интихоси тарафлардан бирининг вафоти ёки никоҳдан ажрашиши билан бўлади.
Оиладаги муносабатларга, ҳар бир оила аъзоларининг ўзаро ҳуқуқ ва бурчларига етарли даражада этибор берилмаслиги аста-секинлик билан оилавий муносабатларнинг зарарланиши, охир оқибатда нураб нотинч оилаларнинг вужудга келишига сабаб бўлади.
Оилаларнинг бузилишига олиб келадига асосий сабаблардан бири, тарафларнинг ўзаро характерлари бир-бирига тўғри келмаслиги ҳисобланиб, мазкур холат тарафларнинг бир-бирини яхши билмасдан, танимасдан, кимларнингдир аралашуви ёки тавсияси асида турмуш қуришлари оқибатида вужудга келади. Ёки хар икки тараф бир-бирини яхши таниса-да, ота-оналарнинг қариндошлик муносабатлари ёки ўзаро яқинликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ истакларини амалга ошириш учун фарзандларига таъсир ўтказишлари оқибатида никоҳ тузилади. Ҳар иккала холатда ҳам оилавий муносабатларнинг мустахкам бўлмаган асосларга қурилганлиги, кейинчалик оиланинг бузилиб кетиши эҳтимолини оширади. Амалиётда учраган ҳолатлардан бирида, йигит ва қиз оналарининг яқин дугона эканликлари, уларнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлаш истаклари таъсирида оила қурган. Йигит шарқ маданияти таъсири кучли муҳитда, қиз эса ғарб маданияти таъсири кучли бўлган оилада тарбияланган, оилани сақлаб қолиш учун қилинган ҳаракатларга қарамасдан, тарафларнинг ҳарактерлари ва дунёқарашлари бир-бирига мос бўлмаганлиги сабабли оилани тиклаш имкони бўлмаган. Натижада, бир нафар норасида боланинг тўлиқ бўлмаган оилада тарбияланишига, унинг ота-она меҳридан етарлича баҳраманд бўлмаслигига олиб келган.
Оилага учинчи шахсларнинг аралашуви масласи ҳам ҳозирги кунда оилани мустаҳкамлаш йўлидаги жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Аксар ҳолатларда ёш келин ёки куёвлар бир-бирларини яхши кўришларини лекин, ота-онаси билан чиқиша олмаётганликларини, ёки қудаларнинг ўзаро келиша олмасдан қолганликларини сабаб қилиб никоҳдан ажратишни талаб қилишади. Янги оила шаклланиши унинг ҳаётда ўз ўрнини топиб олишигача бўлган жараёнда, нафақат келин-куёвлар балки уларнинг ота-оналаридан ҳам сабрли бўлиш талаб этилади. Хар бир ота-она (қайнота-қайнона), келини (куёви)га муносабатда ўзларининг ҳам фарзандлари келин (куёв), эканлигини, хар бир ёш ўзининг ҳам ота-онасига кимдир келин (куёв) эканлигини ёдда тутган ҳолда ўзаро муносабатда бўлсалар ҳаммаси ўз изига тушиб кетган бўлар эди.
Юқоридаги каби сабаблар билан оилаларнинг бузилишини олдини олиш мақсадида жойлардаги ўзини-ўзи бошқариш органларидаги тузилган комиссиялар фаолиятини янада жонлантириш, хар бир оилага шунчаки эмас, менинг маҳаллам, менинг оилам деб қараш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шерзод Таджиев,
Фарғона вилоят суди судьяси