Талончилик жинояти тушунчаси ва унинг салбий оқибатлари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддасига биноан, хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратади. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мол-мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Талон-тарож қилиш-бу бировнинг мулкини ўзининг ёки бошқа шахсларнинг фойдаси учун, мулкдорга ёки ушбу мулкнинг бошқа эгасига зарар келтириб, қонунга хилоф равишда, бепул олиб қўйишда ифодаланади.

Талон-тарож қилиш объекти иқтисодий ва ҳуқуқий категория сифатидаги мулкдир.

Мулк-бу мулкнинг эгаси билан жамиятнинг бошқа аъзолари (мулкдор бўлмаган) ўртасида мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича юзасига келадиган ҳуқуқий муносабатлардир.

Ўзбекистон Республикасининг жиноят қонунчилиги талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноятларга жавобгарликни белгилашда уни қайси усулда содир этганлигига кўра ажратади.

Жиноят кодексида талон-тарож қилишнинг қуйидаги шакллари кўзда тутилган:

-босқинчилик (ЖКнинг 164-моддаси), товламачилик (ЖКнинг
165-моддаси), талончилик (ЖКнинг 166-моддаси), ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш (ЖКнинг 167-моддаси), фирибгарлик (ЖКнинг 168-моддаси),  ўғирлик (ЖКнинг 169-моддаси).

Шу ўринда талончилик жиноятига тўхталиб ўтамиз.

ТТалончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Талончилик:

а) ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб;

б) анча миқдорда;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Талончилик:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) уй-жойга, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб;

в) кўп миқдорда содир этилган бўлса, — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Талончилик:

а) жуда кўп миқдорда;

б) ўта хавфли рецидивист томонидан;

в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Талончилик ўзгалар мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш деб белгиланади. Айбдор, жабрланувчи ва бошқаларнинг кўз олдида ўзганинг мулкини эгаллаб олаётганлигини ва улар унинг ҳаракатларининг жиноий хусусиятини тушунганлигини англаганда, ўзганинг мулкини ошкора талон-торож қилиш талончилик ҳисобланади.

Талончиликнинг объектив томони ўзгалар мулкини зўрлик ишлатмай ошкора эгаллаб олувчи фаол ҳаракатларда ифодаланади. Ошкора талон-торож деб тан олиш учун, биринчидан, мулкдор, мулк эгаси ёки бошқа шахслар айбдорнинг ҳаракатларини кўриб турган бўлишлари ва уларнинг жиноий хусусиятга эга эканлигини тушунишлари, иккинчидан, айбдор бу ҳолатни англаган, бироқ назар-писанд қилмаган бўлиши зарур.

Агар иштирок этувчилар талон-торож қилинганлигини сезмасалар ёхуд буюм олинганлиги фактини кўра туриб, уни қонуний ҳисобласалар ва айбдор ҳам шунга умид қилган бўлса, у ҳолда талон-торожни ошкора деб тан олиниши мумкин эмас. Иштирок этувчилардан биронтаси ўзгалар мулкини ноқонуний ўзлаштириш бўлаётганлигини, лекин айбдор бошқа шахсларга сездирмай ҳаракат қиламан деб уйлаётганлигини сезган ҳолларда ҳам талон-торожни талончилик сифатида квалификация қилиш мумкин эмас.

Яширин равишда бошланган талон-торож баъзан ўзгалар мулкини очиқдан-очиқ эгаллашга айланиб кетади. Бундай ҳоллар, мулкни эгаллаш жараёнида жиноятчини сезиб қолишганида, лекин буни тан олмай ўз ҳаракатларини давом эттириб, мулкни ошкора эгаллаб олган ҳолларда содир бўлади. Яширин равишдаги талон-торожнинг ошкор бўлиши ҳақидаги масала, ўғирлик сифатида бошланган ҳаракатлар ҳали тугалланмаган, яъни айбдор мулкни эгаллаб олмаган ва ундан фойдаланишнинг реал имкониятларини қўлга киритмаган ёки улардан ўз билганича фойдаланиб улгурмаган ҳолларда юзага келади.

Талончилик таркиби – моддийдир. Шунинг учун унинг объектив томонининг муқаррар белгиси мулкдорга ёки мулкнинг қонуний эгасига мулкни зарар етказиш шаклидаги ижтимоий хавфли оқибатлардан иборатдир. Демак, мулкни амалда эгаллаб олиш, яъни жиноятчида талон-торож қилинган нарсадан фойдаланиш ёки ундан бошқача тарзда ўз билганича фойдаланиш имконияти пайдо бўлиши вазиятидан бошлаб бу жиноят тугалланган ҳисобланади.

Айбдорнинг ноқонуний ҳаракатлари ва келиб чиққан зарарли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланишлар ҳам талончиликнинг объектив томонига киради.

Талончиликнинг субъектив томони тўғри қасдда ифодаланади. Айбдор ошкора, яъни бошқа шахсларнинг кўз ўнгида бегоналарнинг мулкига ҳақи бўлмаган ҳолда эгалик қилади, ўз ҳаракатлари билан мулкдор ёки мулкнинг қонуний эгасига мулкий зарар етказишни олдиндан билади ва шу оқибатларнинг келиб чиқишини истайди. Ғаразли мотивларга асосланиб, у ўзгалар мулки ҳисобига ноқонуний фойда олишни кўзлайди.

Талончиликнинг квалификация таркиби соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш каби ўзига хос белгини ўз ичига олади (ЖК 166-м., 2-қ., “а” банди). Бу белгини тўғри қўллаш учун учта ҳолатни ҳисобга олиш зарур. Биринчидан, Қонун амалда зўрлик ишлатилганлигинигина эмас, уни қўллаш билан таҳдид қилинганлигини ҳам назарда тутади. Бу билан руҳий зўрлик ишлатиб талончилик қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақидаги асоссиз баҳсларга чек қўйилди. Худди жисмоний зўрлик каби, жисмоний зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш орқали руҳий зўрлик ҳам талончиликнинг квалификация белгиси ҳисобланади. Иккинчидан, талончиликда зўрлик мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгасига, шунингдек реал ҳолда ёки айбдорнинг фикрича талон-торожга тўсқинлик қилувчи бошқа шахсларга нисбатан ҳам ишлатилиши мумкин. Учинчидан, ўз характери жиҳатидан ҳаёт ва соғлиқ учун хавф туғдирмайдиган зўрлик, зўрлик ишлатиш йўли билан босқинчилик қилишнинг белгиси ҳисобланади. Бундай зўрлик деганда, ҳаёт учун хавф туғдирмайдиган ва соғлиққа реал зиён етказмайдиган, жабрланувчига жисмоний азоб етказувчи уриш ёки эркинлигини чеклаб қўювчи ҳаракатлар тушунилади.

Айбдорнинг жабрланувчига эмас, унинг буюмларига нисбатан жисмоний зўрлик ишлатиб қилган ҳаракатлари зўрлик ишлатиш деб квалификация қилиниши мумкин эмас (масалан, бошдан телпакни юлиб олиш ёки қўлидан сумкани тортиб олиш).

Агар зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мулкни эгаллаш ёки уни эгаллагандан сўнг сақлаб туриш воситаси бўлиб хизмат қилган ҳоллардагина талончилик зўрлик ишлатиш йўли билан содир этилган деб ҳисобланади. Шунинг учун, талончи ўғирлик тамом бўлгандан сўнг ушлашдан қочиш сифатида амалга оширилган қўрқитиш, уни тугалланган талончиликка айлантириши мумкин эмас. Аксинча, жиноят зўрлик ишлатмасдан талончилик ёки ҳатто ўғирлик сифатида бошланса, лекин уни билиб қолишгач айбдор мулкни эгаллаш учун зўрлик ишлатса ёки уни яширин эгаллангандан кейин ушлаб туриш учун ишлатса, қилмиш зўрлик ишлатиш йўли билан талончилик қилишга айланади.

Инсонга нисбатан зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш бу талончилик турининг юридик моҳиятини ўзгартиради. Бундай ҳолларда жиноят икки объектли бўлиб қолади: мулк муносабатлари билан бирга соғлиқ, шахсий эркинликни ва бадан дахлсизлигини таъминловчи ижтимоий муносабатларга зарар етади ёки уларга бевосита хавф туғилади.

Жиноят содир этилган жойда ҳозирнинг ўзида зудлик билан эмас, балки кейинроқ, анча муддат ўтгач зўравонлик қўллаш таҳдиди товламачилик белгиси бўлиб, талончиликка кирмайди.

Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан бўладиган қўрқитиш талончилик таркибига киради ва ЖК 112-моддаси билан қўшимча баҳолашни талаб қилмайди. Агар мол-мулкни эгаллаш асносида зўравонликни қўллаш таҳдиди амалга оширилса, қилмишни етказилган тан жароҳатининг оғирлик даражасига қараб талончилик ёки босқинчилик сифатида баҳолаш лозим.

 

Н.Эрназаров,

Жиззах вилоят судининнг судьяси

 

И.Карабаев,

Жиноят ишлари бўйича

Янгиобод туман судининг раиси

ОДАМ САВДОСИ – ДАВР МУАММОСИ

Одам савдоси иллати жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган XXI асрнинг жуддий муаммоларидан биридир.
Фориш туман тиббиёт бирлашмасида жиноят ишлари бўйича туман суди билан ҳамкорликда “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Салим Ботиров сўзга чиқиб, бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, одам савдоси ва чақалоқлар савдоси бўйича Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексида белгиланган жазо чоралари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Ушбу аср муаммосига айланган жиноятни олдини олишга ҳар бир фуқаро масъул эканини таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари тадбирда одам савдоси жиноятларининг замонавий кўринишлари, бундай ҳаракатларни амалга оширишда ҳуқуқбузарлар томонидан қўлланилаётган усул ва воситалар ҳақида ҳам батафсил тушунчалар бериб ўтилди.
Давра суҳбатида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Адиба Жабборова ҳам сўзга чиқиб, одам савдоси жиноятини олдини олиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сон Фармони мазмун-моҳияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармони ижросини самарали таъминлаш мақсадида мазкур фармон жорий йилнинг 16 январь куни Президент томонидан имзоланди.

Ушбу Фармон билан Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида 2023 йил
1 сентябрга қадар “Судларда прокурор иштироки” ахборот тизими жорий этилиши белгиланди.

Шунингдек, Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг эмблемаси намунаси тасдиқланди.

Бундан ташқари, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш;

айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш;

фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш белгиланди.

Судларда кўриладиган иш ҳажмини инобатга олиб, айрим йўналишларда прокурор назорати қисқартириладиган бўлди.

Ғаллаорол туманлараро иқтисодий

судининг раиси А.Норқўзиев

Bezorilik jinoyati haqida

Bezorilik jamoat tartibiga qarshi qaratilgan jinoyat bo‘lib, jamiyatda yurish-turish qoidalarini qasddan mensimaslikda ifodalangan harakatlar shaxsni urish-do‘pposlash, unga yengil tan jarohati yetkazish yoki o‘zganing mulkiga ancha miqdorda shikast yetkazish yoxud uni ancha miqdorda nobud qilish bilan bog‘liq holda sodir etiladi.
Bir shaxs tomonidan bezorilik zamirida boshqa shaxsning badaniga yengil darajada shikast yetkazilishi bezorilik jinoyati xisoblanadi.
Bezorilik jinoyati aksariyat hollarda mastlik holatida yoki giyohvandlik vositalari, psixotrop yoxud kishining aql idrokiga ta’sir qiluvchi boshqa moddalar ta’siri ostida sodir etiladi.
Har qanday jinoyat uchun jazo muqarrardir, shu jumladan bezorilik jinoyatigahamdir. O‘zbekiston Respublikasi Jinoyat kodeksining 277-moddasida “Bezorilik” jinoyati uchun jazo choralari belgilab qo‘yilgan.
Jumladan; Bezorilik, ya’ni jamiyatda yurish-turish qoidalarini qasddan mensimaslik, urish-do‘pposlash, badanga yengil shikast yetkazish yoki o‘zganing mulkiga shikast yetkazish yoxud nobud qilish ancha zarar yetkazish bilan bog‘liq holda sodir etilsa, – bazaviy hisoblash miqdorining ellik baravaridan yuz baravarigacha miqdorda jarima yoki uch yuz soatgacha majburiy jamoat ishlari yoxud uch yilgacha axloq tuzatish ishlari bilan jazolanadi.
Bezorilik: a) badanga o‘rtacha og‘ir shikast yetkazib; b) bir guruh shaxslar tomonidan; v) sovuq qurol yoki kishining sog‘lig‘i uchun amalda shikast yetkazishi mumkin bo‘lgan narsalarni namoyish qilib, ularni qo‘llash bilan qo‘rqitib yoxud qo‘llab; g) o‘z mazmuniga ko‘ra umum e’tirof etgan axloq qoidalarini namoyishkorona mensimaslikda ifodalanuvchi o‘taketgan behayolik bilan; d) yosh bola, qariya, nogiron yoki ojiz ahvoldagi shaxslarni xo‘rlab; ye) ko‘p miqdorda zarar yetkazib, birovning mulkini nobud qilib yoki unga shikast yetkazib sodir etilgan bo‘lsa, – uch yuz soatdan uch yuz oltmish soatgacha majburiy jamoat ishlari yoki bir yildan uch yilgacha ozodlikni cheklash yoxud uch yilgacha ozodlikdan mahrum qilish bilan jazolanadi.
Bezorilik: a) takroran yoki xavfli residivist tomonidan; b) o‘qotar qurolni namoyish qilib, uni qo‘llash bilan qo‘rqitib yoki qo‘llab; v) ommaviy tadbirlar o‘tkazilayotgan vaqtda; g) jamoat tartibini saqlash vazifasini bajarib turgan hokimiyat vakili yoki jamoatchilik vakiliga yoxud bezorilik harakatlarining oldini olish chorasini ko‘rgan boshqa fuqarolarga qarshilik ko‘rsatib sodir etilgan bo‘lsa, – uch yildan besh yilgacha ozodlikni cheklash yoxud uch yildan besh yilgacha ozodlikdan mahrum qilish bilan jazolanadi.
Jinoyat uchun jazo qo‘llashdan ko‘ra uni sodir etilishini oldini olish maqsadga muvofiqdir. Buning uchun huquqni muhofaza qilish organlari va mahalla mutasaddilari hamkorlikda hududlarda fuqarolar bilan davra suhbatlari o‘tkazish, turli jinoyatchiliklarning salbiy oqibatlari haqida ma’ruzalar va videoroliklar namoyish etib borishi maqsadga muvofiqdir.


Muxammadi Jo‘rayev Muxitdinovich

Jinoyat ishlari bo‘yicha
Mirzacho‘l tuman sudining raisi

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида ишлар жиноят ишлари бўйича судлар ваколатида

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини мустаҳкамлашга доир тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда, жумладан,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2022 йил 16 декабрь кунги ЎРҚ-810 Қонун қабул қилиниб унда, бугунги кунга қадар мамлакатимизда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш орқали уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратиш мақсадида ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномалари туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилаётган эди.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш юзасидан илтимосномаларни туманлараро маъмурий судлар томонидан кўрилиши уларнинг фақат вилоят марказларида жойлашганлиги, ҳудудлар бир-биридан узоқдалиги ва ички ишлар органлари ходимлари мазкур иш билан шуғулланиши давомида ўз хизмат жойини узоқ муддат бўш қолдираётганлиги туфайли муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш амалиётини фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказиш назарда тутилган.

Ушбу Қонун билан 2022 йилнинг 16  декабрь санасидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига “ХХIII2 боб. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш” боби билан тўлдирилди.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланганда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилгандан эътиборан 48 соатда уни реабилитатсия марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитатсия марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган ердаги ёки реабилитатсия маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.

Илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судя томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилиши белгиланган.

 

 

Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов тумани

судининг раиси З.Худайбердиев

Ер учаткаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштириш тўғрисида ишлар жиноят ишлари бўйича судлар ваколатида

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуҳуҳлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини мустаҳкамлашга доир тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021-йил 16-август кунги ЎРҚ-708-сонли Қонуни қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси иккинчи-тўртинчи қисмлари, 601, 68, 681, 69-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Хусусан, 60-модданинг иккинчи қисмида “Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланганлиги учун жазо қўллашга сабаб бўлиши белгиланиб қўйилган

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддасининг иккинчи қисмидаги ҳолатлар бўлган тақдирда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга эса – эллик баравари миқдорида жарима жазосига тортиладилар.

Тўртинчи қисмида эса Ушбу модданинг иккинчи ҳисмида назарда тутилган ҳуҳуҳбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 601–моддаси Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ҳеч қандай чора кўрмаганлик ҳолатлар бўлган тақдирда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари, мансабдор шахсларга эса – эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, фуқароларда ҳуқуқий маданиятни янада ошириш мақсадида жойларда давра суҳбатлар ва тарғиботлар ўтказилиб борилиши лозим.

Қолаверса, ер тузиш лойиҳаларини белгилаш, уларнинг моҳияти, лойиҳалардан ўзбошимчалик билан четга чиқиш ҳолатлари, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш масалалари ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 68-моддасида белгилаб берилган. Унга кўра, тасдиқланган ер тузиш лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, худди шунингдек, тегишли органлар билан келишмай туриб обектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш қонун билан белгиланган ҳолда жазоланишга сабаб бўлади. яни агар юқоридагидек қонун бузилиш ҳолатлари кузатилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳуқуқий маданияти шаклланмаган баъзи бир фуқаролар ёки мансабдор шахслар худди шундай маъмурий жиноятларни яна қайта содир этишлари мумкин. Агар худди шундай ҳуқуқбузарликлар ма’мурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса Ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши қонун ҳужжатларида белгиланиб қўйилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларга яратилаётган имкониятлар кенг кўламли ислоҳотлар натижасидир. Бугун қонун ҳужжатларида ҳам фуқароларнинг ҳуқуқлари асосий йўналиш сифатида белгиланиб қўйилган. Фуқароларнинг қонунларни яхши билмасликлари натижасида турли қонун бузилиш ҳолатлари юзага келмоқда. Айниқса, кўчмас мулк ва у билан боғлиқ турли ҳолатларда фуқароларга қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етарлича тушунтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Кўчмас мулк ва у билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари ҳамда жазо чоралари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  681-моддасида батафсил тушунтириб берилган. Жумладан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланиб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 69-моддасида чегара белгиларини, геодезик пунктларни ва чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш, эгаликдаги, фойдаланишдаги ерларнинг чегара белгиларини, геодезик пунктларни ва Ўрмонлардаги чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу қонун билан 2021 йил 16 август кунидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ушбу моддаларга қўшимча ва ўзгартиришлар билан тўлдирилган.

Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов тумани

судининг раиси З.Худайбердиев

Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш юзасидан қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг моҳияти ва аҳамияти юзасидан ўқув семинари ташкил этилди

Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судининг раиси А.Норбеков раҳбарлигида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 708-сонли Қонунига асосан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтирилишини таъминлаш мақсадида туман кадастр агентлиги ва кадастр палатаси ходимлари иштирокида ўқув семинар ўтказилди.

Семинар машғулотида туман судининг раиси томонидан қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси иккинчи-тўртинчи қисмлари, 601, 68, 681, 69-моддаларига, Ўзбекистон Республикаси ЖК 1971-моддасининг биринчи қисми, 2291-моддаси, янги киритилган 2296-моддасининг мазмун ва моҳияти тушунтириб берилди.

Шунингдек иштирокчилар билан биргаликда киритилган ўзгартиришларнинг амалиётда қўлланилиши юзасидан савол ва жавоблар бўлиб ўтди.

Семинар очиқ мулоқат кўринишида ўтди.

Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш– изчил ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча жабҳадаги ислоҳотлар қонунчилигимизда ҳам бир қатор ўзгаришлар амалга ошириш вақти келганлигини кўрсатиб турибди. Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган ва тезкор суратларда ўсишда давом этаётган иқтисодиёт ҳамда барча соҳаларни қамраб олаётган рақамли технологиялар ва комуникациялар асрида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, унга зарурий ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси ва заминини яратиш заруратини туғдирқмоқда.

Мамлакатимзда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида қатор қонунлар қабул қилиниб, яна бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиб борилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 декабда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг  айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-810-сонли Қонуни билан ҳам бир қанча қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини мустаҳкамлашга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш орқали уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилган.

Бугунги кунда ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномалари туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Туманлараро маъмурий судлар фақат вилоят марказларида жойлашганлиги, ҳудудлар географик жойлашуви бўйича бир-биридан узоқда жойлашганлиги ва ички ишлар органлари ходими мазкур иш билан шуғулланиши давомида ўз хизмат жойини узоқ муддат бўш қолдираётганлиги туфайли муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш амалиётини фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўтказиш ҳамда тегишли ишларни кўриб чиқишни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Қонунда таклиф этилаётган нормалар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ қийинчиликларнинг ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қуйидаги мазмундаги ХХIII2 боб билан тўлдирилди яъни муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш  муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланган тақдирда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида уни реабилитация марказига ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ва уни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлигини тасдиқловчи материаллар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома судга ёзма шаклда берилади ва ички ишлар органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.

Ўзига нисбатан реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс ва ички ишлар органининг вакили суд мажлисида иштирок этиши шарт. Суд мажлисида адвокат иштирок этиши мумкин.

           Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

          

Жиноят ишлари бўйича

Пахтакор туман судининг раиси У.Саттаров

Қонунчиликдаги янгиликлар бўйича ҳамкорликда ўқув-семинар ўтказилди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Янгиобод туман бўлими ва туман прокуратураси ходимлари иштирокида ўқув семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августдаги «Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрнини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси иккинчи-тўртинчи қисмлари, 601, 68, 681, 69-моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди биносида ўқув-семинар машғулоти бўлиб ўтди, унда суд раиси, Янгиобод туман прокуратураси ходимлари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Янгиобод туман бўлими маъсул ходимлари иштирок этди.
Кун тартибидаги масала юзасидан жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман судининг раиси И.Карабаев маъруза қилиб, унда мазкур Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб, киритилган ўзгартиришларнинг амалиётда қўлланилиши юзасидан тушунтиришлар берди.
Йиғилиш қатнашчилари томонидан берилган саволларга атрофлича тушунчалар берилди.

Перейти к содержимому