Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармаси биносида хусусий ажрим муҳокамаси ўтказилди

Бу тадбир суд фаолиятида адолатни таъминлаш, иш самарадорлигини ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш мақсадида ташкил қилинди. Тадбирда судлар томонидан қабул қилинган тақдимнома ва хусусий ажримларнинг таъсирчанлигини кучайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтиш жоизки, Муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий кенгашнинг ҳисобот йиғилишида ҳам судлар фаолиятида шаффофликни таъминлаш масаласи алоҳида қайд этилган, шунингдек, судлар томонидан чиқарилган тақдимнома ва хусусий ажримларнинг самарадорлиги янада оширилиши муҳимлиги айтиб ўтилган.

Тадбирда олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво юзасидан чиқарилган хусусий ажрим муҳокама қилинди. Судьялар ишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ва камчиликларини атрофлича тушунтирдилар.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга судьялардан батафсил жавоб олишди.

Бу каби тадбирлар суд қарорларининг самарадорлигини таъминлашда ҳамда келгусида хато ва камчиликларга йўл қўймаслигида муҳим аҳамиятга эгадир.

Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси Х. Мадатов томонидан Зарбдор туман ҳокимлигида тадбиркорлик субъектлари иштирокида тарғибот тадбири ўтказилди

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ–140-сонли фармони ҳамда унда белгиланган судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.

 

Шунингдек, маърузачи томонидан 2025 йил 26 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1084-сонли Қонун мазмун-моҳияти ҳам ёритилди. Унда ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш тартиби назарда тутилгани таъкидлаб ўтилди.

 

Тадбир якунида иштирокчиларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди ташаббуси билан Зомин туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли мактаблар директорлари ва директор ўринбосарлари иштирокида “Коррупцияга қарши кураш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт шароитларни бартараф этиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди

Учрашув давомида таълим тизими вакиллари мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотларнинг натижаси, бу борадаги қонунчиликда ўзгаришлар, коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чоралари ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари учрашув иштирокчиларига меҳнат низолари ва иш ҳақи ундириш хусусида ва меҳнат низоларининг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитлари мавзусида ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди.
Судья томонидан таълим тизими вакилларининг ҳуқуқий мавзудаги ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди.

Жиззах вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Жиззах вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мажлислар залида суд томонидан чиқарилган хусусий ажримларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш ташкил этилди

Тадбирда вилоят суди судьялари, Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Олимпия ва паралимпия маркази масъул ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда асосий эътибор Соғлиқни сақлаш тизимидаги оилавий поликлиникалар томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштириш ва уларни юритиш жараёнида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлигига қаратилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 20 мартдаги 25-сон буйруғи билан тасдиқланган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га мувофиқ, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки маълумотномаси беморни шифокор шахсан кўрикдан ўтказгандан сўнг ва меҳнатга лаёқатсизлик аниқланганда берилиши лозим. Ташхис клиник маълумотлар ҳамда лаборатор ва инструментал текширувлар натижалари билан асосланиб, тиббий ҳужжатларда акс эттирилиши шарт.

Амалиётда эса айрим ҳолларда мазкур талабларга риоя этилмаслиги, меҳнат низолари юзасидан кўрилаётган ишлар жараёнида варақаларнинг нотўғри расмийлаштирилиши тарафлар томонидан ҳақли эътирозлар келтирилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан йиғилишда келгусида меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштириш ва уларни юритишда белгиланган йўриқнома талабларига қатъий амал қилиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси талабларига тўлиқ риоя этилмаётганлиги, бу эса ходимларнинг меҳнат ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш ҳолатларига олиб келаётгани алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида масъул ташкилотларга келгусида меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда амалдаги қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар талабларига қатъий амал қилиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Жиззах вилоят маъмурий суди биносида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази Жиззах вилоят бўлими экспертлари иштирокида судьялар учун амалий семинар ташкил этилди

Семинарни вилоят маъмурий суди раиси С. Раҳмонов олиб борди. У ўз сўзида суд-экспертиза жараёнида судьялар ва экспертлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бундай амалий тадбирлар орқали назарий билимлар билан амалиётни уйғунлаштириш, судлов тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилинишини қайд этди.

Амалий фаолиятда учрайдиган энг муҳим муаммолардан бири – экспертиза тайинлашда судьялар томонидан саволларнинг аниқ ва мақсадга мувофиқ шакллантирилмаслигидир. Бу ҳолатлар экспертиза хулосаларида хатоларга, суд жараёни муддатларининг узайишига ва баъзида қайта экспертиза тайинланишига сабаб бўлади. Шу сабабли, саволларни тўғри ва аниқ шаклда белгилаш муҳим аҳамият касб этади.

Семинарда экспертлар томонидан слайдлар орқали суд экспертизасининг турлари, уларнинг мазмун-моҳияти, ҳуқуқий жиҳатлари ҳамда экспертизани ўтказиш муддатлари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди. Судьялар ва экспертлар ўртасидаги очиқ ва самарали мулоқотда амалиётдаги тушунмовчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари кенг муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби амалий семинарлар нафақат судья ва экспертлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, балки суд-ҳуқуқ тизимида шаффофликни таъминлаш, адолат ва холислик тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим рўл ўйнайди.

Жиззах вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармасининг мажлислар залида суд томонидан чиқарилган тақдимнома муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Унда судьялар, вилоят прокуратураси, солиқ, Мажбурий ижро бюроси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда суд тугатиш бошқарувчилари иштирок этишди.

Йиғилишда асосий эътибор тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорларга оид ишлар ижросининг чўзилиши ва бу жараёнда юзага келаётган муаммоларга қаратилди.

Маълумки, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунда қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги суд қарори, тугатиш жараёнини бошлаш учун асос сифатида белгиланган. Қонунга кўра, бу жараён 12 ой ичида якунланиши керак. Фақатгина айрим ҳолатларда, суд ёки ишда иштирок этувчи томонлар илтимосига биноан, бу муддат 3 ойгача узайтирилиши мумкин.

Афсуски, амалиётда ишларнинг белгиланган муддатларда якунланмаслиги ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай кечикишлар кўпинча суд бошқарувчилари тез-тез алмашиши, тажрибанинг етарли эмаслиги ёки масъулиятсизлик оқибатида юзага келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, иш юритиш самарадорлигига ва давлат ҳамда тадбиркорлик субъектлари манфаатларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис, йиғилишда муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш, идоралар ўртасида самарали ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ва ҳар бир ишга индивидуал ёндашувни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида тўловга қобилиятсизлик ишларини чуқур таҳлил қилиш, муддати ортиқча чўзилаётган тугатиш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Жиззах вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида коррупцияга қарши курашиш юзасидан амалий семинар ташкил этилди

Мазкур тадбирда вилоят суди, прокуратураси, адлия бошқармаси вакиллари ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари иштирок этишди.

Семинарнинг асосий мақсади – давлат органларида, жумладан, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш, ходимларнинг ҳуқуқий билими ва масъулиятини ошириш, шунингдек, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборатдир.

Семинар давомида сўзга чиққан маърузачилар томонидан коррупция тушунчаси, жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари, бундай ҳолатларнинг жамият ва давлатга етказадиган салбий оқибатлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, улар ходимларнинг хизмат фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар ва уларни аниқлаш, олдини олиш усуллари ҳақида амалий тавсиялар тақдим этдилар.

Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар, манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш тартиблари ҳақида аниқ ва тушунарли маълумотлар етказилди.

Тадбирда таъкидланганидек, коррупцияга қарши кураш – фақат бир ташкилот ёки идоранинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифаси саналади. Бу борадаги асосий вазифа — ҳар бир ходимда масъулият, ҳалоллик ва фидойилик туйғусини шакллантириш, жамоада соғлом муҳитни таъминлаш ва фуқаролар ишончини оширишдир.

Семинар очиқ мулоқот руҳида ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Таъкидлаш жоизки, бундай маърифий тадбирлар ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, иш фаолиятида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Зарбдор тумани “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси Х. Мадатов иштирокида тадбиркорлар ва маҳаллий аҳоли билан давра сухбати ўтказилди

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 августдаги “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–138-сонли фармони мазмун-моҳияти юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Жумладан, мазкур фармон асосида 2026–2027 йилларда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 270 триллион сўм йўналтирилиши, шу жумладан инфратузилмани ривожлантириш, имтиёзли кредитлар ажратиш, тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш ва туризм соҳасини кенгайтиришга қаратилган аниқ чоралар назарда тутилгани қайд этилди.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорларга кредит ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини баҳолашда муқобил скоринг тизими жорий қилиниши, меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаб бериш механизми амалга оширилиши, туризм тўғрисидаги қатор имтиёзлар ва янги тартиблар жорий этилиши ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Давра сухбатида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига суди раиси томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Суд тизимида янги босқич

“Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган ғоя асосида халқимизга хос бўлган “Инсон қадри баланд давлатда ислоҳотларни тўхтатиб бўлмайди” шиори остида Янги Ўзбекистон ўз ислоҳотларини амалга оширмоқда.

2025 йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти
томонидан “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-140-сонли Фармон имзоланди.

Мазкур ҳужжат суд тизимини такомиллаштириш, суд жараёнларини шаффоф ва самарали ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фармоннинг бош мақсади – суд тизими фаолиятига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали суд қарорларининг сифатини ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Фармонда қуйидаги устувор йўналишлар белгиланган:

  • судларда сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш;
  • судларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш;
  • суд қарорлари ижросида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш;
  • судялар ва ходимларнинг малакасини ошириш.

Келгусида мазкур Фармоннинг ижроси натижасида судлар фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошади, фуқароларнинг одил судловга ишончи мустаҳкамланади, замонавий технологиялар асосида тезкор ва сифатли қарорлар қабул қилиниши таъминланади.

Фармоннинг энг катта аҳамияти шундаки, у нафақат суд тизимини замонавийлаштиради, балки адолатга интилиш борасида янги имкониятлар эшигини очади. Бугунги рақамли даврда сунъий интеллектдан фойдаланиш – суд тизимини инсон омилига боғлиқ хатолардан асрайди, суд қарорларининг тезкор ва асосли бўлишига хизмат қилади. Бу ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончи сезиларли даражада ошади ва жамиятда адолат тамойили янада мустаҳкамланади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон Ўзбекистон суд тизимининг келажакдаги тараққиёти учун муҳим ҳужжат бўлиб, одил судлов тамойилларини мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжат асосида судларда сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши суд ишларининг тезкорлиги, шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлайди. Шу билан бирга, судларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, замонавий инфратузилма яратилади, судялар ва ходимларнинг малакаси ошади. Натижада, фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончи янада ортиб, жамиятда адолат ва қонун устуворлиги янада мустаҳкамланади.

 

С.Набиев

 Жиззах вилоят суди судьяси

 

Суд тизимида малакали кадрлар тайёрлаш ва одил судловни таъминлашга қаратилган ислоҳот

Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хоҳ у ижтимоий-иқтисодий, хоҳ маданий-маънавий ёки суд-ҳуқуқ, улардан кўзланган олий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфатлари бузилишининг олдини олиш, лўнда қилиб айтганда бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган бўлади.

Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 21 февраль куни имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари мамлакатимиз суд ҳокимиятида янги босқични бошлаб берди.

Давлат раҳбарининг «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони орқали суд тизими учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Фармон суд ҳокимиятининг мустаҳкам пойдеворини яратишга қаратилган бир қатор муҳим йўналишларни белгилаб берди.

Хусусан:

Фармонга кўра, Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилмоқда. Албатта, бу шунчаки ном ўзгариши эмас, балки суд тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини бутунлай янги, сифатли босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик ислоҳотдир.

Академияда таълим жараёни “устоз-шогирд” анъанаси асосида, “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига мувофиқ ташкил этилади. Бу, ўз навбатида, назарий билимларни амалиёт билан узвий боғлаш, ёш кадрларнинг судьялик фаолиятидаги нозик жиҳатларни тажрибали устозлардан ўрганишини таъминлайди.

Энди судьялик лавозимига номзодлар мазкур академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида тайёрланади.

Бу жараёнда касбий қайта тайёрлаш курсларига киришдан олдин номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқати Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилади. Натижада судьялик лавозимига фақат юксак ахлоқий фазилатларга эга, виждонли ва ҳалол номзодлар танлаб олиниши таъминланади.

Мазкур Фармон суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган.

Фармонда суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишдаги қатор устувор мақсадлар белгилаб берилган.

Суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимини эгаллаш учун захирадаги судьяларни қайта тайёрлаш, таълим олувчиларда судьялик касбий маданиятини шакллантиришга қаратилган дастурларни жорий этиш шулар жумласидандир.

Фармонда, шунингдек, бўлажак судьяларда мустақил, холис, беғараз, фақат қонунга таянган ҳолда ва адолат билан иш юритишнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига татбиқ этиш сингари бошқа муҳим вазифалар ҳам назарда тутилган.

Шундай қилиб, Президентимизнинг мазкур Фармони тизимда изчил татбиқ этилаётган одил судловни таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Айни ҳужжат юртимизда юқори малакали, ҳалол ва адолатли судьялар корпусини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, Янги Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

З.Мажидов

 Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг судьяси

 

 

 

Перейти к содержимому