Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати биносида фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро суди раиси Б. Казаков раислигида суд мажлисини олиб бориш юзасидан мастер класс ташкил этилди

Шартли равишда ташкил қилинган суд мажлисида даъвогар З.Х нинг жавобгар З.Ю ва бошқаларга нисбатан уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги фуқаролик иши кўрилиб чиқилди.
Раислик этувчи томонидан суд мажлисини олиб борилиши, шартли равишда ташкил этилган тартиббузарлик ҳолатлари, давлат ҳисобидан бепул адвокат билан таъминлаш, суд мажлисини бошқа кунга қолдириш, суд мажлисини видеотасвирга олиш ва бошқа масалалар бўйича илтимосномалар муҳокама қилинди.
Тарафларни тушунтириши, музокара сўзлари эшилиб, иш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, судья иш юзасидан айнан нега шундай қарорга келганлиги мазмун моҳиятини, суд мажлиси баённомаси билан танишиш, унга эътирозлар билдириш тартибини тарафларга тушунтирилди.
Якунида вилоят суди, туманлараро, туман судлари судьялари томонидан суд мажлисини олиб боришда раислик этувчи томонидан йўл қўйилган камчиликлар айтилиб, муҳокама қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, бундай машғулотлар одил судловни самарали амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш, илк бор тайинланган судьяларда суд мажлисини ўтказиш тартиби бўйича тушунча ва тасаввурларни янада мустаҳкамлаш, суд мажлисини процессуал қонунлар асосида ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Жиззах вилоят суди раиси ўринбосари
Н. Расулов

Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг очиқ маълумотларига кўра, дунё миқёсида тахминан 750 миллион аёл ва қиз 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиққан. 18 та давлатда эр ўз хотинига ишлашни расман тақиқлаши мумкин, 39 давлатда ўғил ва қизлар мерос бўйича турли ҳуқуқларга эга,
49 давлатда эса оиладаги зўравонликни тақиқловчи қонунлар мавжуд эмас. Ҳар бешинчи аёл, шу жумладан 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларнинг 19 фоизи 12 ойлик муддат ичида яқин шериклари томонидан жисмоний ёки жинсий зўравонликка дучор бўлганини айтган.         Аёлларнинг мамлакатлар сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишига қарамасдан, бугунги кунда аёллар штат парламентларидаги ўринларнинг 23,7 фоизини ташкил этади, бу ҳали гендер паритети тамойилига жавоб бермайди. 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларнинг ярмидан кўпи (52 фоиз) никоҳда бўлган ёки никоҳдан ташқари никоҳда бўлган аёлларнинг розилиги билан жинсий алоқада бўлиш, контрацептив воситалардан фойдаланиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш тўғрисида ўзлари қарор қабул қилишади. Ер ҳуқуқига эга аёлларнинг улуши жаҳон миқёсида атиги 13 фоизни ташкил этади. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатлари гендер тенглигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобини юритади. 46 мамлакатда парламентнинг камида битта палатасида аёллар улуши 30 фоизни ташкил қилади. Ривожланаётган ҳудудлардаги мамлакатларнинг деярли учдан икки қисми бошланғич таълимда гендер мувозанатига эришган.

Хўш, Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашиш борасида нима ишлар амалга оширилмоқда?

Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли «Инсон қадри учун» тамойили асосида зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда.бу борада қонунларимиз такомиллаштирилди, жазо чоралари қатъийлаштирилди.

Сенат раисимиз Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра: “Бутун жамиятимиз зўравонликка қарши курашиш учун ягона кучга айланиши керак. Бефарқ бўлмаслик, зўравонлик аниқланиши ва тўхтатилиши учун барча имкониятларни ишга солиш орқали барбод бўлган тақдирлар, йўқолган умидларга нажот беришимиз мумкин”.

2023 йил апрелда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонунни имзолаган эди.

Қонунга мувофиқ, эндиликда хотинини сўккан, таҳқирлаган, қўрқитган эркаклар бунинг учун жавобгарликка тортилади. Ўз турмуш ўртоғига оғир жароҳат етказиш эса 12 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлади. Бировга шилқимлик қилиш, ортидан эргашиб таъқиб қилиш, тинмай телефон қилиш ва шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун ҳам жавобгарлик киритилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор ҳисобланади, кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оиланинг ўрни ­эса беқиёсдир.

Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Конституциянинг 26-моддасида эса, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, оилавий зўравонликка қарши кураш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.

Оиладаги зўравонликнинг асосий қурбонлари бўлган аёллар ва болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик нималарда намоён бўлади? Кўпчилик зўравонлар оиладаги ҳукмронликларини кучайтириш мақсадида қандай усуллардан фойдаланади? Бу асосан таҳдид кўринишида намоён бўлади. Таҳдидлар эса қуйидагича бўлиши мумкин: моддий таъминламаслик, яъни пул бермаслик (моддий таъминламаслик), уйдан ҳайдаш, болаларини олиб қўйиш ёки уларни кўриш имкониятидан маҳрум қилиш билан қўрқитиш, баданига шикаст етказиш ёки ўлдириш билан қўрқитиш ва ҳоказо. Зўравонлар таҳдидлар билан бир қаторда қуйидаги ҳаракатлар орқали ҳам ўзларининг ҳукмронлигини намойиш қилишга уринишлари мумкин: телефонини олиб қўйиш, кийимларини йиртиш ёки шахсий буюмларини синдириш, уйга қамаб қўйиш, муштини кўрсатиш орқали қўрқитиш ва ҳоказо.

Аммо зўравонлик билан бир қаторда тазйиққа учраётган хотин- қизлар ҳам йўқ эмас.

Бунинг учун тазйиқ нима эканлигини тушунишимиз керак.

Тазйиқ — содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги Қонунида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари белгиланган.

Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;
  • махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;
  • ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;
  • содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.
  • Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Шу сабабли барчамиз тазйиқ ва зўравонликка курашиш борасида бефарқ бўлмаслигимиз ва тоқатсиз бўлишимиз лозим.

 

Жиззах вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси 

Луиза Халитова

Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз

Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Ҳозирда, коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этишда кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, унга танқидий ёндошган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш лозим бўлади.

Маълумки, коррупция ўзига тамагирликни қамраб олган ҳолда жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократияни емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун улкан хавф туғдиради.

Этимологик жиҳатдан “коррупция” – лотинча “corruptio”, яъни “бузиш, сотиб олиш, пора эвазига оғдириш” деган маъноларни англатади. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш демакдир.

Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.

 

 Намозбой Мухтаров

 Жиззах вилоят судининг бош консультанти                                                    

 

Оилавий зўравонлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Оила жамиятнинг бўғини ҳисобланади. Бироқ, оилада айрим ҳолларда аёл-қизларни тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳолатлари кузатилмоқда. Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, уларни тўлақонли равишда ҳар бир жабҳада фаол бўлишларини таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги 561-сонли қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш;
хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;
тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:
Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган учун жавобгарлик белгиланди.
Мазкур жиноят базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотишга ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқишига ёки унинг функциялари тамоман йўқолишига, руҳий ҳолатнинг бузилишига ёки соғлиқнинг бошқача тарзда ёмонлашувига, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг йўқолишига ёки ҳомиланинг тушишига ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса,
беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, юқоридаги ҳаракатлар икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 97 ва (ёки) 104-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса — ўн йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Намозбой Мухтаров

Жиззах вилоят судининг
бош консультанти

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов Жиззах вилоятида бўлиб, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар фаолияти билан яқиндан танишди

Олий суд раиси ўринбосари Жиззах вилоятидаги ўрганиш жараёнида Ғаллаорол, Зомин туман судлари ҳамда Жиззах шаҳридаги судлар фаолиятини ташкил этилганлиги даражаси, судьялар, ходимлар ва фуқаролар учун яратилган қулайликлар ва шарт-шароитлар билан танишди.

Судлардаги девонхона ва архивда иш юритиш жараёни қандай йўлга қўйилганига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Судларда судья ва ходимлар билан мулоқотлар ўтказилди.

Мулоқотларда ҳар бир судья ва суд ходими ўз ишига масъулият билан ёндашиши кераклиги, коррупция, тамагирлик каби иллатларга қўл урмаслик лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, ташриф мобайнида Жиззах шаҳрида вилоят суди учун барпо этилаётган янги бино қурилиши билан танишилди.

Жиззах вилояти судида бўлиб ўтган ўрганишлар якунига бағишланган йиғилишда вилоят судлари раислари, ўринбосарлар ва судьялар иштирок этдилар.

Йиғилишда суд тизимидаги ислоҳотларга тўхталиб, одил судловни амалга оширишда адолат ва қонунийликни таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини, судларда ишчанлик муҳитини янада ошириш лозимлиги, судья ва суд ходимлари ўзларининг муомала маданияти билан бошқалардан ажралиб туриши, коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслиги таъкидланди.

Гиёҳвандлик – аср вабоси

Маълумки, ХХ асрнинг охирларига келиб, гиёҳвандлик умумбашарий муаммога айланган, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси чегара билмас жирканч кучга, инсониятга жуда катта хавф туғдира бошлаган, натижада, унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор халқаро конвенциялар қабул қилинган. Жумладан,
1961, 1971, 1988 йилларда қабул қилинган конвенциялар гиёҳвандликка қарши курашда нафақат халқаро, балки ҳар бир иштирокчи давлатнинг ички тизими яратилиши лозимлигини белгилаб беради, Ўзбекистон Республикаси ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш борасидаги халқаро конвенцияларнинг тўлақонли иштирокчиси бўлиб, ушбу конвенциялар юзасидан олинган мажбуриятларнинг амалий чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқда.
Гиёҳвандликка қарши кураш муаммоси у ёки бу мамлакатнинг ички муаммоси бўлибгина қолмай балки глобал даражадаги аҳамият касб этади. Унга қарши кураш жаҳон ҳамжамиятидан бутун куч ва имкониятларни бирлаштириб ҳамкорликда комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларни биргаликда адо этишни тақозо этади.
Қонунда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек уларни кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказиш — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишлар озгинадан кўпроқ миқдорда содир этилган бўлса – беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ жойларида;
г) ўқув юртларида ёки ўқувчилар, талабалар томонидан ўқув, спорт ва жамоат тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиладиган бошқа жойларда;
д) телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни лабораторияларда ёхуд ўзганинг мулки ҳисобланган воситалар ва асбоб-ускуналардан ёки прекурсорлардан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда тайёрлаш ёки қайта ишлаш, шунингдек бундай воситаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун бангихоналар ташкил қилиш ёки сақлаш, шунингдек ушбу модданинг иккинчи ёки учинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) ўта хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш —
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни топширса, жазодан озод қилинади.
Гиёҳвандликка мубтало бўлганларда хасталик борган сари кучая бориб одатда кутилмаган ёмон оқибатларга олиб келишини, гиёҳвандликнинг алоҳида ижтимоий йўналишларга эга эканлиги, яъни, ёшлар ва хусусан вояга етмаганлар, шунингдек аёллар орасида кенг тарқалиб бораётганлиги унинг хавфлилигини янада ошиб бораётганлигидан далолат беради. Шундай экан гиёҳвандликка қарши кураш давлат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси бўлмасдан, балки унга барчамиз бирдай масъул бўлмоғимиз лозим.


Намозбой Мухтаров

Жиззах вилоят судининг
бош консультанти

Зомин туманлараро иқтисодий суди томонидан Зарбдор туманидаги касб-ҳунар мактаби биносида давра суҳбати ташкил этилди

Ўтказилган тадбирда судья томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимиз тараққиёти, жамиятимизнинг ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги аҳамияти муҳим эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, ўтказилган давра суҳбатида сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда Конституциянинг ўрни ва аҳамияти, суд ҳокимиятининг роли ҳамда давлат ҳокимияти тизимида парламент ва суд ҳокимиятининг ўзаро муносабатлари ҳақида сўз юритилди.

Савол-жавобларга бой кўтаринки рухда ўтган давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга судьялардан атрофлича жавоб олишди

“Ибратли судья” мукофоти эгаларига топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан “Ибратли судья” мукофоти жорий этилган.

2024 йил якуни бўйича Судьялар олий кенгаши томонидан одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган 18 нафар судья “Ибратли судья” мукофотига лойиқ кўрилди.

Бугун Судьялар олий кенгаши томонидан видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тақдирлаш маросимида “Ибратли судья” мукофоти ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.

Мазкур юксак мукофот билан тақдирланганлар орасида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди раиси Шеҳроз Омоновнинг ҳам борлиги барча ҳамкасблари, қолаверса устозларига шарафли ҳамда фахрли саналади.

Тадбир сўнггида, Кенгаш раиси Холмўмин Ёдгоров тақдирланганларни қутлаб, яна бир қатор йўналишлар бўйича барча судьяларга шу каби шарафли мақом насиб этишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тақдирлаш маросимида вилоят суди раиси ҳамда судьялар Шеҳроз Тураевични юксак мукофот билан муборакбод этиб, келгуси фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилашди.

Жиззах вилояти судлари томонидан вилоят суди биносида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун матбуот анжумани ҳамда очиқ эшиклар куни ташкил этилди

Тадбирда дастлаб вилоят суди томонидан тайёрланган вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий судининг тузилиши ва фаолияти ёритилган видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг, Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров томонидан суд тизимидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда 2024 йил давомида вилоят суди томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида йиғилганларга тушунтириб ўтди. Шунингдек, вилоят суди раиси Жиззах вилояти судлари тарихига бағишлаб ёзилган “Жиззах вилоят судлари: тарих, тараққиёт, бугун” номли китобининг яратилиш тарихи ҳамда унинг мазмун-моҳияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, Жиззах вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Рахмонов томонидан 2024 йил давомида маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг 216 тасини ер билан боғлиқ ишлар ташкил қилиб, ушбу ишларнинг 109 таси қаноатлантирилганлиги, 87 таси рад этилганлиги, 4 таси иш юритишдан тугатилиб, 16 таси кўрмасдан қолдирилганлиги ҳамда ушбу ишлар бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларига нисбатан 105 та хусусий ажримлар чиқарилиб, муҳокама қилиш ва тегишли чоралар белгилаш учун юборилганлиги таъкидланди

Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Раҳматилла Орзиқулов 2024 йил давомида вилоят судлари томонидан 18 шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилганлиги ҳамда жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари томонидан 30 нафар шахс шартли ҳукм қилинганлиги, 58 нафар шахсга жазо тайинланмасдан ҳукм чиқарилганлиги, 213 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинганлиги, 1616 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланганлиги баён қилди.

Жиззах вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Жамол Қаххоров томонидан 2024 йил давомида суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида кўрилган ишларнинг 4 610 таси сайёр суд мажлисларида ҳал этилганлиги айтиб ўтилди.

Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Нодиржон Расулов томонидан 2024 йил давомида кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар умумлаштирилиб, қизил тоифага киритилган маҳаллаларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий низолар ҳамда никоҳдан ажрашиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан тегишли тадбирлар амалга оширилганлиги таъкидланди

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб олишди.

Шундан сўнг, медиа вакиллари вилоят суди бўлимларининг фаолияти ҳамда суд заллари билан таништирилди.

Жиззахда вилоят суди ҳамда Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси томонидан кредит низолари бўйича семинар ташкил этилди

Видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда вилоят суди судьялари,туманлараро ва туман судлари раислари, судьялари ҳамда вилоят ҳудудида фаолият юритувчи банкларнинг масъул вакиллари офлайн ва онлайн тарзда иштирок этди.

Тадбир давомида бугунги кунда судларда кредит низолари билан боғлиқ муаммоли ишлар борган сари кўпайиб бораётганлиги, шу тоифадаги ишларни кўришда юзага келаётган муаммо ва камчиликларга ечим топиш ва уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 
Жиззах вилоят суди ҳамда марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда вилоятда фаолият юритувчи банк бошқарувчилари ва юристларига атрофлича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилди. 

Семинар давомида банклар томонидан судга бериладиган кредит билан боғлиқ даъво аризалар сифатли бўлиши, унга илова қилинадиган ҳужжатлар, далиллар, гаров мулклари ҳақида маълумотлар, кредит қарздорлиги ва тўловлар кечиктирилганлиги ҳақида асослантирилган ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Бироқ банклар томонидан кредит қарздорликларини ундириш ҳақидаги даъво аризалари ваколатсиз шахслар томонидан берилганда қайтарилганлиги, шу сабабли мазкур тоифадаги аризалар тақдим этилганда процессуал қонун талабларига риоя этиш кераклиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Семинар якунида иштирокчилар берган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди ва кредит қарздорликлари борасида дуч келинаётган тизимли муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Перейти к содержимому