Жиззах вилоят маъмурий суди биносида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази Жиззах вилоят бўлими экспертлари иштирокида судьялар учун амалий семинар ташкил этилди

Семинарни вилоят маъмурий суди раиси С. Раҳмонов олиб борди. У ўз сўзида суд-экспертиза жараёнида судьялар ва экспертлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бундай амалий тадбирлар орқали назарий билимлар билан амалиётни уйғунлаштириш, судлов тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилинишини қайд этди.

Амалий фаолиятда учрайдиган энг муҳим муаммолардан бири – экспертиза тайинлашда судьялар томонидан саволларнинг аниқ ва мақсадга мувофиқ шакллантирилмаслигидир. Бу ҳолатлар экспертиза хулосаларида хатоларга, суд жараёни муддатларининг узайишига ва баъзида қайта экспертиза тайинланишига сабаб бўлади. Шу сабабли, саволларни тўғри ва аниқ шаклда белгилаш муҳим аҳамият касб этади.

Семинарда экспертлар томонидан слайдлар орқали суд экспертизасининг турлари, уларнинг мазмун-моҳияти, ҳуқуқий жиҳатлари ҳамда экспертизани ўтказиш муддатлари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди. Судьялар ва экспертлар ўртасидаги очиқ ва самарали мулоқотда амалиётдаги тушунмовчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари кенг муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби амалий семинарлар нафақат судья ва экспертлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, балки суд-ҳуқуқ тизимида шаффофликни таъминлаш, адолат ва холислик тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим рўл ўйнайди.

Жиззах вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармасининг мажлислар залида суд томонидан чиқарилган тақдимнома муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Унда судьялар, вилоят прокуратураси, солиқ, Мажбурий ижро бюроси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда суд тугатиш бошқарувчилари иштирок этишди.

Йиғилишда асосий эътибор тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорларга оид ишлар ижросининг чўзилиши ва бу жараёнда юзага келаётган муаммоларга қаратилди.

Маълумки, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунда қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги суд қарори, тугатиш жараёнини бошлаш учун асос сифатида белгиланган. Қонунга кўра, бу жараён 12 ой ичида якунланиши керак. Фақатгина айрим ҳолатларда, суд ёки ишда иштирок этувчи томонлар илтимосига биноан, бу муддат 3 ойгача узайтирилиши мумкин.

Афсуски, амалиётда ишларнинг белгиланган муддатларда якунланмаслиги ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай кечикишлар кўпинча суд бошқарувчилари тез-тез алмашиши, тажрибанинг етарли эмаслиги ёки масъулиятсизлик оқибатида юзага келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, иш юритиш самарадорлигига ва давлат ҳамда тадбиркорлик субъектлари манфаатларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис, йиғилишда муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш, идоралар ўртасида самарали ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ва ҳар бир ишга индивидуал ёндашувни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида тўловга қобилиятсизлик ишларини чуқур таҳлил қилиш, муддати ортиқча чўзилаётган тугатиш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Жиззах вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида коррупцияга қарши курашиш юзасидан амалий семинар ташкил этилди

Мазкур тадбирда вилоят суди, прокуратураси, адлия бошқармаси вакиллари ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари иштирок этишди.

Семинарнинг асосий мақсади – давлат органларида, жумладан, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш, ходимларнинг ҳуқуқий билими ва масъулиятини ошириш, шунингдек, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборатдир.

Семинар давомида сўзга чиққан маърузачилар томонидан коррупция тушунчаси, жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари, бундай ҳолатларнинг жамият ва давлатга етказадиган салбий оқибатлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, улар ходимларнинг хизмат фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар ва уларни аниқлаш, олдини олиш усуллари ҳақида амалий тавсиялар тақдим этдилар.

Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар, манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш тартиблари ҳақида аниқ ва тушунарли маълумотлар етказилди.

Тадбирда таъкидланганидек, коррупцияга қарши кураш – фақат бир ташкилот ёки идоранинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифаси саналади. Бу борадаги асосий вазифа — ҳар бир ходимда масъулият, ҳалоллик ва фидойилик туйғусини шакллантириш, жамоада соғлом муҳитни таъминлаш ва фуқаролар ишончини оширишдир.

Семинар очиқ мулоқот руҳида ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Таъкидлаш жоизки, бундай маърифий тадбирлар ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, иш фаолиятида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Зарбдор тумани “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси Х. Мадатов иштирокида тадбиркорлар ва маҳаллий аҳоли билан давра сухбати ўтказилди

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 августдаги “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–138-сонли фармони мазмун-моҳияти юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Жумладан, мазкур фармон асосида 2026–2027 йилларда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 270 триллион сўм йўналтирилиши, шу жумладан инфратузилмани ривожлантириш, имтиёзли кредитлар ажратиш, тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш ва туризм соҳасини кенгайтиришга қаратилган аниқ чоралар назарда тутилгани қайд этилди.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорларга кредит ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини баҳолашда муқобил скоринг тизими жорий қилиниши, меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаб бериш механизми амалга оширилиши, туризм тўғрисидаги қатор имтиёзлар ва янги тартиблар жорий этилиши ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Давра сухбатида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига суди раиси томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Перейти к содержимому