Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман суди ҳамда Дўстлик туман ИИБ билан ҳамкорликда Дўстлик туман Чинобод МФЙ биносида шаҳвоний шилқимлик ва оилавий зўравонлик билан боғлиқ кўрилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги тўғрисида давра суҳбати ва “Сайёр суд” ташкил этилди.

Давра суҳбатида шаҳвоний шилқимлик ва оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида тушунтиришлар берилди ва иштирокчиларнинг бу иллатларни олдини олиш борасида таклифлари, фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Шу билан бир қаторда ўтказилган сайёр суд мажлисида 11 нафар  фуқароларга нисбатан 8 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари мазмунан кўрилиб, уларга қонунда белгиланган жазо чоралари қўлланилди.
Таъкидлаш жоизки, тадбир иштирокчиларига судьялар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари ва уларга тайинланадиган жазо чоралари тўғрисида тушунтиришлар берилиб, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида чоралар кўрилиши лозимлигини билдирди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига судьядан батафсил жавоб олишди.

Зарбдор туман ҳокимлигида маҳаллий аҳоли ва ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси Х. Мадатов томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 сентябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”гиPF-149-сон Фармони мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Фармонда белгиланган вазифаларда чиқиндилар билан боғлиқ тендер жараёнларини онлайн кузатиш имкониятини яратиш, чиқиндиларни тўплаш шохобчаларида видеокузатув тизимларини ўрнатиш, махсус техникаларга GPS -назорат тизимини жорий этиш, санитар тозалаш корхоналари фаолияти бўйича «Call-markaz» ташкил этиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун контейнер майдончалари жойлашуви ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш графикларини очиқлаш каби устувор вазифалар белгилангани қайд этилди.

Шунингдек, кун тартибининг иккинчи масаласи юзасидан иқтисодий судларда корпоратив низоларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилди. Президентнинг 2017 йил 7 февралдаги PF-4947-сонли Фармони ва 2023 йил 28 январдаги PF-60-сонли Фармонида белгиланган ислоҳотлар мазмун-моҳияти шарҳланиб, корпоратив низолар сони ошиб бораётгани ва уларни ҳал этишда ягона ҳуқуқий ёндашувни шакллантириш муҳим экани таъкидлаб ўтилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга суд раиси томонидан батафсил жавоблар олдилар.

Тақиқланган экинлар ва психотроп моддалар билан муомала қилишнинг ҳуқуқий тартиби

Жиноят кодексига киритилган жиноятлар гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар, шунингдек прекурсорлар билан муомала қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни муҳофаза қилишга қаратилган. Мазкур нормалар фуқароларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар билан ноқонуний муомала қилишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Тақиқланган экинларни етиштириш жинояти Жиноят кодексининг 270-моддасида белгиланган. Объектив томонига тақиқланган экинларни, яъни таркибида гиёҳвандлик моддалари мавжуд бўлган ўсимликларни экиш ёки етиштириш киради. Экинларни етиштириш деганда ости­рилиши тақиқланган ўсимликларни уруғи ёки кўчатларини тупроққа қадоқлаш ва пишиб етилиш босқичигача парваришлаш (суғориш, чопиқ қилиш, ўғитлаш ва бошқа ишлар) тушунилади.

Жиноятнинг субъектив томони айбнинг тўғри қасд шакли билан ифодаланади. Субъект сифатида 16 ёшга тўлган ақли расо шахс жиноят жавобгарлигига тортилади. Модданинг 2-қисмида жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатлар белгиланган: илгари шу турдаги жиноятни содир этган шахс; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; ўртача катталикдаги экин майдонида экин экиш ёки етиштириш. 3-қисмда эса: ўта хавфли рецидивист томонидан; уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб; катта экин майдонида экин экиш ёки етиштириш ҳолатлари кўрсатилган.

Жиноят жавобгарлиги тақиқланган экинларни экиш ёки етиштиришга қаратилган ҳаракатлар амалга оширилган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди раиси Ж. Салохиддинов

Коррупцияга қарши кураш — барқарор тараққиётнинг муҳим шарти

Коррупция давлат ва жамият ривожига жиддий хавф солувчи, ижтимоий адолат тамойилларини издан чиқарувчи хавфли жиноят сифатида эътироф этилади. Унинг тарихи қадим замонларга бориб тақалса-да, бугунги кунда ҳам коррупция глобал муаммолар қаторида қолмоқда.

Жамият ҳаётида пораҳўрлик, тамагирлик ва бюрократиянинг мавжудлиги ислоҳотларнинг тўлақонли амалга ошишига салбий таъсир кўрсатади. Айрим ҳолларда коррупцион ҳолатлар оммавий ахборот воситалари орқали фош этилишига қарамасдан, ушбу иллатнинг илдизлари бутунлай йўқолиб кетмаётгани ташвишли ҳолат ҳисобланади.

Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, Япония, Хитой ва Сингапур каби давлатлар миллий қадриятлар, юксак маънавият, ватанпарварлик ва қонунга ҳурмат туйғусини шакллантириш орқали барқарор тараққиётга эришган. Бу тажриба коррупцияга қарши курашда маънавий омиллар нақадар муҳим эканини тасдиқлайди.

Шу нуқтаи назардан, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқий чоралар билан бир қаторда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ҳалоллик ва адолат тамойилларини ҳаёт тарзига айлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди раиси Ж.Салохиддинов

Кредит қарзини ундириш билан боғлиқ низоларни

судларда кўрилиш тартиби ва суд амалиётидаги айрим муаммолар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда банк-кредит тизими жадал ривожланиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига молиявий хизматлар кўрсатиш кўлами тобора кенгаймоқда. Бу жараён иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва фуқароларнинг молиявий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ кредит хизматларидан фойдаланиш кўлами кенгайган сари, мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Фуқаролик ишлари бўйича судларда кредит шартномалари бўйича даъволар фуқаролик ишларининг катта қисмини ташкил этмоқда. Бу эса кредит муносабатларида ҳуқуқий билим ва молиявий маданиятни ошириш заруратини кўрсатади.

Шунинг учун кредит қарзини ундириш билан боғлиқ низоларни судларда кўриш тартибини чуқур ўрганиш, амалдаги ҳуқуқий асосларни таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларга илмий ёндашувни қўллаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлмоқда.

Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг
744-моддаси биринчи қисми талабига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Қарздор ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги оқибатида кредитор судга даъво ариза билан мурожаат қилади. Даъво аризасида қарз суммаси, фоизлар, пеня ва бошқа талаблар кўрсатилади. Даъво аризага кредит шартномаси, ҳисоб-китоблар ва тўлов ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар илова қилинади.

Суд муҳокамаси давомида шартнома шартлари таҳлил қилинади, далиллар ўрганилади. Агар қарздорнинг мажбуриятни бажармаганлиги аниқланса, суд кредит шартномаси, ишга алоқадор ҳужжатлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, бошқа қонунлар асосида қарзни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Шунингдек, тарафлар ўзаро келишув битими ёки медиатив келишувни тузиб, низони ўзаро талабларнинг тўлиқ ҳажмида ёки қисман ҳал этиши мумкин. Келишув битими фуқаролик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.

Кредит шартномаси билан боғлиқ низоларни судда кўришда қатор амалий муаммолар кузатилмоқда. Булар, қарздорларнинг яшаш манзилини аниқлашдаги қийинчиликлар (қарздорнинг манзили ўзгариши оқибатида суд чақирув хатларининг етказиб борилмаслиги), бунинг оқибатида суд ишларининг кўрилишининг чўзилиши ҳамда ижро жараёнида
ҳал қилув қарорининг ижросини ўз вақтида таъминланмаслиги, суд қарорларининг ижроси устидан самарали назоратнинг етарли эмаслиги каби муаммолар шулар жумласидандир.

Бу каби муаммоларни ҳал этиш учун суд ишларини рақамлаштириш, алоқа тармоқларининг иш фаолиятини янада кучайтириш, электрон мурожаат тизимини такомиллаштириш, кредит шартномалари бўйича ягона ахборот базасини яратиш ва мажбурий ижро органларининг фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарур.

Хулоса қилиб айтганда, кредит қарзини ундириш билан боғлиқ низоларни судларда кўриш нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга ҳам эга. Чунки бу жараён орқали иқтисодий муносабатлардаги адолат тикланади, молиявий интизом мустаҳкамланади ва банк тизимига ишонч орттирилади.

Кредит низоларининг кўпайиши фуқароларнинг молиявий саводхонлигини ошириш заруратини кўрсатмоқда. Агар аҳоли кредит шартномаси шартларини бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатларини яхши билса, кўплаб низоларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Кредит муносабатларида қонун талабларига амал қилиш, суд қарорларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижросини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш — мамлакатда молиявий барқарорлик ва ҳуқуқ устуворлигининг муҳим кафолатларидан биридир.

 

З.Мажидов,

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Дўстлик туманлараро судининг судьяси

 

 

 

Одам савдосининг олдини олишда ҳуқуқий онгни оширишнинг аҳамияти

Одам савдоси — жамиятнинг маънавий асосларига путур етказувчи, инсон қадр-қимматини поймол қилувчи оғир жиноят ҳисобланади. Ушбу иллатга қарши курашиш бугунги кунда нафақат алоҳида давлатлар, балки бутун халқаро ҳамжамият олдида турган муҳим вазифадир.

Тегишли тарғибот ишларига қарамасдан, айрим фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги сабабли одам савдоси қурбонига айланиб қолиш ҳолатлари учрамоқда. Айниқса, хорижда ишлашни режалаштираётган шахслар эҳтиёткор бўлиши, расмий манбаларга таяниши лозим.

Одам савдосига қарши самарали курашиш учун ҳуқуқий ҳамкорликни йўлга қўйиш, аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни кучайтириш зарур.

Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди раиси Ж.Салохиддинов

Судга тааллуқлилик ва судловга тегишлилик нима?

Ҳар куни турли низолар ва келишмовчиликлар юз беради — қўшни билан ер учун ёки ишда маош учун, ёки кимнингдир мулки ёки мулкий ҳуқуқлари бузилгани учун. Бундай ҳолларда одамлар “бу ишни суд ҳал қилиб беради” дейишади. Аммо ҳар бир ишни ҳар қандай суд кўра олмайди. Шунинг учун “судга тааллуқлилик” ва “судловга тегишлилик” деган тушунчалар жуда муҳим ҳисобланади.
Судга тааллуқлилик — иш судда кўриладими, йўқми?
Содда қилиб айтганда, судга тааллуқлилик — бу иш умуман суд орқали кўрилиши мумкинлигини билдиради.
Айтайлик, фуқаро ўз қўшниси билан ер масаласида тортишаётган бўлса ёки кимдир қарзини қайтармаётган бўлса, бу низолар фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқли ҳисобланади.
Даставвал Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 5-бобида дастлаб тааллуқлилик масаласига аниқлик киритади. Бу ҳолат низони қайси суд томонидан кўриб чиқиш ваколатини белгилайди. Тааллуқлилик масаласи ҳал қилинганидан сўнг судловга тегишлиликка доир нормалар белгиланади. Шу боисдан тааллуқлилик масаласи ҳал бўлгандан сўнг фуқаролик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган деб ҳисобланган холларда қайси судга мурожаат қилиш масаласи ҳал қилиниши зарурати вужудга келади. Бу ҳолатда судга тегишлилик масаласини ҳам тўғри ҳал қилиниши керак.
Иш судга тааллуқли эканлиги аниқ бўлгач, энди навбатдаги савол — “ишни қайси суд кўради?”
Бу ерда судловга тегишлилик деган тушунча ишга киришади. У суднинг қайси турига ва қайси ҳудуддаги судга иш тегишлилигини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 33-моддаси “Судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари” деб номланади. Ушбу моддада, аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Ташкилотларга нисбатан аризалар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.
Одатда, иш жавобгар яшайдиган жойдаги судда кўрилади. Масалан, жавобгар Самарқандда бўлса, иш ҳам ўша ерда кўрилади.
Баъзи ҳолларда даъвогар танлов ҳуқуқига эга бўлади. Масалан, зарар етказилган жойда ёки ўз яшаш жойида ишни кўришни сўраши мумкин. Ушбу масалага оид қоидалар Фуқаролик Процессуал кодексининг 34-моддаси билан тартибга солинади.
Судловга тегишлилик нима учун бу муҳим?
Агар иш нотўғри судга берилса, суд аризани қабул қилмайди ёки ариза қабул қилинган бўлса ишни бошқа судга юборишига тўғри келади. Бу эса вақтни йўқотиш, ортиқча сарсонлик ва оворагарчиликларга олиб келади.
Шунинг учун даъво аризасини ёзишдан олдин иш қайси судга тегишли эканини аниқ билиш — жуда муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, судга тааллуқлилик — иш суд томонидан кўриладими-йўқми, судловга тегишлилик эса — ишни қайси суд кўриши кераклигини белгилайди. Бу икки қоида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўғри ва тез ҳимоя қилишга хизмат қилади. Агар шуларга эътибор берилса, суд ишлари ҳам осон, ҳам самарали кечади. Шу сабабли, ариза беришдан аввал ишнинг судга тааллуқлилигини аниқлаш, ундан кейин қонунга мувофиқ судловга тегишлилик — яъни қандай турдаги ва қайси ҳудуддаги судда кўриш кераклигини белгилаш — жуда муҳимдир.

Замонали Мажидов,
фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик
туманлараро судининг судьяси

Жиззах туманлараро маъмурий суди ташаббуси билан Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетида талабалар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди

Давра суҳбатида университетнинг бакалавр ва магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар иштирок этишди.

Суҳбат давомида талабаларга маъмурий судлар фаолияти, унинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти, шунингдек, маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари ёки ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қонунчиликда белгиланганидек, ҳар бир фуқаро ёки ташкилот ўз ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатлари бузилган деб ҳисобласа, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда унинг ҳаракатини ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб эътироф этиш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, судда бундай ишлар бўйича қарор ёки ҳаракатнинг қонунийлигини исботлаш мажбурияти маъмурий органнинг ўзи зиммасига юклатилади. Бу эса фуқароларнинг суд олдида ҳуқуқларини таъминлаш имкониятларини кенгайтириб беради.

Судья томонидан талабаларга судга ариза бериш тартиби, муддатларга риоя этиш, шикоятни судда кўриб чиқиш босқичлари ҳақида ҳам амалий мисоллар билан тушунтирилди.

Суҳбат очиқ мулоқот шаклида ўтиб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Маъмурий судлар фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш, давлат органлари фаолиятида шаффофлик ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу орқали талабалар суд тизими фаолияти ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг роли ҳақида кенгроқ тушунчага эга бўлдилар.

 

Бундай амалий учрашувлар ёшларда ҳуқуқий маданиятни ошириш, қонунларга ҳурмат туйғусини шакллантириш ва фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим аҳамият касб этади.

Перейти к содержимому