ИЛК МЕМОРАНДУМ

Республика тарихида илк бор Жиззах вилоят суди ва ННТ ўртасида Меморандум имзоланди.

Жиззах вилоят суди биносида Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 24 сентябрдаги «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунига асосланиб, Жиззах вилоят суди ва Республика “ISTIQBOLLI AVLOD” ижтимоий-ахборот марказининг Жиззах вилоят бўлими ҳамда Жиззах вилояти “Istiqlol  аvlodi”  ижтимоий-иқтисодий  ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ўртасида ижтимоий ҳамкорликка бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Кун тартибида 2021 йил 26 ноябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чақалоқ ва болалар савдоси билан боғлиқ жиноий ҳолатларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш йўналишида ўзаро ҳамкорлик қилиш, аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот тадбирини олиб бориш ҳамда одам савдоси жиноятидан жабрланган чақалоқлар ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш ишларини ташкил этиш дастурининг бандлари ижросини таъминлаш мақсадида Республика Нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорлик Меморандуми имзолаш муҳокамага қўйилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг 14.09.2016 йилдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.02.2017 йилдаги “Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш тўғрисида” ги ПҚ  2761-сонли Қарори ҳамда 30.07.2019 йилдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сон Фармони, Ўзбекистон Республикасининг 17.08.2020 йилдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”(янги таҳрида)ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.02.2021 йилдаги 60-сонли «Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражадаги қайта йўналтириш тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорининг “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 02.09.2019 йилдаги № 561-сон Қонун ва “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 02.09.2019 йилдаги № 562-сон Қонуни талабларидан келиб чиқиб, вилоят ҳудудида ҳамкорликда аниқ мақсадли тарғибот профилактик тадбирларини амалга ошириш тўғрисида  келишиб олинди.

Жиззах вилояти ҳудудида ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, одам савдоси ва коррупцияга қарши  курашиш борасида  аҳолини ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат бошқарув органлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириши мазкур меморандумнинг предмети ҳисобланади.

Одам савдоси ва оиладаги зўравонлик билан боғлиқ жиноятчилик таҳлилларидан келиб чиқиб,  одам савдосига қарши  курашиш, жабрланувчиларни манфаатларини ҳимоя қилиш  мақсадида, ижтимоий шериклик тамойилларига монанд ўзаро ҳамкорликдаги иш фаолият самарадорлигини янада ошириш юзасидан  қўшимча чора-тадбирлар  режасини ишлаб чиқиши мумкин.

Меморандумга томонларнинг келишувига биноан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ҳар қандай ўзгартириш ва қўшимчалар Меморандумнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Жиззах вилоят суди раиси Ў.Б.Джумаев нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериб, мазкур меморандумга асосан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг 17.08.2020 йилдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”(янги таҳрирда)ги Қонунининг ижроси бўйича ишларни ташкил этишда юқори натижаларга эришишни таъкидлади.

Шунингдек, вилоят ҳудудида одам савдоси ва зўравонликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликда аниқ мақсадли тарғибот профилактик тадбирларини амалга ошириш  тўғрисида  келишиб олинди.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 24 сентябрдаги «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунига асосланиб, Жиззах вилоят суди ва Республика “ISTIQBOLLI AVLOD” ижтимоий-ахборот марказининг Жиззах вилоят бўлими ҳамда Жиззах вилояти “Istiqlol  аvlodi”  ижтимоий-иқтисодий  ва ҳуқуқий  қўллаб-қувватлаш  маркази ўртасида ижтимоий ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Алишер ПУЛАТОВ,
Жиззах вилоят суди бош консультанти

Сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлар устидан судга мурожаат қилиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан солиқ органлари “Камерал солиқ текшируви” “Сайёр солиқ текшируви” ва “Солиқ аудити” солиқ текширувларини ўтказади.

Солиқ тўловчилар ушбу солиқ турларининг мақсади ва қандай тартибда ўтказилишини билиб олишлари муҳим аҳамиятга эга. 

Камерал солиқ текшируви — солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) томонидан солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланишини, ўз вақтида ва тўлиқ бюджет тизимига тўланишини текшириш мақсадида солиқ тўловчи, солиқ агентлари томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва (ёки) солиқ органида мавжуд бўлган солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказиладиган текширув ҳисобланади.

Сайёр солиқ текшируви — солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажариш бўйича ўтказиладиган текширув бўлиб, унда ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

Солиқ аудити — солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) муайян даврдаги молия ва солиқ ҳисоботларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига барча жиҳатлардан мувофиқлиги ва ҳаққонийлигини, солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишда солиқ мажбуриятларининг тўғри шакллантирилиши ва акс эттирилишини солиқ органи томонидан ўтказиладиган ўрганиш орқали солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилигини текширишдир.

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 231-моддаси 4-қисмига кўра, солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина  мумкин бўлади.

Ушбу Кодекснинг 235-моддасига кўра, юқори турувчи солиқ органи шикоятни олган кундан бошлаб бир ой ичида қарор қабул қилиши шарт. Ушбу муддат зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотни олиш учун 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Агар солиқ тўловчи юқори турувчи солиқ органининг қароридан норози бўлган тақдирда судга мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур Кодекснинг 27-моддасига асосан солиқ органининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган шикоятлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Агар солиқ тўловчи (аризачи) сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар устидан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 231-моддаси 4-қисмига асосан юқори турувчи солиқ органига шикоят қилмасдан, маъмурий судга ариза билан мурожаат қилган тақдирда, суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 133-моддаси  1-қисмига асосан, аризани иш юритишга қабул қилиш рад этилиши мумкин.

Шу сабабли солиқ тўловчи (аризачи) томонидан сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар устидан судга ариза (шикоят) берилишидан олдин, ушбу қарорлар устидан юқори турувчи солиқ органига шикоят берилганлиги муҳим аҳамият касб этишини билишлари лозим.

Акмал Уринов – Жиззах туманлараро маъмурий судининг раиси

Мизроб Бахриев – Жиззах туманлараро маъмурий судининг судьяси

Skip to content