Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси, Жиззах вилоят суди ҳамда вилоят суди касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан “Уч авлод учрашуви”, вилоят судлари тарихига бағишлаб ёзилган “Жиззах вилоят судлари: тарих, тараққиёт, бугун” номли китоби ҳамда Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг “Покланиш палласи” номли китобларининг тақдимоти ўтказилди

Учрашувга Судьялар ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, олий малакали судья, Судьялар олий мактабининг фахрий профессори Убайдулла Мингбоев ҳамда суд фахрийси Савронбек Турсуновлар таклиф этилди. Унда вилоят судининг судья ва ходимлари, бир гуруҳ прокуратура ва Ички ишлар ходимлари ҳамда Жиззах юридик техникуми ўқувчилари иштирок этишди.

Тадбирда вилоят суди раиси Акрам Шукуров сўзга чиқиб, Убайдулла Мингбоевнинг ҳаёт йўли, ибратли фаолияти, орттирган бой тажрибаси барча судьялар учун ибрат мактаби эканлигини таъкидлади.

Учрашувда Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев сўзга чиқиб, судья ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши, шу орқали фуқароларда судга, судьяга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғота олиши лозимлигини айтиб ўтди.

Суд фахрийлари Савронбек Турсунов ва Митанбой Равшановлар ҳам кўп йиллик фаолиятлари мобайнида орттирган тажрибаларини йиғилганлар билан ўртоқлашдилар.

Тадбирда вилоят судида бир неча йиллар самарали фаолият юритган Додар Эргашевага Убайдулла Мингбоев томонидан Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик марказига қабул қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳномани топшириб, унга ўзининг “Покланиш палласи” номли китобини совға сифатида тақдим қилинди.

Учрашувда Убайдулла Мингбоевнинг “Покланиш палласи” номли китоб тақдимоти ҳам ташкил этилди. Жиззах вилоят судининг судьяси Сирожиддин Қувватов мазкур китобнинг аҳамияти ҳақида гапириб, унда фарзанд тарбияси, инсон ванинг ахлоқий қарашлари, давлат ва жамиятда юз бераётган янгиланишларга бўлган муносабат, дахлдорлик ҳисси ва ҳуқуқий давлатнинг муҳим шартларидан бири бўлган қонун устуворлигига оид фикрлар акс этганлигини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда “Жиззах вилоят судлари: тарих, тараққиёт, бугун” номли китобининг тақдимоти ҳам ўтказилиб, вилоят судининг судьяси Шухрат Худаяров мазкур китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирди.

Вилоят суди томонидан таклиф этилган меҳмонларга вилоят суди томонидан нашр этилган вилоят судлари тарихига бағишлаб ёзилган “Жиззах вилоят судлари: тарих, тараққиёт, бугун” номли китоби совға қилинди.

Ҳақиқатдан суд фахрийлари иштирокидаги учрашув унда айтилган насиҳатлар ҳам суд тизимида фаолият юритувчи судья ва ходимлар ҳамда бўлажак ҳуқуқшунослар учун касбида ва турмуш тарзида ибрат бўлиши аниқ.