Дўстлик тумани “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро суди судьяси Замонали Мажидов томонидан фуқаролик иши юзасидан чиқарилган хусусий ажрим муҳокамасига бағишланган йиғилиш ташкил этилди.
Йиғилишда никоҳдан ажратишга оид фуқаролик иши бўйича суд томонидан қабул қилинган хусусий ажримнинг ижросини таъминлаш, унинг ҳуқуқий ва ижтимоий таъсирини ошириш, шунингдек, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида амалий чоралар муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида мураккаб ижтимоий ҳолатлар — яъни тарафлар қонуний никоҳни расман бекор қилмасдан, бошқа шахс билан шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келаётган ҳолатлари қайд этилди. Бу каби ҳолатлар нафақат шахсий ҳаётга, балки фарзандлар тақдири, жамиятдаги маънавий муҳит, ёшлар онги ва келажак авлод тарбиясига жиддий салбий таъсир кўрсатиши алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда судья З.Мажидов томонидан маҳалла яраштириш комиссиялари ва Оила ҳамда хотин-қизлар бўлимларининг ўз ваколатлари доирасида оилалар билан ишлашда етарлича фаоллик кўрсатмаётгани, низоли оилалар билан мунтазам ва мақсадли ишларнинг йўқлиги муаммоларни чуқурлаштириб бораётганини таъкидлади.
“Ҳар бир маҳалла, ҳар бир масъул идора — оилавий барқарорликни таъминлашда ўзининг бетакрор ўрнига эга. Оиланинг сақланиб қолишга қаратилган ҳар бир саъй-ҳаракат — жамиятнинг барқарор келажаги йўлида ташланган муҳим қадамдир. Кучли жамият, аввало, соғлом ва мустаҳкам оиладан бошланади,” — деди судья З.Мажидов.
Йиғилиш якунида, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларни янада кучайтириш, яраштириш комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш, маҳаллаларда оилавий тарбия, маънавий ҳаёт ва ҳуқуқий билимлар бўйича узлуксиз иш олиб бориш зарурлиги белгилаб ўтилди.