Оила тинчлиги – соғлом муҳит пойдевори

«Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир» деган машҳур иборасини буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой ўзининг «Анна Каренина» романининг бошланишида ёзган.

Бу фикр билан у ҳар бир оиланинг ўзига хос муаммолари борлигини, лекин бахтли оилаларнинг умумий тамойилларга амал қилиши туфайли бахтга эришишини назарда тутган.

Оила жамиятнинг асосий пойдевори сифатида инсон ҳаётида ажралмас аҳамиятга эга. Оила аъзолари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр ва фидойилик шахсий ва жамиятдаги барқарорликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Оила фақат оилавий алоқалар билан чекланмай, балки ижтимоий тизимнинг асоси сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, оилани ҳимоя қилиш ва унинг мустаҳкамлигини таъминлаш ҳар бир жамиятнинг устувор вазифасидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.

Оила – меҳр ва бахт қўрғони. Оила – бу меҳр, ҳурмат, севги ва бир-бирига бўлган ишончдан иборат бўлиб, у жамиятдаги барча ижтимоий алоқаларни шакллантиради. Оила мустаҳкам бўлса, жамиятда адолат, тинчлик ва барқарорлик бўлади. Ҳар бир инсон ўз оиласида тарбия олиб, улкан ҳаётий тажриба тўплайди. Оиланинг муқаддаслиги шундаки, у инсоннинг энг яқин ва азиз даргоҳидир. Бу маконда фарзандлар улғаяди, уларнинг дастлабки тарбияси шаклланади ва келажакда ўз ўрнини топишда қўрғон воситасини бажаради.

Оиланинг мустаҳкамлиги, унинг аъзолари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва тўғрисўзликнинг устунлиги жамиятда ижобий муҳитни яратади. Ўзгалар билан ижтимоий алоқалардаги муаммоларни ҳал қилишда оилада ўрганилган сабоқлар катта аҳамиятга эга бўлади.

Афсуски, ҳозирги жамиятда оилавий ажримлар тобора кўпайиб бормоқда. Оилавий ажримлар – бу оиланинг икки аъзоси (ота ва она) ўртасидаги никоҳни бузиш, яъни ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан алоҳида бўлишидир. Ажримлар оиладаги фарзандлар учун руҳий ва ижтимоий муаммоларга олиб келади. Улар оиланинг жамиятдаги асосий институт сифатида муқаддаслигига зарар етказади.

Шу ўринда фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судида никоҳдан ажрашиш ҳақидаги фуқаролик ишларини статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, никоҳдан ажратиш ҳақидаги қаноатлантирилган даъво аризалар 2023-йилнинг 1-чорагида 33 та, 2024-йилнинг 1-чорагида 30 та ҳамда 2025-йилнинг 1-чорагида 40 тани ташкил этган.

Оилавий ажримларнинг бир нечта сабаблари (омиллари) мавжуд. Улардан баъзилари қуйидагилардир:

– Коммуникация муаммолари – Оила аъзолари ўртасидаги ёмон мулоқот ва тушунмовчиликлар. Кўп ҳолларда, эр-хотин бир-бирини тингламаслик, ўз фикрларини тўғри ифодаламаслик ёки бир-бирининг эҳтиёжларини инобатга олмаслик каби муаммоларга дуч келадилар.

– Молиявий муаммолар – Оиладаги моддий етишмовчилик ва иқтисодий қийинчиликлар. Ўқиш (ёшликда олинмаган илм) ёки иш билан боғлиқ муаммолар (ишсизлик) оиланинг мустаҳкамлигини заифлаштиради.

– Зўравонлик ва муносабатларни суиистеъмол қилиш – Айрим ҳолларда оилада зўравонлик, эрнинг спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилиши оиладаги тинчлик ва маънавий муҳитни бузилишига олиб келади. Бундай ҳолатларда, оила аъзоларининг хавфсизлиги ва фаровонлиги биринчи ўринда туради.

– Шахсий фарқлар ва мос келмаслик – Баъзи ҳолларда, оила аъзолари ўртасидаги шахсий фарқлар (ҳар икки тарафнинг оилавий муҳити), қийматлар ёки ҳаётий мақсадлар уларнинг ўзаро муносабатларида муаммо яратади ва бу ажримга олиб келади.

– Алоқа воситалари ва ижтимоий тармоқлар (интернет) – Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва технологияларнинг ортиб бориши, оммавий маданиятнинг кириб келиши, никоҳда ишончсизлик ва хиёнатни келтириб чиқармоқда. Бунинг натижасида, ажримлар сони ошмоқда.

Баён қилинганлардан келиб чиқиб, оилавий ажримларнинг жамиятга таъсири ҳақида тўхталсак.

Оилавий ажримлар фақат оила аъзоларигагина эмас, балки жамиятга ҳам бевосита таъсир қилади. Ажримлардан кейин фарзандлар кўплаб психологик ва ижтимоий муаммоларни бошдан кечиришади. Ота-онасиз ўсган болаларда эмоционал муаммолар, ишончсизлик ва бошқа руҳий салбий ҳолатлар юзага келиши мумкин. Шунингдек, ажримлар жамиятда ижтимоий нотинчликни ва тенгсизликни кучайтиришига ҳам олиб келиши мумкин.

Хулоса қиладиган бўлсак, Конституция асосида оила – муқаддас ва ҳимояланган тузилма сифатида қаралади. Оилавий муносабатларни қонун йўли билан тартибга солиш, биринчидан, оилаларнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилса, иккинчидан, фарзандларни миллий қадриятлар ва анъаналарга садоқат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Оиланинг муқаддаслиги жамиятдаги адолат, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Зеро, оила тинчлиги – жамият фаровонлигининг асоси ҳисобланади. Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш барчамизнинг бош мақсадимиздир!

Замонали Зафарович Мажидов,
фуқаролик ишлари бўйича
Дўстлик туманлараро судининг судьяси

Ҳақиқий фидокорларга — юксак ҳурмат ва самимий эътироф

Юртимизда ҳар йили 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана фақатгина тарихий кун эмас, балки халқимиз хотирасининг, жасорати ва сабр-тоқатининг тирик тимсолидир. Бу кунда биз Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ва уруш йилларида меҳнат фронтида фидокорона хизмат қилган инсонларни миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Шу муносабат билан Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров ва вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Рахмонов Бахмал туманида истиқомат қилувчи кекса авлод вакилларининг хонадонларига ташриф буюришди. Улар 100 ёшдан ошган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фидойилари — Махмуд ота Миталов, Хатича она Хасанова, Қарабой ота Алманов ва Ойсафар она Фармонова билан самимий суҳбатлашишди.

Бу фидокор инсонларнинг ҳаёт йўллари, уруш йилларида бошдан кечирган оғир синовлари, елкаларидаги масъулият ва фидокорона меҳнатлари тингланди. Уларнинг ҳар бир гапи, ҳар бир хотираси — биз учун ўрнак, ёшлар учун эса буюк дарс бўлиб хизмат қилади.

Фахрийларга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан эсдалик нишонлари ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Бу — эл-юрти томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор, қадрлаш ва ҳурмат ифодасидир. Зеро, улар каби инсонлар бор экан, хотирамиз тирик, келажагимиз порлоқ бўлади.

Бундай учрашувлар халқ ва давлат ўртасидаги руҳий боғланишни мустаҳкамлайди. Бу эса фақат бир кунлик эмас, балки бутун ҳаёт давомида ардоқланиши лозим бўлган қадриятдир. Уларга кўрсатилаётган эътибор, ёш авлод учун сабоқ — «Ватан учун яшаш ва хизмат қилиш» ғоясини янада мустаҳкамлайди.

Skip to content