Зомин тумани, “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинида Жиззах туманлараро иқтисодий суди судьяси Х. Мадатов томонидан маҳаллада яшовчи фуқаролар ва тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати ўтказди

Унда асосан корпоратив низоларни иқтисодий судларда кўрилишининг хусусиятлари ва аҳамияти, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш чоралари ва уларни таъминловчи имкониятлар муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари ва корпоратив ҳуқуқнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди, чунки бу соҳадаги ислоҳотлар тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, фойда олиш мақсадида ташкил этилган юридик шахслар – корпорациялар ва уларнинг ҳуқуқий асослари ҳам муҳокама қилинди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 ноябрдаги “Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 415-сонли қарори корпоратив муносабатларни янада такомиллаштиришда асосий норматив ҳужжат сифатида қайд этилди.

Бундан ташқари, давра суҳбатида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий ва ҳудудий ислоҳотлар, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-71-сонли Фармони доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Маърузачи давлат органлари ва маҳалла ҳамкорлиги, шунингдек, фуқароларнинг ташаббускорлиги коррупцияга қарши самарали курашишда ҳал қилувчи омил эканини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб берилиб, муаммоларни ҳал қилишда барчамизнинг масъулият ва фаоллигимиз муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Бу эса давлат ва жамият ҳамкорлигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Жиззах туманлараро иқтисодий суди судьяси Х.Мадатов