Бугун Жиззах вилоят судлари томонидан Бахмал туманида сайёр қабул ўтказилди.

Жиззах вилояти судлари мутасаддилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида Бахмал туманида истиқомат қилувчи фуқаролар учун тумандаги 6-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида сайёр қабул ташкил этилди.

Қабул давомида судлар томонидан жами 7 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Улардан 5 нафари фуқаролик, 1 нафардан жиноят ва маъмурий судларга оид масалаларни ташкил этди. Шу мурожаатлардан 4 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 3 та мурожаат эса жойида ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Бахмал туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда кадастр органлари томонидан белгиланган жарималарга оид 9 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилди. Сайёр суд мажлиси натижасида фуқароларга нисбатан тайинланган айрим жарималар қонун доирасида камайтирилди.

Хусусан, фуқаро Жумабой Номозовнинг 75 миллион сўм миқдоридаги жаримани камайтириш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилди. Суд қарорига асосан, унга нисбатан жазо миқдори 5 бараварлик базавий ҳисоблаш миқдоригача қисқартирилди.

Ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар, шубҳасиз, давлат органлари билан фуқаролар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндошишга қаратилган муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.