Оилани муқаддас маскан сифатида эъзозлаш, оилада тинчлик, осойишталик ва фаровон муҳитни таъминлаш халқимизга азалдан хос фазилатлардан ҳисобланади. Оила ва оилавий қадриятлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларсиз маънони йўқотади. Анъанавий оилавий қадриятлар ғамхўрлик ва севгига асосланади. Азалдан оила муқаддас даргоҳ, никоҳ эса бузилмас ришта сифатида қадрланади. Мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок оила жамиятнинг осойишталик ва фаровонлигига асос бўлади.
Ҳаёт жараёни мураккаб бўлиб, унда турли ҳолатлар юзага келади. Гоҳи шодлик, гоҳида ғам билан боғлиқ ҳолларда эр ва хотин ўртасида келишмовчиликлар ҳам содир бўлиши мумкин. Кўп ҳолларда шошқалоқлик, жаҳл, қаноатсизлик, манманлик ёки кичик нуқсларни катта масала қилиб кўриш оилавий муносабатларга путур етказади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига кўра, никоҳдан ажратиш ишлари асосан суд тартибида, айрим ҳолатларда эса фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.
Агар эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлса ва уларнинг вояга етмаган болалари бўлмаса, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.
Суд никоҳдан ажратишга оид ишларни Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқади. Суд қонуний ва асосли ҳал қилув қарорини қабул қилиш учун ишнинг ҳақиқий ҳолатларини тўлиқ ва холисона текшириши, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар хусусияти ва келишмовчилик сабабларини аниқлаши шарт.
Оила кодексининг 40-моддасига мувофиқ, суд ишни кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун 3–6 ой муддат тайинлаш ҳуқуқига эга. Мазкур муддат давомида суд тарафларга ярашиш учун берилган муддат сабабли суд мажлисини қолдириш ҳақидаги ажрим нусхасини тегишли фуқаролар йиғинининг Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ва маҳаллий органларга юбориб, натижаси бўйича хулоса олинади.
Агар суд тарафларга ярашиш учун муддат берган ва мажлис қолдирилган бўлса, такроран даъво аризаси билан мурожаат қилинмайди. Дастлабки мурожаат учун талаб этиладиган ҳужжатлар, давлат божи ва нусхалар кейинга қолдирилади. Суд мажлиси белгиланган санада давом этади.
Даъвогарнинг талаблари рад этилган бўлса ва оила тикланмаса, даъвогар олти ойдан кейин қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу тартибда, ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин такрорий мурожаат учун камида олти ой ўтиши керак.
Жамиятда барбод бўлган оилалар, айниқса, фарзандлар тақдирида оғир оқибатлар келтириши мумкин. Ота-онанинг ажралишидан мурғак қалб эгалари энг кўп азият чекади ва маънан етук бўлмаган шахс ҳаётда ўз ўрнини топишда қийинчиликка дуч келади.
Дилбандининг бахтли ҳаёт кечириши учун ота-оналар келишмовчиликларни оғир-вазминлик ва чуқур мушоҳада билан ҳал қилиши, оила аъзоларининг бахтли турмушини таъминлаши муҳимдир. Оилавий ажралишлар нафақат собиқ эр-хотинларнинг, балки жамият ва давлат миқёсида ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Оилаларнинг барбод бўлишига йўл қўймаслик, ажралиш сабабларини аниқлаш ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш учун тизимли чора-тадбирлар кўриш зарур. Никоҳга киришиш арафасидаги ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларда тақдир синовларига бардош берувчи кўникмаларни шакллантириш ҳам муҳимдир.
Маҳалла фуқаролар йиғини, Оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳамда ҳуқуқ соҳаси ходимлари эрлик масъулияти бажарилмаслигига сабаб бўладиган иллатларга қарши курашиши, хотинлардаги камчиликларни бартараф этиши зарур. Шу билан бирга, судлар эр-хотиннинг ярашиб олиши учун зарур чора-тадбирларни амалга оширади.
Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш ва ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш – энг эзгу ва зарур амаллардан ҳисобланади. Никоҳдан ажралишнинг олдини олиш ва эр-хотинни ўзаро муросага келтириш нафақат судлар, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам фаол иштироки билан амалга оширилиши жамиятимиз ривожига ҳисса қўшади.
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро суди судьяси
Иноятов Ботир Рахматович