Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бош тортиш оқибатлари

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасининг биринчи қисмига кўра: моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бош тортиш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик — ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баробари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.

Агар шахс маъмурий жазо қўлланилгандан кейин суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 122-моддаси 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ушбу қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 29-моддасининг иккинчи қисмига кўра, маъмурий қамоқ чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга қўлланилиши мумкин эмас.


Жиноят ишлари бўйича
Зафараобод туман суди раиси
Ж. Салоҳиддинов