Жиззах вилояти судлари томонидан Шароф Рашидов ҳамда Зарбдор туманларида сайёр қабул ўтказилди

Жиззах вилояти судлари мутасаддилари томонидан Шароф Рашидов туман ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар учун тумандаги 8-сон мусиқа ва санъат мактаби биносида оммавий сайёр қабул ташкил этилди.

Унда турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 43 нафар нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Уларнинг 30 нафари фуқаролик, 10 нафари жиноят, 2 нафари иқтисодий ва 1 нафари маъмурий судларга оид масалалар ташкил қилди. Шу мурожаатларнинг 38 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 5 таси жойида ижобий ҳал этилди

Қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг сайёр мажлисида 24 нафар шахсларга оид маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, 12 нафар маҳкумлар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Жумладан, фуқаро Элдор Ахмедовнинг унга нисбатан ЙҲХБ томонидан қўлланилган 1 миллион 700 минг сўмлик жарима жазосини бекор қилиш ҳақидаги илтимосномаси сайёр суд тартибида кўриб чиқилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига асосан маъмурий иш юритувдан тугатилди.

Куннинг иккинчи ярмида эса Зарбдор туман ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар учун тумандаги 1-сонли мактабда оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Унда 31 нафар фуқаролар қабул қилиниб, 8 нафар фуқароларнинг мурожаати ижобий ҳал этилган бўлса, 23 нафар фуқароларга тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судининг сайёр мажлиси ўтказилиб, унда 21 нафар шахсларга оид маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, 5 нафар маҳкумлар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Жумладан, фуқаро Алишер Хайдаровнинг унга нисбатан Солиқ органи томонидан қўлланилган 3 миллион сўмлик жарима жазосининг миқдорини камайтириш ҳақидаги илтимосномаси сайёр суд тартибида кўриб чиқилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима жазо тайинланди.

Сайёр қабулдан сўнг, вилоят суди раиси бошчилигида туман ҳокими, туман прокурори ҳамда туман суди раиси томонидан 1-сонли мактабнинг спортчи ёшлари ҳамда мактабнинг намунали ўқувчиларига бир неча турдаги китоблар совға қилинди.

Вилоят суди раиси Акрам Шукуров, ўқувчиларга бундан ҳам юқори натижаларга эришиб ватанимиз равнақига ўз хиссаларини қўшишлари кераклигини таъкидлади.