Талончилик жинояти тушунчаси ва унинг салбий оқибатлари
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддасига биноан, хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратади. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мол-мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Талон-тарож қилиш-бу бировнинг мулкини ўзининг ёки бошқа шахсларнинг фойдаси учун, мулкдорга ёки ушбу мулкнинг бошқа эгасига зарар келтириб, қонунга хилоф равишда, бепул олиб қўйишда ифодаланади.
Талон-тарож қилиш объекти иқтисодий ва ҳуқуқий категория сифатидаги мулкдир.
Мулк-бу мулкнинг эгаси билан жамиятнинг бошқа аъзолари (мулкдор бўлмаган) ўртасида мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича юзасига келадиган ҳуқуқий муносабатлардир.
Ўзбекистон Республикасининг жиноят қонунчилиги талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноятларга жавобгарликни белгилашда уни қайси усулда содир этганлигига кўра ажратади.
Жиноят кодексида талон-тарож қилишнинг қуйидаги шакллари кўзда тутилган:
-босқинчилик (ЖКнинг 164-моддаси), товламачилик (ЖКнинг
165-моддаси), талончилик (ЖКнинг 166-моддаси), ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш (ЖКнинг 167-моддаси), фирибгарлик (ЖКнинг 168-моддаси), ўғирлик (ЖКнинг 169-моддаси).
Шу ўринда талончилик жиноятига тўхталиб ўтамиз.
ТТалончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Талончилик:
а) ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб;
б) анча миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Талончилик:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) уй-жойга, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб;
в) кўп миқдорда содир этилган бўлса, — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Талончилик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Талончилик ўзгалар мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш деб белгиланади. Айбдор, жабрланувчи ва бошқаларнинг кўз олдида ўзганинг мулкини эгаллаб олаётганлигини ва улар унинг ҳаракатларининг жиноий хусусиятини тушунганлигини англаганда, ўзганинг мулкини ошкора талон-торож қилиш талончилик ҳисобланади.
Талончиликнинг объектив томони ўзгалар мулкини зўрлик ишлатмай ошкора эгаллаб олувчи фаол ҳаракатларда ифодаланади. Ошкора талон-торож деб тан олиш учун, биринчидан, мулкдор, мулк эгаси ёки бошқа шахслар айбдорнинг ҳаракатларини кўриб турган бўлишлари ва уларнинг жиноий хусусиятга эга эканлигини тушунишлари, иккинчидан, айбдор бу ҳолатни англаган, бироқ назар-писанд қилмаган бўлиши зарур.
Агар иштирок этувчилар талон-торож қилинганлигини сезмасалар ёхуд буюм олинганлиги фактини кўра туриб, уни қонуний ҳисобласалар ва айбдор ҳам шунга умид қилган бўлса, у ҳолда талон-торожни ошкора деб тан олиниши мумкин эмас. Иштирок этувчилардан биронтаси ўзгалар мулкини ноқонуний ўзлаштириш бўлаётганлигини, лекин айбдор бошқа шахсларга сездирмай ҳаракат қиламан деб уйлаётганлигини сезган ҳолларда ҳам талон-торожни талончилик сифатида квалификация қилиш мумкин эмас.
Яширин равишда бошланган талон-торож баъзан ўзгалар мулкини очиқдан-очиқ эгаллашга айланиб кетади. Бундай ҳоллар, мулкни эгаллаш жараёнида жиноятчини сезиб қолишганида, лекин буни тан олмай ўз ҳаракатларини давом эттириб, мулкни ошкора эгаллаб олган ҳолларда содир бўлади. Яширин равишдаги талон-торожнинг ошкор бўлиши ҳақидаги масала, ўғирлик сифатида бошланган ҳаракатлар ҳали тугалланмаган, яъни айбдор мулкни эгаллаб олмаган ва ундан фойдаланишнинг реал имкониятларини қўлга киритмаган ёки улардан ўз билганича фойдаланиб улгурмаган ҳолларда юзага келади.
Талончилик таркиби – моддийдир. Шунинг учун унинг объектив томонининг муқаррар белгиси мулкдорга ёки мулкнинг қонуний эгасига мулкни зарар етказиш шаклидаги ижтимоий хавфли оқибатлардан иборатдир. Демак, мулкни амалда эгаллаб олиш, яъни жиноятчида талон-торож қилинган нарсадан фойдаланиш ёки ундан бошқача тарзда ўз билганича фойдаланиш имконияти пайдо бўлиши вазиятидан бошлаб бу жиноят тугалланган ҳисобланади.
Айбдорнинг ноқонуний ҳаракатлари ва келиб чиққан зарарли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланишлар ҳам талончиликнинг объектив томонига киради.
Талончиликнинг субъектив томони тўғри қасдда ифодаланади. Айбдор ошкора, яъни бошқа шахсларнинг кўз ўнгида бегоналарнинг мулкига ҳақи бўлмаган ҳолда эгалик қилади, ўз ҳаракатлари билан мулкдор ёки мулкнинг қонуний эгасига мулкий зарар етказишни олдиндан билади ва шу оқибатларнинг келиб чиқишини истайди. Ғаразли мотивларга асосланиб, у ўзгалар мулки ҳисобига ноқонуний фойда олишни кўзлайди.
Талончиликнинг квалификация таркиби соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш каби ўзига хос белгини ўз ичига олади (ЖК 166-м., 2-қ., “а” банди). Бу белгини тўғри қўллаш учун учта ҳолатни ҳисобга олиш зарур. Биринчидан, Қонун амалда зўрлик ишлатилганлигинигина эмас, уни қўллаш билан таҳдид қилинганлигини ҳам назарда тутади. Бу билан руҳий зўрлик ишлатиб талончилик қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақидаги асоссиз баҳсларга чек қўйилди. Худди жисмоний зўрлик каби, жисмоний зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш орқали руҳий зўрлик ҳам талончиликнинг квалификация белгиси ҳисобланади. Иккинчидан, талончиликда зўрлик мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгасига, шунингдек реал ҳолда ёки айбдорнинг фикрича талон-торожга тўсқинлик қилувчи бошқа шахсларга нисбатан ҳам ишлатилиши мумкин. Учинчидан, ўз характери жиҳатидан ҳаёт ва соғлиқ учун хавф туғдирмайдиган зўрлик, зўрлик ишлатиш йўли билан босқинчилик қилишнинг белгиси ҳисобланади. Бундай зўрлик деганда, ҳаёт учун хавф туғдирмайдиган ва соғлиққа реал зиён етказмайдиган, жабрланувчига жисмоний азоб етказувчи уриш ёки эркинлигини чеклаб қўювчи ҳаракатлар тушунилади.
Айбдорнинг жабрланувчига эмас, унинг буюмларига нисбатан жисмоний зўрлик ишлатиб қилган ҳаракатлари зўрлик ишлатиш деб квалификация қилиниши мумкин эмас (масалан, бошдан телпакни юлиб олиш ёки қўлидан сумкани тортиб олиш).
Агар зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мулкни эгаллаш ёки уни эгаллагандан сўнг сақлаб туриш воситаси бўлиб хизмат қилган ҳоллардагина талончилик зўрлик ишлатиш йўли билан содир этилган деб ҳисобланади. Шунинг учун, талончи ўғирлик тамом бўлгандан сўнг ушлашдан қочиш сифатида амалга оширилган қўрқитиш, уни тугалланган талончиликка айлантириши мумкин эмас. Аксинча, жиноят зўрлик ишлатмасдан талончилик ёки ҳатто ўғирлик сифатида бошланса, лекин уни билиб қолишгач айбдор мулкни эгаллаш учун зўрлик ишлатса ёки уни яширин эгаллангандан кейин ушлаб туриш учун ишлатса, қилмиш зўрлик ишлатиш йўли билан талончилик қилишга айланади.
Инсонга нисбатан зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш бу талончилик турининг юридик моҳиятини ўзгартиради. Бундай ҳолларда жиноят икки объектли бўлиб қолади: мулк муносабатлари билан бирга соғлиқ, шахсий эркинликни ва бадан дахлсизлигини таъминловчи ижтимоий муносабатларга зарар етади ёки уларга бевосита хавф туғилади.
Жиноят содир этилган жойда ҳозирнинг ўзида зудлик билан эмас, балки кейинроқ, анча муддат ўтгач зўравонлик қўллаш таҳдиди товламачилик белгиси бўлиб, талончиликка кирмайди.
Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан бўладиган қўрқитиш талончилик таркибига киради ва ЖК 112-моддаси билан қўшимча баҳолашни талаб қилмайди. Агар мол-мулкни эгаллаш асносида зўравонликни қўллаш таҳдиди амалга оширилса, қилмишни етказилган тан жароҳатининг оғирлик даражасига қараб талончилик ёки босқинчилик сифатида баҳолаш лозим.
Н.Эрназаров,
Жиззах вилоят судининнг судьяси
И.Карабаев,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси