Болалар меҳнатига барҳам бериш — уларнинг соғлом ва баркамол вояга етишининг гаровидир
Болалар меҳнатига барҳам бериш — уларнинг соғлом ва баркамол вояга етишининг гаровидир
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амал қилаётган тизим самарадорлигини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи алоҳида акс эттирилган.
Хусусан, ушбу йўналишда қонунчилик ҳамда ташкилий-ҳуқуқий база мустаҳкамланди, халқаро стандартлар имплементация қилинди, институционал тизим ривожлантирилди, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик янада фаоллаштирилди.
Навбатдаги босқичда Конституция даражасида болалар меҳнатидан фойдаланишни чеклаш масаласини белгилашда, аввало, «болалар меҳнати» тушунчасига аниқлик киритиш зарур.
Боланинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатадиган, унинг келгусида жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиши учун зарур бўлган кўникма ва тажриба орттиришига хизмат қиладиган фаолият турлари мавжуд. Шу боис болалар томонидан бажарилиши мумкин бўлган иш турлари билан болалар меҳнати ўртасидаги фарқ ҳар бир ҳолатда алоҳида баҳоланиши лозим.
Албатта, ҳар қандай вазият ва ҳар қандай давлат учун мос келадиган «болалар меҳнати» тушунчасига ягона ва аниқ таъриф бериш мураккаб масала ҳисобланади. Буни Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳам эътироф этадилар. Бунда ишни бажараётган боланинг ёши, жисмоний имкониятлари ҳамда меҳнатни амалга ошириш шароитларига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор тараққиёт мақсадлари билан тўлиқ уйғундир. Хусусан, Барқарор тараққиёт мақсадларининг 8.7-бандига мувофиқ, 2025 йилга қадар болалар меҳнатининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича зудлик билан самарали чоралар кўриш назарда тутилган.
Болаларнинг барвақт меҳнатга жалб этилиши уларнинг таълим олиш имкониятларини чеклайди ва натижада келгусида жамиятда саводсиз, жисмоний ҳамда интеллектуал жиҳатдан ривожланмаган шахслар шаклланишига олиб келиши мумкин. Бу эса уларнинг камбағалликдан чиқиш имкониятларини кескин камайтиради. Ўз навбатида, ушбу ҳолат келажак авлоднинг ривожланиш салоҳиятига салбий таъсир кўрсатади ва жамият тараққиётига ҳеч қандай ҳисса қўшмайди.
Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди раиси Ж. Салохиддинов






