Бугун Жиззах вилоят судида судья ва суд ходимлари учун психологик семинар-тренинг ташкил этилди

Суд тизимида инсон омили, хусусан, судья ва суд ходимларининг руҳий барқарорлиги, мулоқот маданияти ва стрессни бошқариш қобилиятига катта эътибор қаратилаётгани барчамизга маълум. Шу мақсадда, Жиззах вилоят судида видеоконференцалоқа режимида психологик семинар-тренинг ташкил этилди.

 

Ушбу семинар-тренингда вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларида фаолият олиб бораётган судьялар ҳамда суд ходимлари иштирок этдилар. Тренингни юқори малакали, тажрибали психолог олиб борди. Тадбирнинг асосий йўналиши — стрессга бардошлиликни ошириш, мураккаб вазиятларда ҳиссий зеҳнни назорат қилиш ҳамда фуқаролар билан мулоқотда холис, профессионал ёндашувни шакллантиришдан иборат бўлди.

Семинар давомида иштирокчиларга стрессни бошқариш, салбий ҳиссиётлар устидан назоратни кучайтириш ва шахсий ички барқарорликни таъминлаш бўйича амалий тавсиялар берилди. Психолог судья ва суд ходимлари учун жуда муҳим бўлган коммуникатив компетенциялар, сабр билан эшитиш, вазмин муносабатда бўлиш каби кўникмаларни ривожлантириш усулларини амалий машғулотлар орқали тақдим этди.

Тренинг, шубҳасиз, судья ва суд ходимлари учун ўзини қайтадан англаш, ички барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда хизмат жараёнида фуқаролар билан мулоқотда очиқ ва адолатли бўлишнинг муҳим эканини яна бир бор эслатди. Одил ва холис қарор қабул қилишда ҳиссий мувозанатни сақлаш — ҳар бир судьянинг масъулиятли вазифаси экани таъкидлаб ўтилди.

Мазкур тренинг нафақат касбий билим ва кўникмаларни, балки инсонпарварликка асосланган ёндашувларни ривожлантириш, суд тизимида инсон қадрини юксалтиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди.

Зеро, адолат — бу фақат қонунларга амал қилиш эмас, балки инсон қалбини тинглаш, уни англаш ва холис қарор қабул қилиш масъулиятидир.