Бугун Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси томонидан Зарбдор туман солиқ инспекцияси биносида маҳаллий аҳоли вакиллари, солиқ инспекцияси ходимлари ҳамда ҳудудда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектларининг вакиллари иштирокида “Суд – ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида” давра суҳбати ташкил этилди.

Ўтказилган давра суҳбатида Зомин туманлараро иқтисодий суд раиси Х.Мадатов томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини йиғилиш иштирокчиларига тушунтириш берар экан, ўз сўзида юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлиги айтиб ўтди.
Шунингдек, мазкур Қонунда белгилаб берилган вақтинчалик ҳамда доимий тўловга қобилиятсизлик ҳақида тушунтиришлар берилди.
Вақтинчалик тўловга қобилиятсизлик — агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги;
доимий тўловга қобилиятсизлик эса — агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса. Шунингдек, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш ушбу Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг (органнинг) аризаси асосида қарздор юридик шахс давлат рўйхатидан ўтган жойдаги, шунингдек қарздор жисмоний шахс ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойидаги суд томонидан кўриб чиқилиши ҳақида таъкидлади.
Шу билан бирга, Қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади. Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга эканлиги ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, маърузачи томонидан тадбир иштирокчиларига 2024 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-943-сонли Қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.
Жумладан, мазкур Қонунда назарда тутилишича кейинги йилларда «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилганлиги, Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиққанлиги, бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун кулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги ҳақида умумий маълумотлар берилди.
Суд раиси йиғилиш иштирокчиларига учинчи масала юзасидан тўхталар экан, ўз сўзида корпоратив низоларни иқтисодий судларда кўрилишининг ўзига хос хусусиятлари ва аҳамиятлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Жумладан, корпоратив низолар билан боғлиқ ишлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 30-моддасида келтирилган турлари бўйича ҳакамлик судига мурожаат қилиш тўғрисидаги ҳакамлик битими мавжуд бўлса, ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилади, агар юқорида кўрсатилган битим мавжуд бўлмаса, у ҳолда иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиши юзасидан маълумотлар берилди.
Бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлар билан ўзаро ёки фуқаролар ўртасида юзага келаётган низоларни суд орқали ҳал қилиш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, корпоратив муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш алоҳида ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Жумладан,
биринчидан, иқтисодий судга даъво билан юридик шахслардан ташқари фуқаролар ҳам мурожаат қилишлари мумкин;
иккинчидан, корпоратив низо тарафлари суд буйруғи тартибида ёки ариза билан мурожаат қилишлари мумкин эмас, фақат даъво тартибида мурожаат қилишлари мумкин;
учинчидан, жамиятдан чиқариш талаби билан судга фақат жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари мурожаат қилишлари мумкин.
тўртинчидан, корпоратив низоларнинг айрим турлари учун махсус даъво муддати жорий қилинган;
бешинчидан, корпоратив низолар билан боғлиқ ишлар фақат иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади;
олтинчидан, корпоратив низолар билан боғлиқ ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
Корпоратив низоларни иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиши учун низо юридик шахс фаолиятидан келиб чиққан бўлиши талаб этилиши юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Ўтказилган давра суҳбатида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига Зомин туманлараро иқтисодий суд раиси томонидан батафсил жавоблар бериб ўтди.