Гиёҳвандлик – аср вабоси
Маълумки, ХХ асрнинг охирларига келиб, гиёҳвандлик умумбашарий муаммога айланган, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси чегара билмас жирканч кучга, инсониятга жуда катта хавф туғдира бошлаган, натижада, унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор халқаро конвенциялар қабул қилинган. Жумладан,
1961, 1971, 1988 йилларда қабул қилинган конвенциялар гиёҳвандликка қарши курашда нафақат халқаро, балки ҳар бир иштирокчи давлатнинг ички тизими яратилиши лозимлигини белгилаб беради, Ўзбекистон Республикаси ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш борасидаги халқаро конвенцияларнинг тўлақонли иштирокчиси бўлиб, ушбу конвенциялар юзасидан олинган мажбуриятларнинг амалий чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқда.
Гиёҳвандликка қарши кураш муаммоси у ёки бу мамлакатнинг ички муаммоси бўлибгина қолмай балки глобал даражадаги аҳамият касб этади. Унга қарши кураш жаҳон ҳамжамиятидан бутун куч ва имкониятларни бирлаштириб ҳамкорликда комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларни биргаликда адо этишни тақозо этади.
Қонунда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек уларни кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказиш — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишлар озгинадан кўпроқ миқдорда содир этилган бўлса – беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ жойларида;
г) ўқув юртларида ёки ўқувчилар, талабалар томонидан ўқув, спорт ва жамоат тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиладиган бошқа жойларда;
д) телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни лабораторияларда ёхуд ўзганинг мулки ҳисобланган воситалар ва асбоб-ускуналардан ёки прекурсорлардан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда тайёрлаш ёки қайта ишлаш, шунингдек бундай воситаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун бангихоналар ташкил қилиш ёки сақлаш, шунингдек ушбу модданинг иккинчи ёки учинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) ўта хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш —
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни топширса, жазодан озод қилинади.
Гиёҳвандликка мубтало бўлганларда хасталик борган сари кучая бориб одатда кутилмаган ёмон оқибатларга олиб келишини, гиёҳвандликнинг алоҳида ижтимоий йўналишларга эга эканлиги, яъни, ёшлар ва хусусан вояга етмаганлар, шунингдек аёллар орасида кенг тарқалиб бораётганлиги унинг хавфлилигини янада ошиб бораётганлигидан далолат беради. Шундай экан гиёҳвандликка қарши кураш давлат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси бўлмасдан, балки унга барчамиз бирдай масъул бўлмоғимиз лозим.
Намозбой Мухтаров
Жиззах вилоят судининг
бош консультанти