Гиёҳвандлик жинояти: жамият ва инсон келажагига таҳдид

Бугунги кунда глобал миқёсда инсоният олдида турган энг хавфли ва долзарб муаммолардан бири — бу гиёҳвандлик балосидир. У нафақат шахсий саломатликни, балки жамиятнинг маънавий ва ахлоқий асосларини издан чиқарувчи иллатдир. Ушбу хавфли жараёнга қарши бутун дунё бўйлаб кескин кураш олиб борилаётганига қарамасдан, дунёда 90 миллион нафардан зиёд инсон ушбу разил одатга мубтало бўлгани қайд этилмоқда.

Гиёҳвандлик — инсон ҳаётига сукунат билан етадиган, лекин оқибати ҳалокатга олиб борадиган оғир жиноятдир. Унинг таъсири остида нафақат инсоннинг руҳий ва жисмоний соғлиги, балки унинг оиласи, атрофи, муҳити ҳам инқирозга юз тутади. Айниқса, сурункали гиёҳвандликка дучор бўлган шахсларнинг кўпчилиги 30 ёшга етмасдан ҳаётдан кўз юмиши бу иллатнинг нақадар даҳшатли эканини яққол намоён этади.

Гиёҳвандлик оқибатлари:

  • Эрта ва оғриқли ўлим;
  • Турли оғир жиноятларни содир этиш: қотиллик, босқинчилик, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик ва бошқалар;
  • Қонунга зид равишда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини амалга оширганлик учун жиноий жавобгарлик;
  • Оилавий таназзул ва жамиятдан узилиш;
  • Фарзандларнинг ногирон туғилиши ва саломатликдаги оғир нуқсонлар;
  • Ижтимоий фаолликнинг пасайиши, руҳий тушкунлик ва маънавий инқироз;
  • Миллий ва умуминсоний қадриятлардан узоқлашиш.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида (270–276-моддалар) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш ҳолатлари учун аниқ ва қатъий жазо чоралари белгиланган. Бироқ жазо — фақатгина оқибат. Иллатнинг олдини олиш, унга қарши самарали профилактика ишларини ташкил этиш — бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан биридир.

Бугунги кунда ушбу иллатга қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигида тарғибот ва тушунтириш ишлари кенг миқёсда йўлга қўйилмоқда. Бу — халқимиз салоҳиятини, келажак авлодни турли таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлардир.

Гиёҳвандликка қарши курашда тарбия муҳим ўрин тутади. Айниқса, ёшлар қалбида инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат, эътиқод, садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантириш орқали уларни бундай иллатдан узоқлаштириш мумкин. Соғлом ҳаёт тарзи, маънавий етуклик ва ҳуқуқий онгнинг шаклланиши — бу каби муаммоларга қарши энг самарали қалқондир.

Гиёҳвандлик жинояти бутун инсоният учун хавф солаётган бир пайтда, ҳар бир юртдошимиз ушбу муаммонинг асл оқибатлари ҳақида жиддий хулоса чиқариши, шахсий ва жамоавий масъулиятини англаши лозим. Бу курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тиббиёт муассасалари, таълим ва тарбия муассасалари билан бир қаторда, ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ўз ҳиссасини қўшиши шарт.

Соғлом ва баркамол авлод — юртимиз келажагининг кафолати. Демак, барчамиз бу мақсад йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, келажакни асраш йўлида қатъий ва сидқидилдан қадам ташлашимиз зарур.

Жиноят ишлари бўйича

Жиззах шаҳар суди судьяси

Жонибек Тангматов