Юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва қонун устуворлигини таъминлаш – ҳар қандай давлатнинг бош мақсади. Бу йўлда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқбузарликка бўлган муносабати, ўз маҳалласи тақдирига дахлдорлик ҳисси ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу эзгу мақсад йўлида Дўстлик туманидаги “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини биносида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида навбатдаги маънавий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Жиззах вилоят суди судьяси Ш.Мирзаахмедов, жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман суди судьялари ҳамда маҳалла профилактика инспектори ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Сўз олган судьялар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари, уларнинг инсон тақдири ва жамиятга етказадиган зарари ҳақида фикр юритар экан, жазо муқаррарлиги, қонун устуворлиги ва фуқаролик масъулияти масалаларига алоҳида тўхталдилар. Ҳуқуқий тарғибот орқали жиноятларнинг олдини олиш, ҳар бир шахсда қонунга ҳурмат ва виждонли фаолликни тарбиялаш лозимлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида маҳалла фаоллари сўзга чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Бу каби тадбирлар “Менинг маҳаллам – менинг судьям” тамойилини амалда намоён этиб, халқ билан суд ўртасидаги ишонч кўпригини янада мустаҳкамламоқда.