ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ СУДИДА УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ

Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров раислигида ўтказилган тадбирда суд фахрийлари, Жиззах вилояти юридик техникуми ўқувчилари ҳамда видеоконфренцалоқа режими орқали Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари Умсун Астанова ҳамда Эркин Умурзаковлар иштирок этишди.

Тадбирни вилоят суди раиси Акрам Шукуров очиб бериб, суд фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида гапириб, кекса авлод вакилларининг босиб ўтган йўллари, тажрибалари тизим ходимлари ҳамда ўқувчилар учун ибрат мактаби эканини таъкидлади.

Шундан сўнг сўзни Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевга берди. Устоз У.Мингбоев судьяликнинг масъулияти, ўзига яраша машаққатларига тўхталиб ўтди. Тизимда самарали фаолият олиб бориш ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидлади.

Вилоят суди раиси Акрам Шукуров суд фахрийларига Шоҳрух Акбаровнинг “Касби-корим адолат бўлди” номли китобини ҳамда суд фахрийлари билан эсдалик учун тушилган фотосуратни совға сифатида тақдим қилди.

Суд фахрийлари Умсун Астанова ҳамда Митанбой Равшановлар ҳам йиғилганларга ўз тажрибалари, меҳнат фаолиятидаги эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб беришди.

Вилоят судининг судьяси Дилшод Эшматов ҳамда юридик техникум ўқувчиси Маликахон Шомуродовалар сўзга чиқиб, ёзувчи Шоҳрух Акбаровнинг Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг ҳаёт йўли, машаққатли меҳнат фаолиятини ўз ичига олган “Касби-корим адолат бўлди” номли китобининг мазмун-моҳиятини йиғилганларга тушунтиришди. Мазкур китоб иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Йиғилиш якунида вилоят суди раиси Акрам Шукуров йиғилганларга вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг марҳум тингловчиси Рахим Султоновнинг ҳаёт йўлига бағишланган брошюра чиқарилганлигини кўрсатиб, у барча ҳамкасблари орасида ўз меҳнати ва илми билан обрў қозонганлигини таъкидлади. Шунингдек вилоят суди раиси Акрам Шукуров томонидан йиғилганларга янги ташкил этилган хотира ва суд фахрийлари бурчаги таништирилди.