Тадбирда вилоят суди судьялари, Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Олимпия ва паралимпия маркази масъул ходимлари иштирок этишди.
Йиғилишда асосий эътибор Соғлиқни сақлаш тизимидаги оилавий поликлиникалар томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштириш ва уларни юритиш жараёнида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлигига қаратилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 20 мартдаги 25-сон буйруғи билан тасдиқланган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га мувофиқ, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки маълумотномаси беморни шифокор шахсан кўрикдан ўтказгандан сўнг ва меҳнатга лаёқатсизлик аниқланганда берилиши лозим. Ташхис клиник маълумотлар ҳамда лаборатор ва инструментал текширувлар натижалари билан асосланиб, тиббий ҳужжатларда акс эттирилиши шарт.
Амалиётда эса айрим ҳолларда мазкур талабларга риоя этилмаслиги, меҳнат низолари юзасидан кўрилаётган ишлар жараёнида варақаларнинг нотўғри расмийлаштирилиши тарафлар томонидан ҳақли эътирозлар келтирилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан йиғилишда келгусида меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштириш ва уларни юритишда белгиланган йўриқнома талабларига қатъий амал қилиш зарурлиги таъкидланди.