Жиззах вилояти судлари томонидан навбатдаги сайёр қабул Жиззах шаҳрида ўтказилди
Жиззах вилояти судлари мутасаддилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида Жиззах шаҳар ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар учун Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетида оммавий сайёр қабул ташкил этилди.
Ўтказилган сайёр қабулда вилоят судлари томонидан жами 11 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.
Уларнинг 2 нафари маъмурий, 1 нафари иқтисодий ҳамда 4 нафардан фуқаролик ва жиноят судларига оид масалалар ташкил қилди. Мазкур мурожаатларнинг 9 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 2 таси жойида ижобий ҳал этилди.
Қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида 2 нафар шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди томонидан 1 нафар фуқаронинг зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаш ҳамда 1 нафар фуқаронинг юридик фактни белгилаш ҳақидаги аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.
Жумладан, фуқаро Озод Зокировнинг унга нисбатан ЙҲХБ томонидан қўлланилган 340 минг сўмлик жарима жазосини бекор қилиш ҳақидаги илтимосномаси сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, мазкур иш маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига асосан маъмурий иш юритувдан тугатилди.
Ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар энг аввало инсон манфаатлари учун хизмат қилмоқда. Зеро, бугун қайси соҳада бўлмасин одамларни рози қилиш давлат идоралари фаолиятининг бош мақсадидир.