Семинарни вилоят маъмурий суди раиси С. Раҳмонов олиб борди. У ўз сўзида суд-экспертиза жараёнида судьялар ва экспертлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бундай амалий тадбирлар орқали назарий билимлар билан амалиётни уйғунлаштириш, судлов тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилинишини қайд этди.
Амалий фаолиятда учрайдиган энг муҳим муаммолардан бири – экспертиза тайинлашда судьялар томонидан саволларнинг аниқ ва мақсадга мувофиқ шакллантирилмаслигидир. Бу ҳолатлар экспертиза хулосаларида хатоларга, суд жараёни муддатларининг узайишига ва баъзида қайта экспертиза тайинланишига сабаб бўлади. Шу сабабли, саволларни тўғри ва аниқ шаклда белгилаш муҳим аҳамият касб этади.
Семинарда экспертлар томонидан слайдлар орқали суд экспертизасининг турлари, уларнинг мазмун-моҳияти, ҳуқуқий жиҳатлари ҳамда экспертизани ўтказиш муддатлари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди. Судьялар ва экспертлар ўртасидаги очиқ ва самарали мулоқотда амалиётдаги тушунмовчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари кенг муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби амалий семинарлар нафақат судья ва экспертлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, балки суд-ҳуқуқ тизимида шаффофликни таъминлаш, адолат ва холислик тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим рўл ўйнайди.