Жиззах вилоят судида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун матбуот анжумани ҳамда “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди

Тадбирда дастлаб Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров томонидан вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий судининг тузилиши ва фаолияти видеоролик ҳамда презентация орқали йиғилганларга тушунтирилди.

Шундан сўнг, Жиззах вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Рахмонов 2023 йилда маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг 219 тасини ер билан боғлиқ ишлар ташкил қилиши, ушбу ишларнинг 127 таси қаноатлантирилгани, 68 таси рад этилгани, 9 таси иш юритишдан тугатилиб, 15 таси кўрмасдан қолдирилгани ҳамда ушбу ишлар бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларига нисбатан 111 та хусусий ажримлар чиқарилиб, муҳокама қилиш ва тегишли чоралар белгилаш учун юборилганлигини таъкидланди. Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Рахматилла Орзиқулов томонидан жиноят ишларини биринчи инстанцияда кўришда 152 нафар шахснинг қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залидан озод қилингани, барча инстанцияларда 22 нафар шахс оқланган бўлса, 516 шахсга нисбатан 331 та жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов органи томонидан нотўғри қўйилган айбловлар ўзгартирилиб ҳукм чиқарилганлиги баён қилинди. Жиззах вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Жамол Қаххоров томонидан иқтисодий ишлар бўйича судларга 2023 йил давомида 14 144 та ариза ва даъво аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 12 689 таси ёки 89,7 фоизи кўриб чиқилгани, кўрилган ишлар сони ўтган йилдагига нисбатан 2 079 тага ёки 14 фоизга камайганлиги айтиб ўтилди. Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Нодиржон Расулов томонидан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида “Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда мутасадди вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қўшма қарор билан тасдиқланган ҳамкорлик дастурининг 5-бандида ажрашиш учун суд органларига ариза берган фуқаролар рўйхатини шакллантириш ҳамда ҳудудий оила ва хотин-қизлар бўлинмалари билан ахборотлар алмашувини йўлга қўйиш белгиланганлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб олишди.

Шундан сўнг, медиа вакиллари вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг суд мажлислар зали, статистика, архив ва девонхона фаолияти билан танишди. Айниқса, фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан зиёд суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиб ва суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари, «Адолат» ахборот тизими ҳақида журналист ва блогерларга тўлиқ тушунтириш берилди.