ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТ СУДИДА ҲИСОБОТ-САЙЛОВ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

Жиззах вилояти судлари судьялари ҳамда суд аппарати ходимлари иштирокида жамоа шартномасининг 2025 йилдаги ижроси якунларига бағишланган ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда жамоа шартномасининг 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар натижалари, шунингдек, суд тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар муҳокама қилинди.

Тадбир давомида Жиззах вилояти суди касаба уюшма қўмитаси раиси А. Хомидов жамоа шартномасининг ижроси юзасидан ҳисобот бериб, мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар, ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ижтимоий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномасининг лойиҳаси кўриб чиқилиб, уни қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мазкур жамоа шартномаси суд тизими ходимларининг меҳнат, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилади.