Жиззах вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан вилоят Солиқ бошқармаси биносида давра суҳбати ташкил этилди

Давра суҳбатида тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакили девонининг бош инспектори, вилоят солиқ бошқармаси масъул ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.

Суҳбат давомида мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбирда Президентимиз томонидан қабул қилинган сўнгги муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, 2025 йил 19 август куни қабул қилинган – Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 138-сонли Фармон ҳамда 2025 йил 21 августдаги – “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш, ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли Фармонлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Мазкур фармонлар орқали тадбиркорларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, суд тизимида замонавий технологияларни жорий этиш ва фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсад қилингани таъкидланди.

Тадбирда, шунингдек, солиқ қонунчилигидаги янгиликлар, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорлик фаолиятига оид ҳуқуқий кафолатлар бўйича тушунтиришлар берилди.

Тадбиркорлар учун бундай очиқ мулоқотлар амалий аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, муаммоларни ҳал этишда тўғридан-тўғри давлат органлари билан мулоқотга киришиш имконини яратади.

Шу каби тадбирлар орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг амалиётдаги натижалари кенг жамоатчиликка етказилиши, ишончли ва шаффоф тизимни шакллантиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.