Унда судьялар, вилоят прокуратураси, солиқ, Мажбурий ижро бюроси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда суд тугатиш бошқарувчилари иштирок этишди.
Йиғилишда асосий эътибор тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорларга оид ишлар ижросининг чўзилиши ва бу жараёнда юзага келаётган муаммоларга қаратилди.
Маълумки, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунда қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги суд қарори, тугатиш жараёнини бошлаш учун асос сифатида белгиланган. Қонунга кўра, бу жараён 12 ой ичида якунланиши керак. Фақатгина айрим ҳолатларда, суд ёки ишда иштирок этувчи томонлар илтимосига биноан, бу муддат 3 ойгача узайтирилиши мумкин.
Афсуски, амалиётда ишларнинг белгиланган муддатларда якунланмаслиги ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай кечикишлар кўпинча суд бошқарувчилари тез-тез алмашиши, тажрибанинг етарли эмаслиги ёки масъулиятсизлик оқибатида юзага келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, иш юритиш самарадорлигига ва давлат ҳамда тадбиркорлик субъектлари манфаатларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу боис, йиғилишда муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш, идоралар ўртасида самарали ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ва ҳар бир ишга индивидуал ёндашувни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир якунида тўловга қобилиятсизлик ишларини чуқур таҳлил қилиш, муддати ортиқча чўзилаётган тугатиш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди.