Жиззах вилоят судларида “Китоб ўқиш соати” тадбири ўтказилди

Жиззах вилоят судлари биносида вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди судьялари ва суд аппарати ходимлари иштирокида “Китоб ўқиш соати” тадбири ташкил этилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2026 йил 30 январдаги “Судья ва суд аппарати ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва китоб ўқишга қизиқишини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.

Фармойишга мувофиқ, ҳар ойнинг охирги жума куни соат 17:00 дан 18:00 га қадар суд тизими ходимлари учун “Китоб ўқиш соати” жорий этилган. Ушбу ташаббус судьялар ва суд аппарати ходимларининг маънавий ва маърифий салоҳиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқий онги, фикрлаш кўникмалари ҳамда касбий тафаккурини янада юксалтиришга қаратилган.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан бадиий, илмий ва оммабоп адабиётлар мутолаа қилинди. Шунингдек, ўқилган асарлар бўйича фикр алмашинув ва мулоқотлар олиб борилди, бу эса ходимлар ўртасида китобхонлик маданиятини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий маърифий муҳитни ривожлантиришга хизмат қилади.

Суд тизимида “Китоб ўқиш соати”нинг мунтазам ташкил этилиши ходимлар ҳаётида илмий ва маънавий руҳни юксалтириш учун қўшимча имконият яратишга ёрдам беради.