Жиззах вилоят судлари томонидан Фориш туманида сайёр қабул ўтказилди.

Жиззах вилояти судлари мутасаддилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида Фориш туманида истиқомат қилувчи фуқаролар учун тумандаги Маданият маркази биносида сайёр қабул ташкил этилди. Тадбирда вилоят судлари томонидан жами 13 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Мурожаатларнинг 9 нафари фуқаролик, 3 нафари жиноят, 1 нафари маъмурий, судларга оид масалаларни ташкил этди. Шу мурожаатлардан 9 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 1 та ариза ўрганиш учун қабул қилинди, 3 та мурожаат эса жойида ижобий ҳал этилди.

Ўз муаммоси ечимини топган фуқаро Исомиддин Эшонқулов, суд қароридан кейин, юрагидаги миннатдорчиликни яшира олмади. Суднинг фуқарога кўрсатган адолатли муносабати уларга ўз ҳуқуқларини самарали ва тўғри ҳимоя қилишга имконият яратди.

Шу билан бирга, жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда 5 нафар маҳкум муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. Бу эса инсонпарварлик тамойилларига асосланган ҳолда қилинган адолатли қарор сифатида баҳоланди.

Шунингдек, Кадастр органлари томонидан белгиланган жарималарга оид 2 та мурожаат кўриб чиқилиб, жарималар камайтирилди. Хусусан, фуқаро Нори Мирзаевнинг 75 миллион сўмлик жаримани камайтириш тўғрисидаги илтимосномаси асосида суд қарор чиқариб, жазо миқдорини анча енгиллаштирди. Янги қарорга кўра, фақатгина 10 бараварлик базавий ҳисоблаш миқдорида жарима тайинланди.

Қолаверса, 2 нафар фуқаронинг «судланганликни олиб ташлаш» тўғрисидаги аризалари ҳам ўрганилиб, ижобий ҳал қилинди.

Бу каби сайёр қабуллар «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган ғоянинг амалий ифодасидир. Зеро, фуқароларнинг мурожаатларига тезкор ва адолатли ечимлар топиш, уларнинг ҳуқуқий муаммоларини ҳал қилиш ҳар бир давлат органининг асосий вазифасидир.