Конституция – бахтимиз қомуси
Йиллар ўтган сари асосий Қонунимиз ҳаётимиз ва тараққиётимиз учун аҳамияти қанчалик катта эканлигига, танлаган йўлимиз ниҳоятда тўғри эканлигига қайта-қайта ишонч ҳосил қиламиз.
Фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари, тинч-тотувликни таъминлашни асосий мақсадлардан бири деб эълон қилган Конституциямизнинг босиб ўтган даврига назар ташласак, шу қисқа вақт мобайнида мамлакатимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз.
Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши масалалари ҳам энг муҳим масалалардан ҳисобланиб, унинг барча тизими бир маромда фаолият юритиши учун зарур ҳуқуқий асосларни яратишда, давлат ўз олдига қўйган вазифаларни амалга оширишда ва кўзлаган мақсадларга эришишда қонунлар алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича ўтказилаётган ислоҳотлар ва демократизация жараёнлари албатта Конституцияда ўз ифодасини топиши табиий ҳол ҳисобланади.
Шу боис ҳам Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат бошқарувини янада демократиклаштириш, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тармоқлари, Ҳукумат ва жойлардаги давлат органлари зиммасига Конституция билан юклатилган ваколатларни амалга оширишдаги роли ва масъулиятини оширишни мақсад қилиб қўяди.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида туб аҳамиятга эга ислоҳотлар амалга оширилди. Судларнинг ихтисослашуви жорий этилди ва судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси барча соҳалар учун манба ҳисобланади. Буни энг аввало унда белгиланган йўналишлар бўйича – давлат қурилиши, иқтисодий, ижтимоий, маънавий ва халқаро соҳаларда қабул қилинган кўплаб қонунлар мисолида кўриш мумкин.
Жиноят ишлари бўйича
Зарафобод туман суди раиси
Ж. Салоҳиддинов






