Коррупцияга қарши кураш — барқарор тараққиётнинг муҳим шарти

Коррупция давлат ва жамият ривожига жиддий хавф солувчи, ижтимоий адолат тамойилларини издан чиқарувчи хавфли жиноят сифатида эътироф этилади. Унинг тарихи қадим замонларга бориб тақалса-да, бугунги кунда ҳам коррупция глобал муаммолар қаторида қолмоқда.

Жамият ҳаётида пораҳўрлик, тамагирлик ва бюрократиянинг мавжудлиги ислоҳотларнинг тўлақонли амалга ошишига салбий таъсир кўрсатади. Айрим ҳолларда коррупцион ҳолатлар оммавий ахборот воситалари орқали фош этилишига қарамасдан, ушбу иллатнинг илдизлари бутунлай йўқолиб кетмаётгани ташвишли ҳолат ҳисобланади.

Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, Япония, Хитой ва Сингапур каби давлатлар миллий қадриятлар, юксак маънавият, ватанпарварлик ва қонунга ҳурмат туйғусини шакллантириш орқали барқарор тараққиётга эришган. Бу тажриба коррупцияга қарши курашда маънавий омиллар нақадар муҳим эканини тасдиқлайди.

Шу нуқтаи назардан, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқий чоралар билан бир қаторда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ҳалоллик ва адолат тамойилларини ҳаёт тарзига айлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди раиси Ж.Салохиддинов