Коррупция — тараққиёт кушандаси ва хавфсизликка таҳдид

Коррупция ҳар қандай давлатнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий барқарорлигига жиддий таҳдид солувчи омиллардан бири ҳисобланади. Ушбу иллатнинг кўп асрлик тарихга эга эканига қарамасдан, унинг замонавий кўринишлари жамият учун янада хавфли тус олмоқда.

Коррупциянинг кенг тарқалиши давлат органлари фаолияти самарадорлигини пасайтиради, инвестиция муҳитини ёмонлаштиради ва аҳолининг қонунга бўлган ишончини сусайтиради. Натижада жамиятда адолатсизлик ҳисси кучайиб, ижтимоий тараққиёт секинлашади.

Шунингдек, коррупция демократик янгиланиш ва модернизация жараёнларига жиддий тўсиқ бўлиб, давлатнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияларига салбий таъсир кўрсатади. Бу эса уни хавфсизликка таҳдид солувчи жиноят сифатида баҳолашга асос бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасидаги вазифа бўлиб қолмасдан, жамиятнинг барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланиши лозим бўлган умуммиллий масаладир. Фақатгина умумий саъй-ҳаракатлар орқали ушбу иллатни чеклаш ва тараққиёт йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш мумкин.

Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди раиси Ж.Салохиддинов