МАНЗИЛ-КОЛОНИЯСИДА ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТИЛДИ

Жиззах шаҳридаги манзил-колониясида “Тикувчилик ўқув ишлаб чиқариш цехи” тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Нодавлат Нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиявий кўмагидаги, Нодавлат Нотижорат ташкилотларининг миллий ассоцацияси Жиззах вилояти бўлими, Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш департаменти 3-минтақавий ҳудуд 29-сонли манзил колонияси ҳамда Жиззах вилояти “Istiqlol аvlodi” ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази билан тузилган меморандумга асосан ҳамкорликдаги “Жиззах вилоятида жиноят содир этган ёшлар ва хотин кизлар билан ишлаш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

“Тикувчилик ўқув ишлаб чиқариш цехи” очилишида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шоира Фозилова, Халқ депутаталари вилоят Кенгаши котибият мудири Нодира Каримова, ЎзННТМА Жиззах вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Назифа Камалова, Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази лойиҳа координатори Тоҳир Умаров, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти 3-минтақавий ҳудуд раҳбари подполковник Обид Шерқулов, Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг судьяси Ирода Мухамедова, Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари майор Сайёра Холмирзаева, жамоат ташкилотлари вакиллари, журналист ва блогерлар, шунингдек колонияда жазони ўтаётган маҳкум ва маҳкумалар иштирок этишди.

Мазкур лойиҳа доирасида Колонияда озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш учун, касбга ўргатадиган “Тикувчилик ўқув ишлаб чиқариш цехи” ташкил килиниб, мазкур цехда лойиҳа бюджети ҳисобидан 10 та, колониянинг ўз манбалари ҳисобидан 20 ва вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳисобидан 2 та жами 32 дона тикув машинкалари ўрнатилган.

Бунинг натижасида колониядаги жазони ўтаётган маҳкум ва маҳкумалар жазони ўтаб бўлгандан сўнг ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиш имконига эга бўлишади-дейди судья Ирода Мухамедова.

Ижтимоий ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилган “Тикувчилик ўқув ишлаб чиқариш цехи”да 40 нафар маҳкум ва маҳкумалар учун иш ўринлари ташкил этилган бўлиб, бу ўз навбатида уларнинг касб-ҳунарга ўрганишлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Тадбир мазмунли ўтди, ҳудуддаги ҳолат, маҳкум ва маҳкумалар учун яратилган шароитлар таклиф этилганларда ижобий таассуротлар қолдирди. Зеро, инсон қадрини улуғлаш-инсонпарварлик тамойилларидан биридир.