МУАЙЯН ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН ШАХСНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗИГА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИГА ЎЗГАРТИШ КИРИТИЛДИ
Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни қабул қилинди.
Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтказиш ҳамда тегишли ишларни кўриб чиқишни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказиш белгиланди.
Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланганда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилгандан этиборан 48 соатда уни реабилитация марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.
Илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судя томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.
Салим БОТИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Фориш туман судининг раиси