Оилавий ажримларнинг олдини олиш энг муҳим вазифалардан биридир

Жиззах вилояти судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонунига асосан, фуқаровий-ҳуқуқий, шу жумладан оилавий ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низоларга нисбатан медиация келишувини қўллаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди биносида “Медиация” хонаси ва суд мажлисига келган томонлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун “Она ва бола” хонаси ташкил қилинган.

Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир.

Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди томонидан 10 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишлари бўйича тарафлар яраштирилган. Бу эса ўз навбатида,  17 нафар вояга етмаган фарзандларнинг ўз ота-онаси бағрида улғайиб, меҳрга зор бўлмаслигига, шунингдек эр-хотин ўртасидаги бошқа турдаги оилавий низоларни ҳамда улар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли ноҳуш оқибатларнинг олди олинишига эришилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан оилаларни яраштиришда медиатор, оила ва хотин-қизлар бўлими масъул ходими, психолог, имом хатиб ва бошқалар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 9 ойи давомида болалар низоси ва бошқа тоифа билан боғлиқ кўрилган ишларда, судга ташриф буюрувчи шахсларнинг  
50 нафардан ортиқ болалари суд мажлиси тугашига қадар “Она ва бола” кутиш хонасида хавфсиз шароитда бўлиб турган.