Олди-сотди ва гаров шартномалари тузиш шартлари

Айтиш керакки, олди-сотди шартномаси фуқаролик ҳуқуқининг асосий институтларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида олди-сотди шартномаси тўғрисида тушунчага эга бўлиш, унинг хусусиятларини ўрганиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлар учун ҳам, адвокатлар, юридик хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи шахслар ва тадбиркорлар учун ҳам бирдек зарур.

Эндиликда олди-сотди шартномасининг мавзуи мулкчиликнинг турли шаклига мансуб бўлган мол-мулкдан, ашёлардан (масалан, ишлаб чиқариш воситалари, кўчар ва кўчмас мол-мулклар, истеъмол хусусиятига эга бўлган ва бўлмаган ашёлар) ҳамда уни тузишда қатнашувчи тарафлар, яъни фуқаролардан ҳам, юридик шахслардан ҳам иборат бўлиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 386-моддасига кўра, олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчига) мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса, бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси тўлаш мажбуриятини олади.

Олди-сотди шартномаси бўйича товарга бўлган эгалик ҳуқуқи ўзгармай қолиши ҳам мумкин. Сотувчи ва сотиб олувчи хусусий мулк ҳуқуқининг ёки турли шаклдаги, яъни хусусий ва оммавий мулк ҳуқуқининг субъектларидан бўлса, сотилган товарга нисбатан эгалик ҳуқуқи ўзгаради, у сотувчидан сотиб олувчининг ихтиёрига ўтади. Агар сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлмаса ва ўз фаолиятини ўзига бириктириб қўйилган оммавий давлат мулки асосида амалга оширса, олди-сотди шартномаси бўйича сотилган товарга нисбатан хўжалик юритиш ва оператив бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.

Олди-сотди шартномаси мустақил шартнома сифатида айрим тоифадаги турдош (чакана олди-сотди, маҳсулот, товарлар етказиб бериш тўғрисидаги давлат контракти, энергия таъминоти, кўчмас мулкни, корхонани сотиш) шартномалардан ташкил топади. Турдош шартномалар ўз иқтисодий мазмунига кўра, олди-сотди шартномасидан иборат.

Айтиш керакки, олди-сотди шартномаси тузилганда унинг тарафлари ўртасида муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар пайдо бўлади. Уларни бажармаслик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундай оқибатларнинг юз бермаслиги, авваламбор, сотувчининг ўз мажбуриятларини лозим даражада бажаришига боғлиқ. Шундай экан, сотувчи шартнома бўйича келишилган товарни сотиб олувчига ўз вақтида ва камчиликларсиз топшириши мақсадга мувофиқ.

 

Акрам Шукуров,

Жиззах вилоят суди раиси