Сайлов қонунчилигидаги янгиликлардан хабардор бўлинг

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 2024 йил 27 октябрда ўтказилади. Марказий сайлов комиссияси сайлов компанияси 2024 йил 26 июлидан бошланишини эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 2024 йил 27 октябрда ўтказилади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Комиссия сайлов компанияси 2024 йил 26 июлидан бошланишини маълум қилди, шунингдек, календар режа тасдиқланди.

Сайловлар биринчи марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади. Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.

Сиёсий партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи март ойида Ўзбекистон президенти томонидан депутатлар билан учрашувда илгари сурилган эди. Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдумдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни мажоритар-пропорционал сайлов тизимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бунгача Ўзбекистонда парламент сайловлари мажоритар тизим бўйича ўтказилиб, унда ўз сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган деб ҳисобланарди.

Таъкидлаш жоизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Жиноят кодексида сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Буни сайловчиларимиз яхши билишлари лозим.

 Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-2 – 51-9 – моддаларида сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ўз аксини топган.

Масалан, кодекснинг 51-2-моддасига асосан Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Кодекснинг 51-3-моддасига мувофиқ эса Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг қарорларини ижро этмаслик, ушбу комиссияларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш ёки кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима билан жазоланади.

Яна бир ҳуқуқбузарлик – номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузганлик учун кодекснинг 51-4-моддасида маъмурий жавобгарлик чоралари қайд этилган. Яъни бундай ҳолат мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдордаги жарима жазосини юзага келтиради.

Шунингдек, кодекснинг 51-4 – 51-9 – моддаларига кўра, сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш, сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш, айни жараёнда ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш, биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш, сайловни молиялаштириш тартибини бузиш ҳамда жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, шунингдек сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш учун маъмурий жарима жазолари қўлланилади.

Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, бундай қилмиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Бегзод Казаков,

Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг раиси