СПОРТНИ СЕВ, СПОРТ БИЛАН ЯША

Президентимиз раислигида спортни оммалаштириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича ўтказилган йиғилишда сўнгги беш йилда соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан, охирги беш йилликда 118 та янги йирик спорт объектлари фойдаланишга топширилгани ва 110 та объект реконструкцияси ҳамда соҳа ривожи учун қарийб 4 триллион сўм йўналтирилди.

Жорий йилда мазкур миқдор бирмунча ошган, яъни 2017 йилга нисбатан спорт соҳасига ажратилган маблағ 5 бараварга кўп бўлиб, 2 триллион 300 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Шундан спорт таълим муассасалари учун 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилди.

Мамлакатни ҳеч бир нарса спортчалик дунёга тез танита олмайди. Бу гапнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб берди. Узоққа бормайлик. Бир йил аввал спортчиларимизнинг Токио-2020 олимпиадасида эришган тарихий ғалабаларини эслашнинг ўз кифоя.

Шу ўринда айтиш лозимки, Жиззах политехника институтида ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар, ходимлар орасида ҳам спорт мусобақалари мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда. Чунончи, спортнинг футбол тури бўйича “Декан кубоги”, “Ректор кубоги” беллашувлари уюштириб борилаётганлигини сўзимизнинг исботи сифатида келтириш жоиз.

Маҳаллаларда уюшмаган ёшларни қамраб олиш бугун долзарб вазифалардан бири саналади. Айниқса, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш учун яратилаётган имкониятларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди. Шунингдек, маҳаллаларда ёшлар етакчилари, ҳудудлардаги таълим масканларининг жисмоний тарбия ўқитувчилари ҳамда тренерлари бошчилигида спорт беллашувларини ташкил этиш борасида ҳам сезиларли ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, мазкур йўналишдаги апрель-май ойларида ташкил этилган мусобақаларга 3 миллиондан зиёд ёшлар қамраб олинганлиги таҳсинга сазовордир. Бироқ, Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Лекин, спортдаги натижалар яратилган шароитларга ҳали мос эмас”.

Шуни алоҳида айтиш лозимки, талабаларимиз орасида ҳам ушбу соҳада юксак марраларни эгаллаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Айниқса, март ойида Сервис факультети талабаси Мухлиса Эшмирзаеванинг ғалабаси барчамизни қувонтирди. Таиланднинг Паттайя шаҳрида бўлиб ўтган параканое бўйича Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, Осиё чемпиони номига сазовор бўлди. Демак, олий ўқув юртимизда ташкил этилаётган спорт мусобақалари ушбу ютуқларнинг дебочаси бўлмоқда десак муболаға бўлмас.

Шунингдек, вилоятимиздаги олий ўқув юртлари ўртасида талабаларимиз Students Cup мусобақасида ҳам ғолибликни қўлга киритганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Эндиликда улар мусобақанинг республика босқичида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритади деган умиддамиз.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган этибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади. Демак, ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, юксак марраларни кўзлаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш бизнинг асосий вазифамиз бўлмоғи лозим.

 

Алишер УСМАНКУЛОВ,
Жиззах политехника институти ректори, техника фанлари доктори, профессор