Суд тизимидаги ислоҳотлар

Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хоҳ у ижтимоий-иқтисодий, хоҳ маданий-маънавий ёки суд-ҳуқуқ, улардан кўзланган олий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфатлари бузилишининг олдини олиш, лўнда қилиб айтганда бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган бўлади.

Ўтган қисқа даврда Ўзбекистонда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Унда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида кўрилган комплекс чора-тадбирлар том маънода суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Хусусан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланди. Ягона суд амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш мақсадида давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган шикоятларни, яъни оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишга ваколатли маъмурий судлар ташкил этилди.

Судлар тузилмаси ҳам замон талабларига мос равишда такомиллаштирилиб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди.

Инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида процессуал қонунчиликка иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестиция шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ва рақобатга оид ишларнинг судловга тааллуқлилигига оид нормалар киритилиб, йирик инвесторларга тааллуқли низолар ва рақобатга оид ишлар, тарафларнинг хоҳишига кўра, Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши мумкинлигига оид тартиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

Судьялик лавозимларига номзодларни саралаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари, яъни судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилиши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш мақсадида “Хабеас корпус” институти кенгайтирилиб, тергов устидан суд назорати янада кучайтирилди. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтириш учун санкция бериш ваколатининг судларга ўтказилиши бу борадаги дастлабки қадамлар бўлган бўлса, кейинги йилларда бу ислоҳотлар янада жадаллашди.

Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш, мурдани эксгумация қилиш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш учун санкция бериш ҳуқуқи ҳам прокурорлардан судларга ўтказилди. Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этган тақдирда бошқа муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди.

Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини ошириш мақсадида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди.

Энг муҳими, суд ишларини юритишда янги институтлар жорий қилинди, мавжудлари такомиллаштирилди. Жумладан, жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилиб, у суд жараёнининг барча босқичларида қўлланадиган бўлди. Жиноят иши бўйича — дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда — судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди.

Шунингдек, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш борасида салмоқли ишлар қилинди.

Масалан, жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати
72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди.

Шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиниб, бундай қилмишлар учун жавобгарлик кучайтирилди.

Далилларни сохталаштирганлик (қалбакилаштирганлик) учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, қонунга хилоф усуллар орқали олинган далиллардан, шу жумладан номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланиш таъқиқланди.

Бундан ташқари, фуқароларнинг жиноят процессига ортиқча жалб қилинишини камайтириш, мураккаб бўлмаган ишлар бўйича иш юритишни қисқартириш мақсадида ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан билдирилган илтимосномага асосан жиноят ишини юритишни назорат қилувчи прокурор билан тузиладиган айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув институти киритилди.

 

Акрам Шукуров,

Жиззах вилоят суди раиси