Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг суд ҳокимияти мустақиллиги, холислиги ва профессионализмини ошириш, уларга ҳар қандай ноқонуний таъсирларни чеклаш бўйича ташаббуслари одил судлов сифатини сезиларли даражада яхшилади.

Биргина оқлов ҳукмларини бу борадаги энг яхши мисол бўла олади. Хусусан, 2017 йилгача бўлган 26 йиллик даврда атиги 100 тадан ортиқ оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, ундан кейинги 8 йил ичида эса бу кўрсаткич 6 700 тани ташкил этди. Оқлов ҳукмлари чиқарилиши салкам 50 бараварга кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

Жиззах вилоят судлари мисолида айтадиган бўлсак, биргина 2024 йилда иқтисодий судлар томонидан 2.255 нафар тадбиркорларни фойдасига 523 млр. сўмдан ортиқ маблағлар ундирилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тиклаб берилди.

Шунингдек, маъмурий судларнинг ташкил этилгани ҳамда жорий йилда тергов судьялари ўз иш фаолиятини бошлаганлиги, суд тизими рақамлаштирилганлиги ҳам минглаб фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ-манфаатларини тиклашга, уларнинг оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда судьялар мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари, одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга ҳамда коррупцияни олдини олиш чораларига доимий эътибор қаратиб келинаётганлиги жамиятда қонунийлик ва адолатни таъминлашда асосий мезон ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашининг коррупцияни олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишида таъкидлаганидек, ислоҳотларга энг катта тўсиқ ва ғов – бу Коррупциядир.

Барча соҳалар каби суд тизимида ҳам улкан ислоҳотлар даври кетмоқда экан, шундай даврда биз судьялар ҳам коррупцияга муросасиз бўлишимиш, нафақат ўз фаолиятимизда, балки бутун бир жамиятда коррупцияга қарши курашишда ҳамда унинг олдини олишда катта масъулиятни зиммамизга олишимиз зарур бўлади.

Шунингдек, Президентимиз суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида эканлигини, судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш деб баҳоланишини таъкидлаганликлари биз судьяларга катта масъулиятни юклайди.

Юқоридаги йиғилишда Давлат раҳбари барча соҳаларда коррупцияга қарши кураш бўйича вазифаларни ва уларни ҳал этиш йўлларини ҳам аниқ белгилаб берди.

Жиззах вилоятида ҳам бу топшириқларни сўзсиз бажариш учун амалий ишларни бошлаганмиз. Хусусан коррупцион жиноятлар келиб чиқишининг туб сабаб ва омилларни аниқлаш учун чуқур таҳлилга асосланган умумлаштириш ўтказмоқдамиз. Умумлаштиришни вилоят суди раёсатида муҳокама этган ҳолда, коррупцион ҳолатлар юз берган соҳаларда судьялар билан биргаликда профилактик нуқтаи назардан семинарларни ўтказишни ҳамда Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳудудий кенгашга тегишли ахборотларни киритиб боришни режалаштириб олдик. Қисқа қилиб айтганда, биз судьялар ҳам жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши манзилли курашиш борасида қўл қовуштириб ўтиришга ҳаққимиз йўқ.
                                                                                                          Жиззах вилоят суди раиси
                                                                                                          А.Шукуров