Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Жиззах вилоятида судьялар ва уларнинг оила-аъзолари билан учрашув ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотлар, судьяларнинг хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмасликлари, улар одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя қилишлари, одил судловнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари лозимлиги таъкидланди.

Бу борада Президентимиз томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупцион омилларни бартараф этишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинганлиги, жорий йилнинг 5 март куни ҳурматли юртбошимиз раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидан кейин Олий суд раиси Б. Исломовнинг судьялар ва суд ходимларига йўллаган мурожааатида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш кераклигини таъкидлаганлари ҳам суд тизимида коррупцияга мутлақо ўрин йўқлиги, унга қарши барча бирдек ягона куч бўлиб ҳаракат қилиши кераклиги қайд этилди.

Тадбирда вилоят суди фахрийлар кенгаши раиси Митанбой Равшанов сўзга чиқиб, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судьялар учун етарли имкониятлар, ижтимоий кафолатлар яратилганлиги, уларнинг коррупция, тамагирлик каби иллатларга қўл урмаслиги, бунинг учун эса, энг аввало, судьялар оила-аъзоларининг ўрни муҳимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда вилоят судининг судьяси Қахрамон Холмуродов ҳам сўзга чиқиб, судьялар хизмат фаолиятларида коррупцияга йўл қўймасликлари, унинг аянчли оқибатларидан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишлари кераклиги таъкидланди.