Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бузиш тўғрисида

Қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим, аммо иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкин. Бу ҳолда иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган шахс иморат қурган шахснинг харажатларини суд белгилаган миқдорда қоплайди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг юридик ва жисмоний шахсларнинг ерга оид ҳуқуқларини бузувчи маъмурий ҳужжатлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган ариза (шикоят)лар, шунингдек, ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талаблар маъмурий судларга тааллуқли.

ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва қайта сотиб олиш билан боғлиқ низолар бўйича компенсация ундириш;

сервитутни белгилаш ёки бекор қилиш, сервитут юзасидан ҳақ ундириш;

бир нечта шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасидан фойдаланиш тартибини белгилаш, уни бўлиш;

ер участкасига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқ бузилишларни бартараф этиш;

ер участкасини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш, ер участкасидан мажбурий тартибда чиқариш;

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини қайтариш ва фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш;

Ер кодексининг 36-моддасида назарда тутилган ҳолларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тугатиш;

Ер кодексининг 86, 87-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарни ундириш;

ер участкаларининг ижара шартномаси билан боғлиқ низолар ва бошқалар фуқаролик ишлари бўйича ёки иқтисодий судлар томонидан кўрилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб турган ер участкаларини қайтариш ва ундаги қурилмани буздириш тўғрисидаги ишларда келишув битими ёки медиатив келишув тузишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, судлар бу тоифадаги ишларни кўришда давлат ҳокимияти органининг даъводан воз кечиши қонунчилик ҳужжатларига зид келмаслигини аниқлашлари лозим.

Ер кодексининг 91 прим 1-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди, шунга кўра судлар уларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ёки мансабдор шахсларга бундай мажбурият юклашга ҳақли эмас.

 

Алишер Пулатов,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди судьяси