Ғаллаорол ва Бахмал туманларида Жиззах вилояти судлари раислари ва ўринбосарлари иштирокида суд-ҳуқуқ масалаларига доир сайёр қабул ташкил этилди

Ғаллаорол туман ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар учун туманнинг Маданият маркази биносида оммавий сайёр қабул ташкил этилди.

Унда турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 22 нафар нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Уларнинг 7 нафари фуқаролик, 11 нафари жиноят, 2 нафардан иқтисодий ва маъмурий судларга оид масалалар ташкил қилди. Шу мурожаатларнинг 10 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 12 таси жойида ижобий ҳал этилди.

Қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судининг сайёр мажлисида 9 нафар шахсларга оид маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, 2 нафар маҳкумлар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг сайёр суд мажлисида 5 нафар фуқароларнинг фарзандлари вояга етгунга қадар алимент ундириш ҳақидаги аризалари ҳамда 1 нафар фуқаронинг юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилди.

Жумладан, фуқаро Нуриддин Шералиевнинг юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш ҳақидаги аризаси сайёр суд тартибида кўриб чиқилиб, унинг 2002 йилдан 2011 йилгача “Маржонбулоқ” олтин конида зарарли иш ўрнида ишлаганлик факти белгиланди.

Куннинг иккинчи ярмида эса Бахмал туман ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар учун тумандаги ихтисослаштирилган мактаб биносида оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Унда 25 нафар фуқаролар қабул қилиниб, 17 нафар фуқароларнинг мурожаати ижобий ҳал этилган бўлса, 8 нафар фуқароларга тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг сайёр мажлиси ўтказилиб, унда 15 нафар шахсларга оид маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, 4 нафар маҳкумлар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Жумладан, фуқаро Неъмат Қўчқоровнинг унга нисбатан Солиқ органи томонидан қўлланилган 3.400.000 сўмлик жарима жазосининг миқдорини камайтириш ҳақидаги илтимосномаси сайёр суд тартибида кўриб чиқилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
33-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазо тайинланди.