ОИЛА ЖАМИЯТНИНГ АСОСИЙ БЎҒИНИДИР

Никоҳ томонларнинг  ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади.

Жамиятимизда оилаларнинг ўзаро ажрашиб кетиши  жиддий муаммолардан бирига айланаётганлиги кўп марта таъкидланмоқда. Аслида оила нима, унинг жамиятдаги роли қандай бу масала асрлар давомида ўрганилиб, жавоб беришга харакат қилинган саволлардан бири ҳисоланади.

Юридик энциклопедияда берилган тарифга кўра оила-бу, эр-хотин, ота-оналар, фарзандлар, фарзандликка олинган шахсларнинг ўзаро хурмат, ғамхўрлик, ҳамжиҳатлиги асосида жамоа бўлиб яшовчи шахслар иттифоқидир. (Тошкент, “Адолат” 2010 йил).

Юқоридаги тарифнинг ўзиёқ оиланинг жамият ҳаётидаги роли нечоғлик эканлигини исботлайди. Оиланинг ибтидоси икки ёш (йигит ва қиз)нинг никоҳга киришишидан бошланса, интихоси тарафлардан бирининг вафоти ёки никоҳдан ажрашиши билан бўлади.

Оиладаги муносабатларга, ҳар бир оила аъзоларининг ўзаро ҳуқуқ ва бурчларига етарли даражада этибор берилмаслиги аста-секинлик билан оилавий муносабатларнинг зарарланиши, охир оқибатда нураб нотинч оилаларнинг вужудга келишига  сабаб бўлади.

Оилаларнинг бузилишига олиб келадига асосий сабаблардан бири, тарафларнинг ўзаро характерлари бир-бирига тўғри келмаслиги ҳисобланиб, мазкур холат тарафларнинг бир-бирини яхши билмасдан, танимасдан, кимларнингдир аралашуви ёки тавсияси асида турмуш қуришлари оқибатида вужудга келади. Ёки хар икки тараф бир-бирини яхши таниса-да, ота-оналарнинг қариндошлик муносабатлари ёки ўзаро яқинликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ истакларини амалга ошириш учун фарзандларига таъсир ўтказишлари оқибатида никоҳ тузилади. Ҳар иккала холатда ҳам оилавий муносабатларнинг мустахкам бўлмаган асосларга қурилганлиги, кейинчалик оиланинг бузилиб кетиши эҳтимолини оширади. Амалиётда учраган ҳолатлардан бирида, йигит ва қиз оналарининг яқин дугона эканликлари, уларнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлаш истаклари таъсирида оила қурган. Йигит шарқ маданияти таъсири кучли муҳитда, қиз эса ғарб маданияти таъсири кучли бўлган оилада тарбияланган, оилани сақлаб қолиш учун қилинган ҳаракатларга қарамасдан, тарафларнинг ҳарактерлари ва дунёқарашлари бир-бирига мос бўлмаганлиги сабабли оилани тиклаш имкони бўлмаган. Натижада, бир нафар норасида боланинг тўлиқ бўлмаган оилада тарбияланишига, унинг ота-она меҳридан етарлича баҳраманд бўлмаслигига олиб келган.

Оилага учинчи шахсларнинг аралашуви масласи ҳам ҳозирги кунда оилани мустаҳкамлаш йўлидаги жиддий  муаммолардан бири ҳисобланади. Аксар ҳолатларда ёш келин ёки куёвлар бир-бирларини яхши кўришларини лекин, ота-онаси билан чиқиша олмаётганликларини, ёки қудаларнинг ўзаро келиша олмасдан қолганликларини сабаб қилиб  никоҳдан ажратишни талаб қилишади. Янги оила шаклланиши унинг ҳаётда ўз ўрнини топиб олишигача бўлган жараёнда, нафақат келин-куёвлар балки уларнинг ота-оналаридан ҳам сабрли бўлиш талаб этилади. Хар бир ота-она (қайнота-қайнона), келини (куёви)га муносабатда ўзларининг ҳам фарзандлари келин (куёв), эканлигини, хар бир ёш ўзининг ҳам ота-онасига кимдир келин (куёв) эканлигини ёдда тутган ҳолда ўзаро муносабатда бўлсалар ҳаммаси ўз изига тушиб кетган бўлар эди.

Юқоридаги каби сабаблар билан оилаларнинг бузилишини олдини олиш мақсадида жойлардаги ўзини-ўзи бошқариш органларидаги тузилган комиссиялар фаолиятини янада жонлантириш, хар бир оилага шунчаки эмас, менинг маҳаллам, менинг оилам деб қараш мақсадга мувофиқ бўлади.

Шерзод Таджиев,
Фарғона вилоят суди судьяси

УЙ-ЖОЙ ҲАМДА ЙЎЛ МОЖАРОСИГА БАРҲАМ БЕРИЛДИ

Халқимиз азал-азалдан қариндошлар ўртасидаги меҳр-оқибат, aҳил-иноқлик ва тинчлик-тотувлик каби олийжаноб фазилатларни улуғлаб келган. Бундай юксак инсоний туйғулар қон-қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, жамиятда мўътадил муҳитни яратади.

Бироқ, ҳаётда мулк, уй-жой талашиб, етти ёт бегонага айланаётган оға-инилар, опа-сингиллар, қўни-қўшнилар ҳам учраб турадики, бу ҳолатлар ҳар бир кишини беихтиёр ўйлантириб қўяди.

Фарғона тумани, “Тўқай” МФЙ, Б.Марғилоний кўчаси 99А-уй ҳамда 99Г-уй ўртасидаги энига 3.61 метр бўлган йўлакдан пиёда ва транспортда кириб-чиқиши учун йўлак мавжуд бўлган.

Мазкур йўлакга М.Мамажанов (исм шарифлар ўзгартирилган) ҳоким қарори ва тегишли ташкилотларнинг рухсати билан икки қаватли иморат қурган. Бу эса ўз навбатида, йўлакдан фойдаланиб келган  қўшниси ҳисобланган 99-А уйнинг эгаси бўлган Ш.Рахматов (исм шарифлар ўзгартирилган) ва унинг оила аъзоларига уйларига кириб-чиқишлари тўсиқ бўлган ва икки ўртада низо келиб чиққан.

Мазкур низо икки тараф ҳам тадбиркор бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятларига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаган.

Қўшнилар мазкур низони ўзаро тинч йўл билан ҳал этолмаганлиги сабабли фуқаро Ш.Рахматов ва унинг оила аъзолари қурилган иморатларни буздириш ва йўлакдан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, даъвогар Ш.Рахматовнинг Фарғона тумани, “Тўқай” МФЙ, Б.Марғилоний кўчаси 99А-уй ҳамда 99Г-уй ўртасидаги энига 3.61 метр бўлган йўлакдан пиёда ва транспортда кириб-чиқиши учун сервитут ҳуқуқи белгиланган.

Аммо, тарафлар ўртасида мазкур низога суднинг ҳал қилув қарори барҳам бера олмади.

Иш бўйича жавобгар суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят келтириб, суднинг ҳал қилув қароридан норози эканлиги ва низога барҳам берилмаганлигини кўрсатган.

Мазкур апелляция шикоят Фарғона вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция инстанциясида кўриш давомида тарафлар ўртасида давом этиб келаётган низога барҳам берилди.

Апелляция инстанцияси томонидан тарафларни яраштириш бўйича олиб борган тушунтиришлари натижасида, қўшнилар ўзаро келиштирилди, улар тақдим этган келишув битими суд томонидан тасдиқланиб, фуқаролик иши иш юритишдан тугатилди.

Судларда ишларни кўришда асосий эътибор низоларни тарафлар ўртасида яраштириш, келиштиришга аҳамият қаратиб келингани натижасида судларда узоқ йиллардан буён ўз етичини топмаётган, турли инстанцияларда кўрилиб охирига етмаётган низолар хусусан юқоридаги сингари ўз ечимини топмоқда.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар қандай оқил киши инсонийлик бурчини биринчи галдаги вазифа деб билади, аҳиллик ва муроса интилади, зеро, ахиллик ва муроса бор жойда ҳеч қандай низога ўрин қолмайди.

Тарафлар ўртасидаги низоларни келиштириш орқали ҳал қилиш, айниқса қўни-қўшни ўртасида вужудга келган низоларни кўрилиши жамиятимизда эскитдан мавжуд бўлган ва ота-боболаримиздан мерос бўлиб ўтиб келаётган қўни-қўшничилик ришталарини сақланиб қолишга, икки тарафнинг ҳам манфаатли натижага эришишига хизмат қилади.

Фозилжон Хатамқулов,
Фарғона вилоят суди судьяси

Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир

Бугунги кунда, бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган бу иллат азалдан жамият ва давлат равнақига зимдан тўсқинлик қилиб келаётган энг жирканч омиллардан бири саналади.

Қоррупция бу ниҳоятда ижтимоий – сиёсий вайронкор куч бўлиб, унинг оқибатида иқтисодий ривожланишга путур етади, ижтимоий тенгсизликни чуқурлаштириб, халқнинг давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимят идораларига бўлган ишончини сўндириб, жамиятнинг иқтисодий негизларини емирибгина қолмасдан, маънавий қашшоқликка етаклайди.

Инсоният азал азалдан бу иллатга қарши курашиб келади.

Коррупция қарши курашиш борасидаги фаолиятнинг асосий йўналишларидан бири бу барча давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, улар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкоралигидадир. Фаолиятнинг очиқ бўлиши давлат идорларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди, фаолият устидан жамоатчилик назорат ўрнатилганлиги эса бу борадаги ишларнинг самарадорлигини оширишнинг асосий омили ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупция қарши курашиш соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупция қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди, 2020 йил 29 июнда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Фармон билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, унинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимизда коррупция қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янги босқичга кўтарди. “Ҳалоллик ваксинаси” тушунчаси пайдо бўлди.

Мамлакат тақдири, унинг тараққиёти, фаровон келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон бу иллатга қарши курашга бел боғлаши лозимдир, бу эса ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

 

Шавкат Шамшиев,
Жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг раиси

ЖИЗЗАХДА ЕРНИ ЎЗБОШИМЧА ЭГАЛЛАШ САРҲИСОБИ БОШЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2021 йил 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд раисининг 2021 йил 27 декабрь куни 40-сонли фармойиши қабул қилинган.

Уларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича тайёрланган саволнома бўйича иш олиб бориб, Жиззах вилояти бўйича турар ва нотурар жойларнинг рўйхати шакллантирилди.

Шакллантирилган рўйхат бўйича мулк объектларининг кадастр ҳужжатлари маълумотлар базасига киритилмаган сони аниқланди.

Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида” 2018 йил 20 апрелдаги пф-5421-сон фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 461-Қарорига асосан мурожаат этилиб, комиссия томонидан ижобий ҳал этилган.

Ушбу ва бошқа муаммоларни батафсил ўрганиш, натижаларини умумлаштириб, уларнинг қонуний ечимларини топиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма-тавсиялар берилди.

 

Жиззах вилоят суди Ахборот хизмати

Skip to content